Жамият | 19:30 / 07.11.2025
3241
11 дақиқада ўқилади

Сунъий интеллектли аппаратдан премиум палаталаргача: Шаҳрисабздаги “Оқсарой” клиникаси қандай имкониятларга эга?

Мазкур тиббиёт марказида бир кунда 25 тагача жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин. 4 та юқори технологияли операцион блок ва 6 та реанимация бўлими мавжуд. Клиникага ҳозирча Ўзбекистонда ягона бўлган сунъий интеллектли ултратовуш аппарати олиб келинган. 10 нафарга яқин хорижлик шифокор доимий фаолият учун жалб этилган. Kun.uz мухбири шифохонада бўлиб, операция жараёнлари, лаборатория ва стерилизация зоналари, беморлар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қашқадарёнинг тарихий Шаҳрисабз шаҳри энди фақат меъморий обидалари билан эмас, замонавий тиббиёт инфратузилмаси билан ҳам эътибор марказида. Ушбу ҳудудда 2025 йил баҳорида иш бошлаган “Оқсарой” кардио-тиббиёт маркази юрак-қон томир касалликларини замонавий даражада ташхислаш ва даволаш имкониятини яратмоқда. Марказ хорижий инвестор – россиялик ҳамкорлар кўмаги билан 10 миллион доллар эвазига барпо этилган бўлиб, тиббиёт соҳасида минтақа учун янги модел сифатида кўрилмоқда.

Бир кунда 25 та операция

Клиникада тўртта замонавий жарроҳлик хонаси ва олтита юқори даражадаги реанимация бўлими фаолият кўрсатади. Операция блоклари халқаро стандартлар асосида лойиҳаланган: уларда оддий юрак жарроҳлигидан тортиб, энг мураккаб, юқори аниқлик талаб қилувчи амалиётларни ҳам бажариш мумкин.

Хоналар катетиризация лабораторияси, ангиография тизими, 3D-навигация ускуналари, интраоперацион ултратовуш, шунингдек, юракни маълум муддат давомида сунъий ишлатиб турувчи кардиопулмонар аппаратлар билан жиҳозланган. Бу жарроҳга юракни вақтинчалик тўхтатиб, мураккаб реконструктив операцияларни хавфсиз бажариш имконини беради.

“Жарроҳлик бўлими шароитлари пойтахтдаги йирик марказлар даражасига тенг. Ушбу жиҳат Шаҳрисабз ва бутун Қашқадарё вилояти аҳолиси учун юқори технологик юрак операцияларини Тошкентга бормасдан ўтказиш имконини яратади. Клиникада бир кунда 25 тагача жарроҳлик амалиётини бажариш мумкин. Бунинг учун барча керакли жиҳозлар, тиббий асбоб-ускуналар ва малакали мутахассислар етарли. Бизда энг муҳим тамойил — хавфсизлик ҳамда аниқлик. Ҳар бир бемор учун операцияга индивидуал тайёргарлик алгоритми мавжуд ва техника бизга муолажаларни назорат остида бажариш имконини беради”, – дейди кардиолог Олим Абдуллаев.

Шифокорнинг таъкидлашича, клиникада қуйидаги турдаги жарроҳлик амалиётлари бажарилади:

§ Стентлаш;

§ Аорта-коронар шунтлаш;

§ Туғма юрак нуқсонларини бартараф этиш;

§ Эндопротезлаш ва бошқа юқори технологик муолажалар.

Бундан ташқари, юрак клапанларини алмаштириш, аритмологик амалиётлар, қон томирларни протезлаш, минимал инвазив кардиожарроҳлик операциялари ўтказиш имкони мавжуд:

§ Балон ангиопластика (қон томирлар торайишини кенгайтириш);

§ Коронар ангиография (юрак томирларини кўриш ва баҳолаш);

§ Катетер асосидаги муолажалар (кесмасиз, ингичка найчалар орқали);

§ Электрофизиологик тадқиқот ва аритмияни аблация қилиш (йўқ қилиш, куйдириш ёки нейтраллаштириш жараёни;

§ Сунъий юрак ритм генератори (стент/ИCД/CРТ) ўрнатиш шулар жумласидандир,

Мутахассисга кўра, буларнинг барчаси юрак касалликларини тез, аниқ ва минимал инвазив усуллар билан даволашга ёрдам беради.

