Жаҳон | 20:27 / 26.11.2025
4045
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда собиқ судьялар ва прокурор серияли қотилнинг жазосини енгиллаштиргани учун ҳибсга олинди

Тергов маълумотларига кўра, судьялар ва прокурор 21 ёшли қизни ўлдиришга уринишда айби тўлиқ исботланган Қумарбек Абдировнинг жазосини енгиллаштирган. У амнистия туфайли озодликка чиқиб, яна қотилликка қўл урган.

Фото: Қирғизистон ИИВ

Қирғизистонда Бишкек шаҳар судининг уч нафар собиқ судьяси ва прокурори ҳибсга олинди, улар 2016 йилда бир қатор қотилликларни тан олган шахсга нисбатан жазони юмшатган эди. Бу ҳақда республика ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, судьялар Сания Бранчаева, Жанил Мамбетали ва Қайсин Абакиров (ИИВ пресс-релизида фақат бош ҳарфлар кўрсатилган, тўлиқ исм ва фамилиялар ОАВ томонидан келтирилган) прокурор Дастан М. билан биргаликда 21 ёшли қизни ўлдиришга уринишда айби тўлиқ исботланган Қумарбек Абдировнинг жазосини енгиллаштиришда иштирок этган.

2015 йилда суд уни 12 йилга озодликдан маҳрум қилган, аммо 2016 йилда юқорида номи тилга олинганлар адвокат С.Ж. воситачилигида Қирғизистон Жиноят-процессуал кодекси нормаларини бузган ҳолда жазони енгиллаштирган. Натижада 2018 йилдаёқ Абдиров амнистия бўйича озодликка чиққан.

2025 йил сентябрь ойида у 17 ёшли Ойсулув Мукашевани зўрлаб ўлдирганликда айбланиб, қўлга олинган эди. Иш шу қадар шов-шувга сабаб бўлдики, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўлим жазосини қайтаришни буюрди.

Бранчаева, Мамбетали ва Абакиров Қирғизистон Жиноят кодексининг 336-моддаси («Коррупция») ва 352-моддасида («Адолатсиз ҳукм ёки бошқа суд ҳужжатини чиқариш») назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Прокурор ҳам 336-модда билан айбланяпти.

Сўроқларда Абдиров ва унинг яқин қариндошлари унга муддатидан олдин озодликка чиқишига имкон берган коррупция схемаси ҳақида батафсил маълумот берди. Натижада судьяларга пора берганликда гумон қилиниб, адвокат ҳибсга олинди. Ўз навбатида, Судьялар кенгаши собиқ ҳамкасбларини жиноий жавобгарликка тортишга розилик берди. Эътиборлиси, учаласи ҳам коррупцияга қарши текширувлар доирасида аввалроқ ишдан бўшатилган эди.

Ойсулув Мукашеванинг ўлдирилиши билан боғлиқ сўроқлар давомида Абдиров бир неча аёлни зўрлагани ва ўлдирганини тан олди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид