Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Собиқ депутат, мулти-миллионер ва автоблогер. Санжар Каримов ким ўзи?
Ижтимоий тармоқда Real Sanjik тахаллуси билан танилган Санжар Каримов атрофидаги можаро янги босқичга кўтарилди. Ҳашаматли ҳаётини кўз-кўз қилиб, ўзини жуда бой инсон сифатида кўрсатувчи Каримовга нисбатан жиддий айбловлар қўйилиб, қамоққа олинди. Айримлар ҳибсни “тошкентлик бир қизнинг оиласидан уйи олиб қўйилиши воқеаси” билан боғлашяпти. Хўш, Real Sanjik ким ва нима иш билан шуғулланган?
Real Sanjik ким?
Халқ орасида Real Sanjik номи билан танилган тадбиркорнинг асл исми – Санжар Каримов. У 1990 йилда Наманган вилоятида туғилган. Интервюларидан бирида ёшлигида профессионал каратэ билан шуғуллангани, ҳатто Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси таркибига ҳам жалб қилингани ҳақида айтиб ўтган. Талабалик йилларида бир муддат АҚШда яшаган.
Унинг омма эътиборига тушиши бўлажак турмуш ўртоғига “Бунёдкор” стадионида бахоси тахминан 300 минг доллар турадиган Bentley Continental автомобилини совға қилишидан бошланади. Ўша воқеадан сўнг унинг шахси билан қизиқувчилар кўпаяди.
Каримов, шунингдек, бир муддат Бектемир тумани депутати ҳам бўлган.
4 млн долларлик вилла ва 35 та машинали “гараж”
2024 йилда блогер Жаҳонгир Латиповга берган интервюсида Real Sanjik 4 миллион долларлик вилла ва 35 та машинадан иборат автопарки борлигини айтган.
Шов-шувли суҳбат давомида 35 ёшли Каримов асосан автомобиллари, қимматбаҳо саотлар, кўчмас мулк таъмири, ҳашаматли ҳаёт тарзи ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида гапирган.
Жаҳонгир Латипов уни “Ўзбекистоннинг энг бой фермери” дея таърифлаган.
Кўрсатувда бойлик ва хашаматга йўғрилган ҳаёт тарзини кўз-кўз қиларкан, ҳикоямиз қаҳрамони айнан нима иш қилиши ва асосий даромади қаердан келиши ҳақида аниқ маълумот бермаган.
Санжар Каримов қандай бойиган?
Очиқ манбаларга кўра, Каримов Санжар Бахром ўғли Ўзбекистонда ташкил этилган бир қанча корхона ва ташкилотларнинг таъсисчиси ва раҳбари ҳисобланади.
Хусусан, у ғалла, уруғлар ва ҳайвонлар учун озуқаларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи “Agro Export Group Incorporation” МЧЖда 99,9 фоиз, “Agro Martis” МЧЖда 100 фоиз, ёғоч, қурилиш материаллари ва санитария-техник ускуналар улгуржи савдоси билан шуғулланувчи “Property Clouds” МЧЖда 50 фоиз улушга эгалик қилади.



Бундан ташқари, Каримов Agro Export Group орқали Trade&Production International'да 24 фоиз, PetroGroup NRG'да 52,5 фоиз, шунингдек, Agro Export Group ва Agro Martis'лар орқали Ўзбекистон Уруғчилар ассоциациясида 33,3 фоиз улушни назорат қилиб келади.



Тадбиркор асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун озуқалар, қурилиш маҳсулотлари ҳамда ёқилғи улгуржи савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларда таъсисчи ёки улушдор сифатида келтирилган.
Низоли уй воқеаси
Шу йилнинг октябр ойида Тошкентда яшовчи Жамила Олимбоева ўзи ва оиласи фирибгарлик қурбони бўлганини маълум қилиб, ижтимоий тармоқларда видеомурожаат қолдирди. Қизнинг сўзларига кўра, йигити Шаҳзод Рисматов қарийб 70 ёшга кирган ота-онасини уйни 12 кунга вақтинча “гаровга қўйишга” кўндирган, шундан сўнг турар жой олди-сотди сифатида расмийлаштирилиб, Санжар Каримов номига ўтказилади.
Орадан кўп ўтмай Шаҳзод Рисматов йўқолиб қолган. Кейинчалик унинг қочиб кетгани маълум бўлади. Олимбоеванинг ушбу даъвосидан сўнг Санжар Каримов уйни эгаларидан 240 минг доллар нақд тўлов эвазига сотиб олганини айтиб чиқди.
Рисматовга нисбатан фирибгарликнинг бир нечта эпизодлари бўйича жиноят иши қўзғатилди ва қочоқ “куёв” 21 ноябр куни 9 йилга озодликдан маҳрум этилди. Низоли уй масаласи фуқаролик иш юритиш тартибида ҳал этилиши белгиланди.
Gazeta'нинг ёзишича, жабрланувчи Алибоевлар оиласи адвокатлари иш доирасида Санжар Каримовнинг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилади. Судя илтимосномани қаноатлантириб, прокурорни хабардор қилишга қарор қилган.
Суд ҳукмидан кейин Жамила Олимбоева барча босимларга қарамай, уни қўллаб-қувватлагани ва адолат учун курашгани учун Диёра Усмоновага миннатдорчилик билдириб, пост жойлади
Real Sanjik'нинг қамоққа олиниши
Шаҳзод Рисматовнинг қамалишидан бир неча кун ўтгач, жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 28 ноябрдаги ажрими билан Санжар Каримовга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди. У ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ҳамда гиёҳвандлик воситалари тайёрлаш ёки сақлашда гумонланяпти.
Уни қамоққа олиш ҳақидаги илтимосномани Миробод туман судига Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари киритган. Суднинг 2025 йил 28 ноябрдаги ажрими билан, илтимоснома қаноатлантирилиб, айбланувчи Каримовга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланган.