Иқтисодиёт | 16:37
673
4 дақиқада ўқилади

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

2025 йил якуни бўйича инфляция прогнози 7,3 фоизга пасайтирилди. 2026 йилда бу кўрсаткич 6,5 фоиз атрофида бўлиши кутиляпти. Инфляциянинг пасайишида нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ва алмашув курсининг мустаҳкамланиши таъсирида базавий инфляциянинг секинлашиши асосий омил бўлган. Шунингдек, импорт нархлари ноозиқ-овқат товарлари инфляциясининг барқарорлашувига хизмат қилган.

Фото: Kun.uz

Марказий банк бошқаруви 2025 йил 11 декабрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди

Нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари инфляцион босимлар ҳамда инфляцион кутилмаларнинг босқичма-босқич пасайишига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, иқтисодиётда барқарор ялпи истеъмол талаби, таклиф омиллари ҳамда хизматлар соҳасидаги юқори нарх динамикаси ҳисобига маълум даражада инфляцион хатарлар сақланиб қолмоқда. Ушбу қарор ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг барқарор пасайиш траекториясига эришишга қаратилган.

Ноябрь ойида инфляциянинг пасайиш динамикаси давом этиб, йиллик 7,5 фоизга тенг бўлди. Бунга, нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ва алмашув курсининг мустаҳкамланиши таъсирида базавий инфляциянинг секинлашиши асосий ҳисса қўшган. Хусусан, ноябрь ойида базавий инфляция йиллик ҳисобда 6,3 фоизгача пасайди. Шунингдек, импорт нархлари ноозиқ-овқат товарлари инфляциясининг барқарорлашувига хизмат қилган.

Шу билан бирга, хизматлар соҳасидаги инфляция маълум даражада секинлашганига қарамасдан, талаб омиллари ҳисобига умумий инфляция даражасидан юқорилигича қоляпти. Ноябрь ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этган.

Юқоридаги омилларни ҳисобга олиб, 2025 йил якунига умумий инфляция 7,3 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бунда, миллий валютанинг мустаҳкамланиши аввалги баҳолашларга нисбатан юқорироқ даражада шакллангани ҳисобига импорт инфляцияси ва инфляцион кутилмаларга пасайтирувчи таъсири кутилганидан кучлироқ бўлгани инфляция прогнозининг пасайиш томонга қайта кўриб чиқилишини тақозо этган.

Янгиланган прогнозларга кўра 2026 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 6,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Иқтисодий фаоллик юқори даражада сақланиб, ўсиш суръатлари ўзининг потенциалидан баландроқ шаклланмоқда. Меҳнат бозоридаги талабнинг ортиши, савдо ва пуллик хизматлар тушумлари ва банклараро транзакцияларнинг ҳажми ўсиши ушбу тенденцияни намоён этмоқда. Жорий иқтисодий ва инвестицион фаоллик фонида йил якуни бўйича иқтисодий ўсиш суръатлари 7–7,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Жорий инфляциянинг пасаювчи динамикаси билан бир қаторда келгусида таклиф омиллари бўйича хатарлар сақланиб қолмоқда. Хусусан, айрим асосий озиқ-овқат товарлари таклифи билан боғлиқ хатарлар, сўнгги ойлардаги транспорт хизматлари нархларининг ошиши ҳамда тартибга солинадиган нархларнинг индексацияси билан боғлиқ иккиламчи таъсирлар шулар жумласидандир.

Глобал молиявий шароитларнинг босқичма-босқич юмшаши ҳамда фискал рағбатлантиришлар фонида жаҳон иқтисодиёти кутилганидан юқори суръатларда ўсмоқда. Шу билан бирга, халқаро хомашё бозорларидаги юқори нарх конъюнктураси сақланиб қолмоқда. Бу эса келгусида ҳам мамлакат экспорт тушумларини қўллаб-қувватлаб боради.

Қулай ташқи шароитлар фонида реал самарали алмашув курси ўзининг узоқ муддатли мувозанатли трендига яқин даражада шаклланишига хизмат қилади.

Ички молия бозоридаги номинал фоиз ставкалар нисбатан барқарор шаклланиши фонида инфляция ва инфляцион кутилмалар пасайиши реал фоиз ставкаларининг юқори даражада шаклланишига хизмат қилиб, миллий валютада жамғаришни рағбатлантирмоқда. Бу муддатли депозитлар ҳажмининг юқори ўсиш суръатларида намоён бўлмоқда.

Шу билан бирга, молиявий инклюзивликнинг ошиши ҳисобига чакана кредитлаш суръатларининг юқори даражада сақланиб қолиши истеъмол фаоллиги юқорилигини акс эттириб, ялпи талабни қўллаб-қувватлаши орқали келгусида инфляцияга оширувчи босимни кучайтириши мумкин.

Ушбу шароитда инфляциянинг пасаювчи динамикасини барқарор давом эттириш ва инфляцион хатарлар таъсирини камайтириш мақсадида асосий ставкани жорий йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолиш зарур деб топилган.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 28 январь кунига белгиланган.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид