Жаҳон | 19:08
10549
3 дақиқада ўқилади

Тожикистон Одинцоводаги қотиллик юзасидан Россия элчисига нота топширди

Тожикистон ТИВ ушбу ҳужум «миллатга нафрат асосида» содир этилганини қайд этган. Россия ТИВ расмийси Мария Захарова ушбу қотиллик юзасидан Тожикистонга ҳамдардлик билдирганини маълум қилди.

Фото: Vitaly Smolnikov/TASS

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Москва чеккасидаги Одинцово райони Горки-2 посёлкасида жойлашган мактабда тўртинчи синф ўқувчиси Қобилжон Алиев ўлдирилишини «қатъий қоралади».

Тожикистон ТИВ ўз баёнотида ўлдирилган 10 ёшли бола Қобилжон Алиев асли тожикистонлик бўлганини тасдиқлаган.

«Бу ҳодиса Тожикистон элчихонаси томонидан қатъий назоратга олинди. Россия Ташқи ишлар вазирлигига расмий хат юборилган. Элчихона доимий равишда марҳумнинг онаси билан боғланиб турибди», – дейилган вазирлик хабарида.

Вазирлик ушбу ҳужум «миллатга нафрат асосида» содир этилганини қайд этган.

«Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 2025 йил 16 декабрда Москва областидаги Горки-2 аҳоли яшаш пунктидаги Успенский ўрта мактабининг 4-синф ўқувчиси, Тожикистон фуқароси Қобилжон Алиевга қарши содир этилган ва унинг ўлимига олиб келган миллий нафрат асосида қилинган ҳужумни қатъиян қоралайди», – дейилади Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорев Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган. Унга «Россия томонидан ушбу фожиали ҳодисани зудлик билан, холис ва беғараз тергов қилиш ҳамда барча алоқадор шахсларни қонуннинг бутун қатъийлиги бўйича жавобгарликка тортиш талаби билан» нота топширилган.

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонасига марҳумнинг қариндошлари ва яқинлари билан доимий алоқада бўлиш, шунингдек, ушбу масалани ўз назоратига олиш вазифаси қўйилган.

Россия ТИВ расмийси Мария Захарова ТАСС мухбири билан суҳбатда идора Москва областидаги ушбу қотиллик юзасидан Тожикистонга ҳамдардлик билдирганини маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, вазирлик Тожикистон элчихонасига ўз ёрдамини таклиф қилган.

  • 16 декабр куни 15 ёшли Тимофей К. мактабга пичоқ кўтариб келиб, қўриқчи ва ўқувчилардан бирига ҳужум қилганди. Жабрланувчилардан бири, тўртинчи синф ўқувчиси олинган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган. Ҳужум қилган ўсмир қўлга олинган. Телеграм-каналларда ёзишларича, ушбу ўсмирнинг бошида америкалик неонацист, 2014 йилда Чарлстон шаҳридаги черковда тўққиз нафар қора танлини ўлдирган Дилан Руфдан иқтибослар ёзилган шлем бўлган. У ўз ҳужумини видеога олган. Кадрларда у ўқитувчиси билан турган бир гуруҳ ўқувчиларга яқинлашгани ва улардан қайси миллатга мансублигини сўрагани акс этган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид