Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мобил операторлар нархларни оширмоқда. Солиқ имтиёзи камлик қилдими?
2025 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда мобил алоқа операторлари акциз солиғидан озод қилинган эди. Солиқ юки сезиларли камайганига қарамай, компаниялар нархни оширишдан тўхтамаяпти. Эътирозлар фонида Рақобат қўмитаси текширув бошлади. Мижозлар кераксиз хизматларга мажбурлашни тўхтатиш ва лимити кам бўлса-да арзонроқ тарифлар ҳам бўлиши кераклигини айтмоқда.
Ноябр ойи ўрталарида Ўзбекистондаги бир нечта йирик уяли алоқа компаниялари 1 декабрдан эътиборан тарифлар қимматлашишини маълум қилди, бу эса жамоатчилик орасида эътирозларга сабаб бўлди.
Операторлар баёнотига кўра, нархларни кўтариш – “хизмат сифатини яхшилаш” ва “тармоқни кенгайтириш” учун зарурати билан боғлиқ.
Фойдаланувчилар эса амалдаги тариф нархларининг ўзи ҳам кўрсатилаётган алоқа ва интернет сифати билан мос эмаслигини таъкидлаб, танқидий изоҳлар қолдирган.
Шундан сўнг Рақобат қўмитаси ўрганиш ишларини бошлади. Агар компаниялар ўзаро келишган ҳолда нарх ошираётганига ишора қилувчи аломатлар аниқланса, тегишли чоралар кўрилади.
Мазкур хабарлар фонида Kun.uz'га ҳам истеъмолчилар ўз талабларини акс эттирган ҳолда кўплаб мурожаатлар юборди. Уларда энг кўп кўтарилган масалалар ҳақида тўхталамиз.
Арзон таърифлар керак
Айни пайтда энг оммабоп компанияларда мавжуд тарифингизни ўзгартирмоқчи бўлсангиз, энг арзон таклифлар 35-60 минг сўмдан бошланади. Компанияларнинг айримларида арзонроқ вариантлар ҳам йўқ эмас, лекин бунинг учун сиз имтиёзли тоифадаги фуқаро бўлишингиз ёки янги сим-карта харид қилишингиз керак. Мурожаатчилар эса хоҳлаган пайтда уланиш имкони бўладиган 15-20 минг сўмлик базавий таъриф режалар бўлиши зарурлигини айтмоқда.
“Мен 6 йилдан бери UzMobile сим-карта ишлатаман. Айни пайтдаги таъриф режам – Mobile Mini. Ойига 45 минг сўм тўлайман. Шу билан бирга, Uztelecom'нинг Wi-Fi хизматини ҳам уйимга улаганман. Мажбурман, чунки мобил интернет сифати жуда ёмон. WiFi учун ойига 150 минг сўм тўлайман. Бир муддат олдин нархлар ошди, олдин 132 минг сўм эди. Ишхонада ҳам Wi-Fi бор, шу сабаб мобил интернет трафик деярли сарфланмайди. Тариф режа орқали менга тақдим этилган умумий лимитларнинг 10 фоизидан ҳам фойдаланмайман, имкон бўлганда 10-15 минг сўмлик арзонроқ тарифга ўтган бўлардим”, дейди мурожаатчи.
Қўшимча пулли хизматлар
Мурожаатчилар жиддий эътироз билдираётган жиҳатлардан яна бири – компаниялар пулли “кўнгилочар” хизматларга абонентни унинг розилигисиз улаб қўйиши билан боғлиқ. “Сиздан сўрамай ёқиб қўйишади, SMS'га кириб ўқиб кўрсангиз, кўрдингиз, бўлмаса кунига 2 минг сўмдан ҳисобингиздан пул ечаверади. Қип-қизил ўғрилик”, дея пост қолдирган истеъмолчилардан бири ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Бошқа бир мижоз ҳам худди шундай хизматлар бир неча марта ўчиртиришига қарамай, яна ёниб қолаверганидан норози бўлган.
Kun.uz билан боғланган яна бир ватандош мобил интернетдан фойдаланаётган пайтида экранда спам, реклама баннерлари пайдо бўлиши, уларни ўчириш учун Х тугмасини босган пайтида эса сим картасига СМС келаётгани ҳақида ёзган. Унда қандайдир контент хизматига уланиш ҳақида хабар бўлгани, детализацияда эса 499 сўмдан 2999 сўмгача маблағ ечиб олинаётгани қайд этилган.
Чексиз алоқа, 50 ГБ интернет, 1000 та SMS
Охирги пайтларда мобил алоқа компаниялари мегабайт, SMS ва дақиқаларни ошираётгани важи билан нархларни қимматлатишга ўтиб олди. Истеъмолчиларнинг бир қисми буни фойдаланилмайдиган хизматга мажбурлаш сифатида баҳолаяпти.
Ойига 10 та ҳам SMS ёзмайдиган, жами 3 соатдан кўп гаплашмайдиган, тақдим этилган интернет трафикнинг ярмини ҳам ишлатмайдиган қатлам бундай ҳаракатлардан норози.
Солиқ юкининг камайиши
Ўзбекистонда мобил алоқа учун акциз солиғи 2020 йилгача 20 фоиз эди, кейин 15 фоизга пасайтирилди. 2022 йилдан бошлаб солиқ ставкаси 15 фоиздан 10 фоизга туширилди. 2025 йил 1 январдан бошлаб эса акциз солиғи бутунлай бекор қилинди.
Натижада 2025 йилнинг дастлабки 9 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Uztelecom 20 фоиз, Unitel 49 фоиз, COSCOM 30 фоиз, UMS қарийб 45 фоиз камроқ солиқ тўлади.
Яъни операторларга сезиларли енгиллик тақдим этилди. Шундан келиб чиқилса, имтиёзлар маҳсулот ёки хизмат нархлари барқарорлашишига ёки нарх пасайишига олиб келиши керак. Амалда бу қоида Ўзбекистондаги мобил алоқачилар билан ишламаяпти.
Мавзуга оид
00:21 / 30.11.2025
Энг яхши солиқ тўловчи маҳаллалар учун рағбатлар эълон қилинди
23:46 / 29.11.2025
Солиқларни ўз вақтида тўлашга ундовчи материаллар ОАВда бепул жойлаштирилади
23:23 / 29.11.2025
Вазирликлар ходимларининг солиқ қарзи ҳақида маълумот бериб борилади
22:53 / 29.11.2025