Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
4 млндан 100 млн сўмгача. Humans иловаси орқали ўғирланган пулларни ким тўлайди?
Декабр ойининг бошида Humans атрофидаги можаро янада авж олди. 4-8 декабр кунлари компаниянинг мобил иловасига уланган банк карталаридан миллионлаб пуллар оммавий равишда ечиб олинди. Карта ҳисоб рақамидан пуллари ўғриланган бир неча фуқаролар мисқоллаб топган маблағи қачон ва ким томонидан қайтарилиши бўйича аниқ жавоб изламоқда.
Сўнгги ойларда Humans компанияси билан боғлиқ баҳсли ҳолатлар ниҳоятда кўпайди. Хусусан, 4-8 декабр кунлари компания иловасига уланган юзлаб фуқароларнинг пластик карталаридан тасдиқ СМС-кодисиз пул ечиб олинди. Kun.uz билан боғланган мурожаатчилар катта миқдорда пулидан айрилгани, на Humans вакиллари, на назорат қилувчи ташкилотлар томонидан уларга тайинли жавоб берилмаётганидан норози бўлишяпти.
Жабрланувчи Ибрагим Салаховнинг таъкидлашича, 8 декабр куни тунда унинг картасидан пул ечиш бошланган.
«Дастлаб 5-10 дақиқа оралиғида 5 млн сўмдан 4 марта пул ечилган. Кейин 1 млн сўмдан ечиш бошланган. Орада 1 млн сўм қайта картага келиб ҳам тушган. Умумий ҳисобда мендан 23 млн сўм ечиб олинган. Бу нарса тунги 24:00 дан бошланган бўлса, эрталаб 08:30 гача давом этган», дейди у.

Бошқа бир жабрланувчи Хайрулла Қосимовнинг сўзларига кўра, пул ечиш 5 декабрдан бошланган. Ундан 6 декабр куни 12:13 да 804 минг сўм пул ечилган.
«Ўтирган жойимда СМС келди. Қараганимда ҳеч қанақа СМС-код келмаган, фақат Humans иловаси орқали пул ечилгани маълум бўлди. Шу жойнинг ўзида 102 қилдим. Компаниянинг Instagram саҳифасига кирганимда жабрланганлар кўп эканлигини кўрдим. Телеграмда “Stop Humans” деган группа очдим. 7-8 декабр кунлари одам йиғилиши тезлашиб кетди”, дейди Қосимов.

Мурожаатчи Илҳом Ниёзқуловга кўра, унинг картасида 12 млн 750 минг сўм пул бўлган. 6 декабрь куни соат 18:23 дан бошлаб 16 уринишда 12 млн 238 минг сўм пул ечиб олинган.



«6 декабр куни соат 18:00-19:00 лар атрофида картамдан 700 минг сўмга яқин пул ечилган. Бундан хабарим бўлмаган. 7 декабрдан 8 декабрга ўтар кечаси 00:40’да 5 млн 24 минг сўм, кейин 01:57 да яна 5 млн 24 минг сўм пул ечилган. Мен ухлаётгандим, хабарим бўлмаган. СМС, тасдиқлаш коди келмаган. Ҳеч қанақа вирусли дастурларни ҳам очмаганман. Мазкур ҳолатдан эрталаб хабар топдим ва 102 га, банкка ариза бердим. Умумий ечилган сумма 11 млн 740 минг сўмлар атрофида», дейди яна бир жабрланувчи Анвар Мамадуллаев.

Бошқа бир мурожаатчи Жахонгир Аҳмедовнинг таъкидлашича, у прокуратура ва ИИБга кибержиноят юзасидан ариза ёзган, аммо ҳеч ким жавоб бермаётганидан норози бўляпти.
«Мендан 4 млн 600 минг сўм пул ечиб олинган», дейди Аҳмедов.

Аввалроқ, 100 млнга яқин пулидан айрилган жабрланувчининг Humans оператори билан суҳбат аудиосида компания колл-маркази «ҳозир бу бўйича техник ишлар олиб бориляпти, ариза олиб қоляпмиз. Чатга скриншот ташлаб қўйинг. Электрон почта ва паспорт серияси ҳам керак бўлади. Шунингдек, картангиз уланган телефон номер, картангизнинг бошидаги олтита рақам ва охиридаги 4 та рақамни ҳам ёзинг. Ариза 7 кунда кўриб чиқилади», дея жавоб берганди.
Жабрланганларнинг сўзларига кўра, улар картадан картага пул ўтказишда имтиёз тақдим қилингани, шунингдек, Humans сим карталарига пул ўтказиш фақатгина компания иловаси орқалигина амалга оширилгани учун пластик карталарини улаганини айтишяпти.
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, жабрланган ҳар бир фуқаронинг аризаси бўйича Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми "б" банди (қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ёки ундан фойдаланиб ўғирлик) билан алоҳида тартибда жиноят ишлари қўзғатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Humans компанияси ва Paylov тўлов хизмати пулларнинг ғойиб бўлиши билан боғлиқ кейсда бир-бирини айблаб баёнотлар эълон қилди. Марказий банк эса жиддий текширув бошланганини маълум қилиб, жабрланувчилар ҳуқуқ органларига арз қилиши кераклигини билдирганди.
Достон Аҳроров, Kun.uz
Мавзуга оид
09:12
Телефон хавфсизлиги: зарарли APK файллардан сақланиш бўйича тавсиялар
19:18 / 09.12.2025
Карталардаги пулларнинг ғойиб бўлиши. Humans ва Paylov бир-бирини айблаяпти
12:09 / 09.12.2025
Humans иловасига уланган карталардан оммавий равишда пул ечиб олиняпти
13:20 / 04.12.2025