Жамият | 22:20 / 15.01.2026
1918
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 5-синф ўқувчиси B2 сертификатини қўлга киритди

Навоий шаҳридаги 22-умумтаълим мактаби ўқувчиси Исломбек Мансуров биринчи уринишдаёқ ушбу натижани қайд этди.

Навоий шаҳридаги 22-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Исломбек Мансуров чет тилини билиш даражаси бўйича B2 сертификатни қўлга киритди. Бу ёш жиҳатдан Навоий вилоятида энг яхши натижалардан бири бўлди.

Маълум бўлишича, Исломбек Мансуров педагоглар оиласининг тўнғич фарзанди. Унинг отаси Дилшод Мансуров Навоий давлат университети доценти бўлса, онаси Шоҳиста Турдиева мактабда математика фани ўқитувчиси.

Икки ўғлим бор, Исломбек тўнғич фарзандимиз. Ёшлигидан интернетдаги турли ўйинлар ва билим олишга ихтисослашган дастурларни инглиз тилида кўрарди. Ҳозирда YouTube’да ўзи канал очиб, инглиз тилида юритмоқда”, дейди Дилшод Мансуров.

Исломбек ушбу натижани биринчи уринишдаёқ қўлга киритган.

Мактабимизда сертификат олган ўқувчилар кўп. Аммо Исломбек мактабимиз тарихида чет тилини билиш даражаси бўйича B2 сертификатини қўлга киритган энг ёш ўқувчи бўлди. Инглиз тили устози Алишер Худоёров ҳам ёш педагог, анча тиришқоқ. Албатта, ушбу натижа билан тўхтаб қолмаймиз”, дейди Навоий шаҳридаги 22-умумтаълим мактаби директори Феруза Файзиева.

Навоий вилоятида 11 ёшли ўқувчи B2 сертификатини қўлга киритиши бундан 2 йил олдин ҳам кузатилганди. Ўшанда Хатирчи туманидаги 22-умумтаълим мактаби ўқувчиси Зарина Мухиддинова бу натижани қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, ОТМга ўқишга киришда чет тилидан B2 сертификати бор абитуриентга максимал балл берилади

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид