Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саида Мирзиёева Тошкентда экология бўйича махсус комиссия йиғилишини ўтказди
«Президент ҳар куни мендан шу масалалар бўйича ҳисобот сўрайди», – деди у.
Фото: Eco Info
Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева сешанба куни кечқурун Тошкентда экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар бўйича махсус комиссия йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда комиссия телеграм-канали хабар берди.
Кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари маъруза қилган.
«Юртимиздаги ҳаво билан боғлиқ ҳолат шахсан давлатимиз раҳбарининг доимий назорати остида бўлиб турибди. Доимий кузатув ва илмий таҳлиллар олиб борилмоқда, маҳаллий мутахассислар ҳамда хорижлик экспертлар ҳам жалб қилинган, ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ муаммони бартараф этишга барча сай-ҳаракатлар сафарбар қилинган», – дейилади хабарда.
Саида Мирзиёева Махсус комиссия аъзолари олдига аниқ вазифаларни қўйди: ҳозир қабул қилинаётган чора-тадбирлар аниқ муддатларга эга бўлиши ва улар тизимли бўлиши, келгуси йилда бундай ҳолат такрорланмаслиги кераклиги таъкидланган.
Йиғилипшда йирик яшил ҳудудлар ва боғлар ташкил қилиш, табиий сув ҳавзалари атрофини ободонлаштириш, сунъий кўллар қуриш ҳақида сўз борган.
«Таклиф этилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар мажмуаси кўриб чиқилган: яшил ўсимликларни экиш турлари ва жойлари, ариқлар тизимини қайта тиклаш, иссиқхоналар ва саноат корхоналари чиқиндиларининг олдини олиш ва ҳаво билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича бошқа кечиктириб бўлмайдиган ҳаракатлар», – дея ёзади йиғилишни ёритаётган блогер Никита Макаренко.

Президент администрацияси раҳбари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшил майдонларни сақлаш ва кўпайтириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимларидан бу борада амалга оширилаётган ишлар бўйича мунтазам ҳисобот бериб бориш талаб қилинган.
«Президентимиз мендан ҳар куни бу масала бўйича ҳисобот сўраяптилар. Халқимизнинг саломатлиги билан боғлиқ масала бўлган жойда ҳеч биримизнинг сусткашликка йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ», – деган Саида Шавкатовна.

Саноат зоналари ва иссиқхоналардаги экологик ҳолатни қатъий назорат қилиш билан бир қаторда, белгиланган талаб доирасида ишлашни хоҳловчи тадбиркорларга давлат томонидан ҳар томонлама кўмак бериш кераклиги таъкидланди.
Лекин ўз навбатида, экологияни бузаётган ва қоидаларни писанд қилмайдиган ҳар қандай субъектга нисбатан кескин қонуний чоралар кўрилиши, бунда ҳеч кимга истисно қилинмаслиги қайд этилди.
Блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, йиғилишда Фарғонадаги ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ муаммоли ҳолат ҳам муҳокама қилинган. Масъулларнинг бу борадаги ҳисоботлари тингланган.
Саида Мирзиёева Фарғонада ҳам вазиятни яхшилаш бўйича кескин чоралар кўриш юзасидан масъулларга топшириқлар берган.
Умуман олганда, экологик вазият ҳамда уни яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар қандайдир бир марталик ёки вақтинчалик акция эмаслиги, бундан кейин, гарчи ҳаво яхшиланган тақдирда ҳам, мазкур йўналишдаги ишлар тўхтаб қолмаслиги, изчил ҳамда тизимли давом этиши, буни барча бўғиндаги раҳбарлар тўғри англаши кераклиги қатъий таъкидланган.
«Энг асосийси, президентимиз хоҳлаётган ва доим таъкидлайдиган масала — қилаётган ишларимиз илмга асосланиши керак. Олимларни эшитишимиз, илғор хорижий илмий тажрибалардан фойдаланишимиз, юртимизда ҳам ушбу соҳадаги илмий мактабни яратишимиз керак», – дея таъкидлади Саида Мирзиёева.
Йиғилишда Ўзбекистонда атмосфера назоратига мўлжалланган катта илмий лаборатория ташкил қилишга оид масала ҳам муҳокама қилинган ва бу бўйича масъуллар учун қатъий муддатлар белгиланган.
- Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши кучайиши фонида бир ҳафта олдин, 24 ноябр куни Саида Мирзиёева маъмурият ва масъул идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказиб, вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни муҳокама қилганди. Шу куни президент Шавкат Мирзиёев фармони билан ушбу чора-тадбирлар тасдиқланди ва махсус комиссия тузилди.
Мавзуга оид
17:31 / 04.12.2025
Паст Дарғомда чўчқахона эгалари ҳавони ифлослаб келгани аниқланди
09:34 / 04.12.2025
Тошкентда йўлларни ифлослаган юк машиналари бўйича рейдлар кучайтирилди
22:57 / 03.12.2025
Экология – ниҳоят сиёсий муаммога айланяптими?
20:28 / 03.12.2025