Жамият | 22:29 / 16.12.2025
827
5 дақиқада ўқилади

“Наркоздаги ўлимлар – тизимли муаммо оқибати” — анестезиолог

Ринопластика ижтимоий тармоқларда “хавфсиз” муолажа сифатида тарғиб қилинади, лекин у билан боғлиқ ўлим ва оғир асоратлар ҳақидаги хабарлар ортиб бормоқда. Хусусан, яқинда 31 ёшли йигитнинг ринопластика вақтида вафот этиши, аввалроқ худди шу клиникада бошқа бир бемор нотўғри наркоз сабаб ногирон бўлиб қолгани – тиббий хатолар ортида тизимли муаммолар ётганига ишора қиляпти.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Яқинда Тошкентдаги хусусий клиникада 31 ёшли йигит бурун операцияси вақтида вафот этди. Дастлабки маълумотларда бунга анафилактик шок сабаб дейилган, марҳумнинг яқинлари эса унинг ўлими наркознинг кўп берилиши туфайли дейишган.

Бу воқеадан кейин Kun.uz'га 2 йил аввал шу клиникада бурнини операция қилдирган ва ногиронга айланган ёш қизнинг онаси мурожаат қилди.

“2022 йилда қизимга шифокорлар бурнида ўсмаси бор дейишгани учун шу клиникага операцияга борган. Операция вақтида соат 12:20 да юрак тўхташи юз берган. Шундан кейин мияга қон бормаган, кислородсиз қолгандан кейин мияда шиш пайдо бўлган. Шифокорлар электрошок билан юрак уришини тиклашгандан кейин миядаги шиш қайтмаган. Қизим кома ҳолатига тушиб қолган. Хотирасини йўқотган, ўзини билмаган ҳолатда, оёқ-қўллари ишламаган, ҳаттоки бошини тик тутиб тура олмайдиган ҳолатда комадан чиқди”, – дейди Раъно Жанонова.

Онанинг айтишича, тергов жараёнида ҳолат анестезиолог айби билан юз бергани аниқланган ва шифокор жазоланган.

“Клиника бизга майли тўлаб бермади, айбиниям бўйнига олаётгани йўқ. “Биз айбдормасмиз, суд адолатли қарор чиқарди, анестезиолог айбдор бўлди. Уни ишдан бўшатдик, ҳеч қандай айбимиз йўқ” дейишди. Бошқа анестезиолог ишга олишди. Натижаси, мана, 31 ёшли йигитнинг онаси мендан баттар бўзлаб қолди. Бундан кейин яна шунақа ҳолатлар бўлишини истамайман, бундай ҳолатлар жуда кўп чунки”.

Клиника раҳбари Qalampir.uz нашрига берган интервюсида аёлнинг даъволарни рад этиб, хато анестезиологдан ўтганини, бунда клиника раҳбарияти ўзини айбдор хис қилмаётганини, қизнинг ногирон бўлиб қолиши эса унинг тақдирида борлигини айтган.

Ижтимоий тармоқларда хусусий клиникалар ринопластика амалиётини хавфсиз дея талқин қилишади. Лекин бу операция билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг кўплиги буни инкор этмоқда. Ринопластика операциясида юз берган ва оммага аён бўлган ўлим ҳолатларини ўрганиб кўрганимизда аксариятига анестезия билан боғлиқ омиллар сабаб бўлгани айтилган.

Анестезиология соҳаси ислоҳга муҳтож

Масалага ойдинлик киритишни Кувайтдаги ўзбек шифокори Жаҳонгир Жўраевдан сўрадик.

— Блогер Фарҳод Маннопов ишидаям анестезиолог томонидан хатоликлар борлигини тасдиқловчи ҳукм чиқарилганидан хабарим бор. Тан олиш керак, Ўзбекистонда тиббиёт ривожланяпти, кенг миқёсдаги операциялар йўлга қўйилди. Лекин минг афсуски, анестезиология ва реаниматология ривожланишдан орқада қоляпти. Бунга клиникалардаги тўсатдан ўлим ҳолатларини мисол қилиш мумкин. Ўлим ҳолати кўпроқ анестезиологик ва реаниматологик муаммоларга боғлиқ бўлади. Хирургик сабабларниям инкор қилиб бўлмайди.

Бунинг учун мен ҳеч қачон ўша ҳолатда турган анестезиологни айбламасдим. Уни етиштириб чиқарган тизимни айбдор деб ҳисоблайман. У шу тизимда ўрганган билими бўйича чора-тадбирларни кўради. Бутун дунёда анестезиологик рисклар хавфли эканлиги учун, ўлим ҳолатлари нисбатан кўпроқ кузатилгани учун хавфлилик даражаси жуда юқори ҳолатга олиб келиб қўйилган, лекин афсуски, Ўзбекистонда бу хавф ҳали ҳам юқори даражада сақланиб турибди.

Очиқ айтаман, Ўзбекистон шароитида хусусий клиникалар кўпайиб боряпти ва бу шу ҳолатдаги ўлимлар фоизи ошишига сабаб бўлади. Бунга сабаб – анестезиологик системанинг бунга ҳали тўлиқ тайёр эмаслиги. Анестезиология соҳасида етарли реформа кетмаяпти ва кадр ишлаб чиқариш ўз йўлида эмас. Биздаги бериладиган билим, тажриба, фикрлаш доирамиз жаҳон миқёсидаги анестезиологик ёндашувдан анча узоқда. Ўзбекистонда ҳар бир бемор анестезиологик хавфли даражада наркозга кириб боради. Шу хавф даражалари максимумга чиқарилмагани сабабли, ҳали ҳам анестезиологик ёндашувлар нотўғри бўлгани учун шунақа ўлим ҳолатлари кузатилиши ҳали давом этади. Бу нарсани кутинглар...

Анестезиолог вазиятдан чиқиши учун унда етарлича алтернатив дорилар бўлиши керак. Керакли дорилар олиб кирилмайди, таъминланмайди. Агар шу дориларни таъминлаб бермаган бўлса айбни анестезиологдан эмас, ташкилотчилардан қидириш керак, дейди мутахассис.

Катта ёки кичик бўлишидан қатъи назар, ҳар бир операция ортида инсон ҳаёти туради. Бемор ҳам, клиника ҳам, шифокорлар ва соғлиқни сақлаш тизими масъуллари ўз зиммасидаги масъулиятни тўлиқ адо этсагина, бундай фожиаларнинг олди олиниши мумкин.

Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz

Мавзуга оид