Жаҳон | 21:52 / 14.11.2025
11591
4 дақиқада ўқилади

Лавров атрофида миш-мишлар: Россия бош дипломати кўринмай қолди

Эътибор қилган бўлсангиз, Россия президенти Путиннинг охирги учрашувлари давомида унинг ёнида ташқи ишлар вазири Сергей Лавров кўринмаяпти. Шу боис «Лавров ғойиб бўлди», «Лавров четлатилди» каби миш-мишлар кўпайди. Россия сиёсати биз учун муҳим, чунки бу давлатга боғлиқлик жиҳатларимиз кўп. Қуйида Россия бош дипломати атрофидаги воқеалар ҳақида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Рубио билан суҳбатдан кейин

Лавров атрофида миш-мишлар тарқалиши унинг АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан суҳбатидан кейин бошланди. Бу суҳбатдан олдинроқ Трамп ва Путин телефонда гаплашиб, кўришишга келишиб олганди. Кейин Рубио ва Лавров ўзаро учрашиб, юқори даражадаги учрашувга тайёрланиши керак эди. Учрашув жойини келишиб олиш учун Рубио ва Лавров телефонда гаплашишди. Ва кутилмаганда бу учрашувдан кейин нафақат икки давлат бош дипломатларининг, балки Трамп ва Путиннинг учрашуви бекор бўлиб кетди.

Рубио россиялик ҳамкасби билан гаплашганидан кейин Трампга Москванинг позицияси умуман ўзгармагани, Путин билан учрашишдан мантиқ йўқлигини тушунтирган. Бу учрашув Россияга кўпроқ керак эди, чунки Путин Аляскада Трамп билан кўришиб келганидан кейин «Россия ортиқ изоляцияда эмас» қабилида гапира бошлашди, Россия президентига айнан шу керак эди.

Лавров ўша учрашувдан кейин Россия Хавфсизлик кенгаши доимий аъзолари йиғилишини ўтказиб юборди, бунақаси доим ҳам бўлавермайди, ташқи ишлар вазири кенгашнинг ўзгармас, муҳим аъзоси. Россия Украинага бостириб кириши ҳақида Путин биринчи бўлиб ярим тунда айнан Сергей Лавровни хабардор қилган, у шунчаки оддий дипломат эмас, Россия сиёсатида жуда катта одам.

Айнан Хавфсизлик кенгаши йиғилишида кўриниш бермагач, «Путин Лавровни четлатди» деган миш-мишлар кўпайди. Кейинроқ Лавров Россиянинг «Катта йигирматалик» йиғилишига борадиган делагацияси раҳбарлигидан четлатилди, унинг ўрнини Путиннинг маслаҳатчиси Максим Орешкин эгаллади.

Бу ҳам етмагандай, Лавров Путиннинг Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашувида ҳам қатнашмади. Бу энди жиддий масала: ташқи ишлар вазири Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Кремл баёнотида айтилганидай «келишилган асосда қатнашмади» дейлик, лекин ТИВ раҳбари бутун бошли қўшни давлат раҳбари билан учрашувда қатнашмаслиги жиддий сигнал.

Чоп этилмаган интервю

Шу кунларда Лавров билан боғлиқ яна бир ҳодиса юз берди. Россия бош дипломати Италиянинг Corriera della Sera нашрига интервю берди. Унда Лавров Трамп ва Путин учрашуви қолдирилгани ҳақида ўз фикрини билдирган. Унга кўра, Трампга учрашув ўтказилмаслиги учун қанақадир ёлғон ҳисоботлар беришган. Россия ташқи ишлар вазири Трампга ким, қандай ҳисобот олиб киргани ҳақида аниқ гапирмаган.

Омадсизлик кетма-кет келади деганларидай, италян нашри «Лавровнинг интервюси ишончсиз маълумотларга тўла» деган сабаб билан уни чоп этмаган. Қизиғи, Россия ташқи ишлар вазирлиги эълон қилинмаган интервюнинг тавсилотларини ёзиб чиқди. Бу идора ваколатидаги иш бўлмаса ҳам.

Ана шунақа гаплар. Менимча, Путин Лавровни четлаштирмаган, у ўз лавозимида қолади. Чунки Россия президенти уруш кетаётган вақтда бутун бошли ташқи ишлар вазирини ишдан олиши ортиқча шовқин келтириб чиқаради. Катта эҳтимол, тез орада Лавров қаердадир чиқиш қилиб, ўзининг четлатилгани ҳақида бирор истеҳзоли гап айтиб қолса керак ёки унинг ўрнига Мария Захарова шундай қилади.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси — Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид