Ўзбекистон | 19:10 / 17.12.2025
2076
3 дақиқада ўқилади

«Конституциявий шикоят» институти самарадорлиги оширилади

Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган йиғилишда суд ишида қўлланилган қонун Конституцияга мувофиқ эмас деб топилган тақдирда тегишли суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш тартибини жорий этиш таклиф қилинди. Бу «конституциявий шикоят» институти самарадорлигини ошириши ва мурожаат этувчиларнинг суд ҳимоясини таъминлаши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев 17 декабр куни фуқаро ва тадбиркорларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш масалаларига оид тақдимот билан танишди.

Қайд қилинишича, Конституциявий суд ўз ваколатларини тўлақонли амалга оширишини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаси бўлиб, мазкур йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш тақозо этилмоқда.

Тақдимотда бу борадаги таклифлар кўриб чиқилди.

Жумладан, Конституциявий суд томонидан ҳар йили мамлакатда конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича тақдим этиб бориладиган таклиф ва тавсияларни амалга оширишнинг самарадорлиги оширилади.

Бунда Конституциявий суд томонидан фуқаро ва тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиб-таомиллари мақбуллаштирилади, сансалорликлар бартараф этилади.

Шунингдек, «конституциявий шикоят» институти самарадорлигини ошириш ва мурожаат этувчиларнинг суд ҳимоясини таъминлаш мақсадида суд ишида қўлланилган қонун Конституцияга мувофиқ эмас деб топилган тақдирда тегишли суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш тартибини жорий этиш таклиф қилинди.

Тақдимотда Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш орқали аҳолига қулайлик яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, Конституциявий суд мажлисларида масофадан онлайн тарзда иштирок этиш, суд мажлисларини интернет орқали трансляция қилиб бориш, вазирлик ва идоралар ўртасида электрон ахборот алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Конституциявий суднинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, хорижий мамлакатларнинг конституциявий судлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Суднинг Осиё конституциявий судлари ассоциациясига раислиги доирасида мамлакатимизда ва хорижда қатор халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Одил судловни таъминлашга оид бошқа масалалар, хусусан, иқтисодий ва маъмурий судларни аҳоли ҳамда тадбиркорларга янада яқинлаштириш ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, ушбу судларга мурожаат қилишда экстерриториал судловга тегишлиликни автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ҳал қилиш ташаббуси илгари сурилди.

Президент таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни сифатли ва тизимли амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид