Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ёрдам аллақачон йўлда». Трамп эронликларга мурожаат қилди
Мамлакатда 100 соатдан бери интернет ўчиқ. Reuters Эрондаги расмийлардан бирига таяниб, қурбонлар сони 2 мингга етганини хабар қилди. Трамп намойишларни давом эттириб, давлат муассасаларини эгаллаб олишга чақирмоқда. Эронда намойишларнинг 17-кунида нималар бўлди?
Фото: ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Эронда 28 декабр куни бошланган норозилик намойишлари 17 кундирки давом этмоқда. Шу билан бирга, 13 январ кун давомидаги акциялар сони энг кам бўлган кунга айланди – шарқшунос Никита Смагиннинг маълумотига кўра, олтита вилоятда жами 14 жойда кичик намойишлар бўлиб ўтган. Унинг кузатувларига кўра, 13 январдаги йирик акциялар ҳақида ҳеч қандай далил пайдо бўлмади ва фақат икки жойда намойишга йиғилганлар сони 100 нафардан ошган. Бу норозиликнинг сўниши билан боғлиқми ёки эронликлар бир-бири билан ҳам, ташқи дунё билан ҳам алоқага чиқа олмаётгани биланми – буниси номаълум.
NetBlocks лойиҳаси маълумотларига кўра, Эронда интернет ишламаётганига 100 соатдан ошди. Афтидан, эронликлар энди Starlink тизимларидан ҳам фойдалана олмаяпти, сўнгги кунларда сунъий йўлдош интернети мамлакатдаги вазиятни ташқи дунёга етказиш учун ягона восита бўлиб турганди. Телефон алоқаси ҳам чекланган: Associated Press хабарига кўра, Теҳрондан бир неча киши уларнинг Дубайдаги мухбири билан алоқага чиқишган, бироқ кейин уларга қайта уланиб бўлмаган. Агентлик суҳбатдошлари Эрон пойтахтида бир нечта ҳукумат бинолари ёқиб юборилгани, шаҳар маркази хавфсизлик кучлари билан тўлгани, улар йўловчиларни тўхтатиб сўроққа тутаётгани, шунингдек, уйларга бостириб кириб, Starlink терминалларини қидиришаётганини айтиб беришган.
Эронда намойишларнинг олдинги 16 куни давомида камида 646 киши ҳалок бўлган. Хорижда фаолият олиб борувчи эронлик ҳуқуқшуносларнинг HRANA гуруҳи маълумотларига кўра, қурбонларнинг 505 нафари намойишчилар (шу жумладан, тўққиз нафари вояга етмаган болалар), 133 нафари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлардир, шунингдек бир нафар прокурор ҳамда намойишлар иштирокчиси бўлмаган яна етти фуқаро ўлдирилган. Намойишлар бошланганидан бери 10 700 дан ортиқ одам ҳибсга олинган. Ўз навбатида, Эрон ҳукумати вакили аноним тарзда Reuters агентлигига маълум қилишича, ҳалок бўлганлар сони аллақачон 2000 кишига етган. Ижтимоий тармоқларда Теҳрон вилоятининг Қаҳризоқ шаҳридаги ўликхонада жасадлар солинган қоплардаги ўнлаб жасадлар акс этган кадрлар тарқалган.
Намойишлар фонида биринчи ўлим ҳукми эълон қилингани маълум бўлди. Курдларнинг Hengaw инсон ҳуқуқлари ташкилоти Фардис шаҳрида яшовчи 26 ёшли Эфрон Солтанийни қатл этишмоқчилигини маълум қилди. У 8 январ куни ҳибсга олинган, 12 январ куни эса унинг оиласи Эфранга ўлим жазоси тайинланганидан хабар топган. Ҳукм ижроси 14 январга белгиланган. Солтанийнинг яқинлари унга қандай айб қўйилгани ва суд қачон бўлиб ўтганини билишмайди. «Биз илгари ҳеч қачон суд иши бунчалик тез бўлиб кетганини кўрмаганмиз. Ҳукумат одамларни таслим қилиш ва қўрқув уйғотиш учун барча усулларни қўлламоқда», – дея таъкидланади Hengaw баёнотида.
АҚШ Эрон билан ҳамкорлик қилаётган давлатлар учун 25 фоизлик божлар жорий этилишини эълон қилди. Оятуллоҳ режими билан савдо қиладиган ҳар қандай давлат «АҚШ билан амалга ошириладиган барча бизнес операцияларида» 25 фоиз миқдорида бож тўлайди, деди Америка президенти Доналд Трамп. Бундай қарор шусиз ҳам жиддий иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечираётган Эронга қўшимча босим ўтказади (айнан иқтисодий вазият норозиликларга туртки бўлганди). Шу билан бирга, бу қарор АҚШнинг Эрон нефтининг асосий харидори бўлган Хитой билан савдо сулҳини ҳам хавф остига қўйиши мумкин.
АҚШ ўз фуқароларини зудлик билан Эронни тарк этишга чақирди. Бундан олдинги шу каби мурожаат 2025 йил июнида, АҚШнинг Эрондаги ядровий объектларга ракеталар ва бомбалар билан зарба беришидан бир ҳафта олдин кузатилганди. Вашингтон ҳозир ҳам зарба бериш имкониятини кўриб чиқмоқда – Доналд Трамп Эрон режими намойишчиларни ўлдираётгани туфайли бир неча бор вазиятга аралашув билан таҳдид қилганди. Шу билан бирга, Ғарб оммавий ахборот воситаларининг манбаларига кўра, аралашув (қандай бўлиши ва умуман бўлиши) бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.
Уларнинг сўзларига кўра, Оқ уй Эронда содир бўлаётган воқеаларга таъсир ўтказишнинг бир неча вариантини кўриб чиқмоқда – режим етакчиларига «психологик таъсир кўрсатиш» ва янги санкциялардан тортиб, норозиликларни бостириш билан шуғулланадиган ички хавфсизлик аппаратига киберҳужумлар ҳамда ядровий объектлар ва ракета омборларига зарбалар беришгача.
Теҳрон музокараларга тайёр. «Агар Вашингтон ҳарбий вариантни синаб кўрмоқчи бўлса, биз бунга тайёрмиз», – деган Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи. Шу билан бирга, у АҚШ мулоқотнинг «оқилона варианти»ни афзал кўришига умид билдирган. «Биз ядровий масала бўйича музокаралар столига ўтиришга тайёрмиз – фақат таҳдидлар ва буйруқларсиз», – дея қўшимча қилади вазир.
Доналд Трамп эронликларни норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди. «Эрон ватанпарварлари, норозилик билдиришда давом этинг, [давлат] муассасаларини эгаллаб олинг. Қотиллар ва зўравонларнинг исмларини ёзиб олинг. Улар оғир бадал тўлашади. Мен намойишчиларни ўлдириш тўхтамагунча Эрон расмийлари билан барча учрашувларни бекор қилдим. Ёрдам аллақачон йўлда. MIGA!» - деб ёзди АҚШ президенти 13 январ куни ижтимоий тармоқларда. Германия канцлери Фридрих Мерц эса дунё оятуллоҳ режимининг «сўнгги кунларини» кузатаётганини айтган.
Мавзуга оид
21:00 / 13.01.2026
Эрондаги намойишлар: қурбонлар сони минглаб бўлиши мумкин
17:05 / 13.01.2026
АҚШда Федерал захира тизими раиси Жером Пауэллга нисбатан тергов бошланди
13:55 / 13.01.2026
АҚШ ўз фуқароларини Эронни зудлик билан тарк этишга чақирди
13:14 / 13.01.2026