Ўзбекистонда ягона сунъий интеллектли ултратовуш аппарати

“Оқсарой” кардиология марказининг энг муҳим янгиликларидан бири – сунъий интеллектга эга экокардиография (юрак УТТ) аппарати. Ҳозирча бу каби технология Ўзбекистонда ягона ҳисобланади. Оддий УТТ фақат тасвир кўрсатиб берса, мазкур аппарат шифокорга юрак фаолиятини чуқур таҳлил қилишда кўмаклашади.

“Сунъий интеллект юрак деворлари, клапанлари, қон оқими ва юрак бўлимларининг ўлчамларини аниқ ҳисоблайди. Ушбу жиҳат инсон кўзи сезмайдиган нозик ўзгаришларни ҳам эрта босқичда аниқлаш имконини беради. Масалан, юрак мушаклари кучсизлана бошлаган ёки клапанда кичик нуқсон бўлса, аппарат дарров бу масалага эътибор қаратади. Оддий айтганда, сунъий интеллект бемор юрагини “микроскоп остида” кўргандек таҳлил қилади. Натижада диагностика тезроқ бўлади ва хатолик эҳтимоли камаяди. Халқаро тиббий тадқиқотларда бундай қурилмалар юрак касалликларини аниқлашда хатоликни 30–40 фоизгача камайтириши қайд этилган. Ускунанинг яна бир афзаллиги шундаки, у диагностикани стандартлаштиради, яъни қайси шифокор текширмасин, натижа бир хил аниқликда чиқади. Айниқса, ёш шифокорлар учун бу катта ёрдам бўлади”, – дейди Олим Абдуллаев.

Премиум палаталар

Тиббиёт маркази жами 5 қават бўлиб, 100 дан ортиқ ўринга мўлжалланган. Палаталар бир ва икки кишилик вариантларда ташкил этилган: хона беморнинг шахсияти ва даволаниш эҳтиёжига кўра танланиши мумкин. Палаталар шинам, ёруғ ва шовқиндан ҳимояланган ҳолда жиҳозланган. Ҳар бир хонада телевизор, бепул Wi-Fi, кондиционер, алоҳида ошхона қисми, кийим шкафи, санузел мавжуд.

Бундан ташқари, барча палаталарга ҳамшира чақириш тугмаси ўрнатилган: бемор бир тугмани босиши билан тиббиёт ҳодимига мурожаат қилиши мумкин.

“Палаталарда санитария талаблари қатъий бажарилади: хоналар мунтазам дезинфекция қилинади, гигиена воситалари ва ювиниш учун зарур материаллар доимий таъминланади. Тоза чойшаб ва буюмларни етказиб бериш учун ички кир ювиш ва тозалаш хизмати мавжуд. Стерилизация ва асбоб-ускуналарни зарарсизлантиришга алоҳида бўлимлар ташкил этилган”, – дейди клиника раҳбари Жаҳонгир Шукруллаев.

Қўшимча қулайликлар

§ Шифокор кўриги: мутахассислар кундалик визитлар олиб боради, кунлик консултацияни амалга оширади; 

§ 24/7 ҳамшира хизмати: малакали ҳамширалар куну тун навбатчилик қилади;

§ Таом сервиси: шифохона ошхонаси беморлар учун терапевтик парҳезлар асосида 3 маҳал овқат тақдим этади (қандли диабет, юрак парҳези, аллергик диеталар ва бошқалар);

§ Физиотерапия ва реабилитация хонаси: жарроҳликдан кейинги тикланиш учун махсус ускуналар ва мутахассислар мавжуд;

§ Кутиш хоналари: меҳмонлар ва оилалар учун дам олиш зоналари ажратилган.

Мобил диагностика: тиббиёт машиналари чекка ҳудудларга боради

Шаҳрисабз ва қўшни туманларда аҳолининг катта қисми чекка, тоғли ҳудудларда яшайди. Шу сабабли, кўплаб беморлар клиникага келиш учун узоқ йўл босиши ёки транспорт масалаларини ҳал қилиши керак. Бу масалага ечим сифатида “Оқсарой” клиникаси мобил диагностика мажмуаларини ишга туширган. Мобил бригадалар махсус жиҳозланган автомобилларда ишлайди ва беморларни уйдан чиқмасдан профессионал тиббий хизмат билан таъминлайди. Улар қуйидаги хизматларни кўрсатади:

§ УТТ (ултратовуш текшируви): юрак, буйрак, жигар ва бошқа органларни аниқлик билан кўрикдан ўтказиш;

§ МСКТ (мултиспирал компютер томография): 3D тасвир ёрдамида орган ва тўқималарни батафсил таҳлил қилиш;

§ ЭКГ (электрокардиограмма): юрак ритми ва фаолиятини ўлчаш;

§ Дастлабки кардиологик текширувлар: қон босими, пулс, нафас олиш ва бошқа асосий кўрсаткичларни баҳолаш.

Шифокорларнинг таъкидлашича, мобил диагностика тизими юрак ва қон томир касалликлари бўйича хавф гуруҳига кирадиган беморлар учун жуда муҳим. Бу хизмат орқали кексалар, юрак касаллиги хавфи юқори бўлганлар ва узоқ ҳудудларда яшовчи беморлар тез ҳамда сифатли тиббий ёрдамга эга бўлади.

Халқаро ҳамкорлик 

Клиника фаолиятида халқаро ҳамкорлик алоҳида йўналиш сифатида йўлга қўйилган. Тиббиёт маркази етакчи хорижий клиникалар ва тиббиёт университетлари билан тажриба алмашади, қўшма дастурларни амалга оширади. Мутахассислар чет элда малака ошириб, илғор амалиётларни ўрганади, шунингдек хориждан тажрибали шифокорлар таклиф этилиб, мураккаб операциялар ва илмий-амалий семинарлар ўтказилади. Айни вақтда Россия, Кувайт, Ҳиндистон каби мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Келишувлар доирасида 10 нафарга яқин россиялик шифокорлар Шаҳрисабзда яшаб, “Оқсарой” клиникасида фаолият олиб бормоқда.

Беморлар кўпинча бир вақтнинг ўзида бир нечта касалликдан шикоят қилади. Шунинг учун ёндашувимиз комплекс бўлиши керак. Жамоамизда эндокринолог, гастроэнтеролог, кардиолог ва бошқа соҳа мутахассислари фаолият юритади. Мен эндокринолог сифатида қандли диабет, семизлик, қалқонсимон без касалликлари кабиларни даволайман.

Амалиётимда прогрессив технологиялардан фойдаланаман, айниқса, семизликни бартараф этишда. Бу жуда муҳим, чунки семизлик – сурункали касаллик. Уни даволашда замонавий усуллар ёрдамида тана таркибини бошқариш, қайта семиришнинг олдини олиш, мушак тўқимасини сақлаб қолиш ҳамда мия томирлари, юрак, буйрак, жигар каби аъзоларни ҳимоя қилиш зарур. Бундан ташқари, мен андрология бўйича ҳам ишлайман. Мазкур йўналишда эркаклар бепуштлиги, тестостерон етишмовчилиги, простатит каби кичик тос аъзоларининг яллиғланиш касалликларини даволайман”, – дейди тиббиёт фанлари номзоди, Россия Табиий фанлар академиясининг профессори, андролог, эндокринолог, дерматовенеролог Чигринетс Станислав Владимирович.

Тиббиёт таълими ва илмий база

Клиника даволаш билан чекланмайди, мазкур тиббиёт муассасаси минтақада тиббий таълим ва илмий муҳитни ривожлантиришга қаратилган илмий-амалий марказ сифатида ҳам фаолият юритади. Шифохонада бугунги кунда 130 дан ортиқ иш ўрни яратилган.

“Марказ таркибида клиник ординатура йўлга қўйилган. Мазкур жиҳат ҳудудда малакали шифокорлар тайёрлаш жараёнига катта туртки бўлмоқда. Ёш мутахассислар халқаро тажрибага эга шифокорлар билан ёнма-ён ишлаш имконига эга. Бу уларга замонавий ташхис ва даволаш услубларини ўрганиш, билим ва кўникмаларини амалиётда мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ушбу таълимий ва илмий ёндашув натижасида ҳудудда малакали шифокорлар етишмовчилиги босқичма-босқич камайиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати янада ошади”, – дейди клиника раҳбари Жаҳонгир Шукруллаев.

Шифохона раҳбарининг таъкидланишича, яқин йилларда республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам айни шу кўриниш ва тиббий имкониятларга эга клиникаларни қуриш режа қилинган.

Диёрахон Набижонова,
Абдуқодир Тўлқинов
Жаҳонгир Алибоев

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид