Жаҳон | 20:34
500
8 дақиқада ўқилади

Австралия ижтимоий тармоқларда болалар даврини тўхтатди: қарийб 5 миллион аккаунт чекланди

Австралияда 16 ёшга тўлмаганларнинг ижтимоий тармоқдан фойдаланишига тақиқ кучга киргач, Instagram, YouTube ва TikTok каби ўнта машҳур платформа миллионлаб аккаунтларни блоклади. Хўш, Австралия нега болаларга бундай чекловлар жорий қилди ва у қандай ишлайди?

Фото: AP Photo

Австралияда 16 ёшга тўлмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига тақиқ кучга киргач Электрон хавфсизлик бўйича комиссар (eSafety) платформаларга нечта аккаунт олиб ташлангани ҳақида саволлар юборди. Тўпланган маълумотларга кўра, тақиқнинг илк кунларидаёқ 4,7 миллиондан ортиқ аккаунт ўчириб қўйилган, олиб ташланган ёки чекланган.

Бу 10 платформа қаторига — YouTube, Facebook, Instagram, Snap, Х, TikTok, Threads, Twitch, Kick, ва Reddit киради.

Австралия ҳукумати тижорий махфийликни рўкач қилиб, ҳар бир платформа бўйича алоҳида рақамларни очиқлашдан бош тортди. Бироқ Meta душанба куни Facebook, Instagram ва Threads бўйлаб қарийб 550 минг аккаунтни ўчириб қўйганини айтганди.

Австралия бош вазири Энтони Албанезенинг айтишича, eSafety томонидан ўтказилган дастлабки таҳлиллар платформалар фойдаланувчиларнинг аккаунтга эга бўлишига йўл қўймаётганини кўрсатмоқда.

«Бу ижтимоий тармоқ компаниялари қонунларга риоя қилиш ва болаларни ўз платформаларидан четлатиш учун мазмунли саъй-ҳаракат қилаётганини кўрсатади. Ўзгариш бир кунда бўлиб қолмайди. Аммо, дастлабки белгилар – айнан шу ўзгаришни амалга ошириш учун ҳаракат қилганимиз нақадар муҳим бўлганини кўрсатмоқда», - дея Албанезенинг сўзларини келтирмоқда The Guardian нашри.

«Бу дунёда етакчи қонунчилик эди ва энди у бутун дунё бўйлаб кузатилмоқда», дея қўшимча қилди у.

«Тақиқ эмас, кечиктириш»

Ижтимоий тармоқларда ёш бўйича чекловлар ёш австралияликларни босим ва хатарлардан ҳимоя қилишни мақсад қилади. Расмийларга кўра, бу чоралар тақиқ эмас, аккаунт очишни кечиктиришдир.

Австралияда болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашга ундаган асосий сабаблар қуйидагилардан иборат:

Зарарли таъсирлардан ҳимоя: ижтимоий тармоқлар болалар ва ёшларни бир қатор эҳтимолий хавфларга дучор қилади. Жумладан, кибербуллинг, зарарли контент ва онлайн фирибгарликлар билан боғлиқ таҳдидлар мавжуд. Киришни чеклаш болаларнинг руҳий ва ҳиссий фаровонлигини ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Соғлом ривожланишни қўллаб-қувватлаш: тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ижтимоий тармоқлардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш мия ривожланишига, уйқу сифатига ва ўқиш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Фото: Getty Images

Онлайн махфийлик билан боғлиқ муаммолар: ижтимоий тармоқ платформалари фойдаланувчилардан жуда катта ҳажмда шахсий маълумотларни йиғади. Болалар эса уларнинг маълумотлари қандай йиғилаётгани, ишлатилаётгани ёки тижорат мақсадларида қўлланаётганини тўлиқ англамаслиги мумкин.

Ота-оналарни қўллаб-қувватлаш: тармоққа киришни чеклаш ота-оналарга фарзандларининг онлайн фаолиятини яхшироқ бошқариш, уларнинг технологиядан назорат остида фойдаланишини таъминлаш имконини беради.

Ёш чекловларини жорий этишдан олдин Австралиянинг кенг жамоатчилиги: саноат вакиллари, фуқаролик жамияти, олимлар ва тадқиқотчилар, таълим соҳаси вакиллари, ота-оналар ва ёшлар билан ҳам бевосита суҳбатлар ўтказилган.

Бундан ташқари, ҳукумат 16 ёшгача бўлган болаларни бу жараёнга тайёрлаш учун ота-оналар, васийлар ва ўқитувчиларни амалий йўриқномалар, ресурслар билан қўллаб-қувватламоқда.

Компаниялар тақиққа риоя қиляпти

4,7 миллионлик бу кўрсаткич – қонун қабул қилинишидан олдин айтилган тахминлардан анча юқори, деб ёзмоқда Reuters. Аҳоли статистик маълумотларига солиштирганда Австралиядаги 10-16 ёш оралиғидаги ҳар бир бола ҳисобига иккитадан ортиқ аккаунт тўғри келмоқда.

Тақиқ дастлаб татбиқ этилган барча компаниялар унга риоя қилишларини маълум қилган. Платформалар қонунга амал қилмаса, 33 миллион АҚШ долларигача жарима солиниши мумкин. Бироқ у болалар ёки уларнинг ота-оналарини жавобгарликка тортмайди.

Платформалар орасида Reddit қонунга риоя қилаётганини билдирган бўлса-да, бироқ у тақиқни бекор қилдириш учун Австралия ҳукуматини судга берган. Ҳукумат эса ўз позициясини ҳимоя қилишини айтмоқда.

Фото: AP Photo

Бундан ташқари, Meta ҳам Австралия ҳукумати талабларини бажарган бўлса-да, тақиққа қарши позициясини сақлаб қолди. Унга кўра, ёшни текшириш бўйича ягона стандарт ва ёшлар учун кенгроқ саноат даражасидаги ҳимоя чоралари жорий этилиши керак. Meta'нинг таъкидлашича, бу чоралар «ўсмирлар кўчиб ўтадиган янги иловаларни қувиб юришдан қочишга» ёрдам беради.

Муаммолар ва «миграция»

Тақиқ танқидчилари уни ижро этиш қийин бўлишини таъкидлаган. Электрон хавфсизлик комиссари Жули Инман Грант айрим вояга етмаганларга тегишли аккаунтлар ҳануз фаол эканини ва тўлиқ мувофиқлик ҳақида гапиришга ҳали эрта эканини айтди.

«Биз хавфсизлик қонунлари ҳар бир қоидабузарликни бутунлай йўқ қилади, деб кутмаймиз. Акс ҳолда тезлик чекловлари ҳам муваффақиятсиз бўларди, чунки қоидаларга қарамай одамлар тезликни оширади», — дейди у.

Австралия алоқа вазирининг мухолифатдаги муқобили Мелисса Макинтош эса ёшлар тармоқларда янги аккаунтлар очиб, текшириш воситаларини бироз грим билан осон айланиб ўтаётганини айтди.

Декабрда айрим кичик ижтимоий тармоқ иловаларини Австралияда юклаб олишлар кескин ошган. Электрон хавфсизлик хизмати бу жараённи «миграция тенденциялари» сифатида кузатишини айтди. Бироқ дастлабки юклаб олишлар барқарор фойдаланишга айланмаган.

Австралия бош вазири Энтони Албанезе ва унинг ҳукумати янги тартибни ҳимоя қилмоқда / Фото: Reuters

Хусусан, кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлган болалар Yope ва Lemon8 каби бошқа платформаларга кўчиб ўтган. Бу платформалар эса тақиқ рўйхатига киритилмаган.

Аслида Австралиядаги қонуний тақиқ барча платформалардан ўз-ўзини баҳолашни, яъни тақиқ уларга татбиқ этилиши керак ёки йўқлигини мустақил аниқлашни талаб қилади. Ҳукумат эса агар ўсмирлар бошқа платформаларга кўчиб ўтса, уларни ҳам қонунга риоя қилишга чақиришини билдирган.

Бундан ташқари, Bluesky каби айрим платформалар ҳукумат эълон қилган дастлабки рўйхатда бўлмаса ҳам, ёшни тасдиқлаш механизмларини жорий қилган.

Руҳий саломатлик бўйича мутахассислар иштирокидаги тадқиқот – ушбу тақиқнинг узоқ муддатли таъсирини бир неча йил давомида кузатиб боради.

Австралия тажрибаси кузатилмоқда

Тақиқнинг ижроси дунё бўйлаб турли ҳукуматларнинг соҳавий регуляторлари томонидан диққат билан кузатилмоқда.

Буюк Британияда Лейбористлар ҳукумати шунга ўхшаш тақиқ жорий этиш босимига дуч келмоқда. Хусусан, консерваторлар етакчиси Кеми Баденох унинг партияси 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқлар тақиқини қўллаб-қувватлашини айтди.

Instagram аккунти чекловга тушган автралиялик ўсмир / Фото: AP Photo

Франция ҳам 2026 йил 1 сентябридан бошлаб 15 ёшгача бўлган ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқламоқчи. Бу ҳақда тегишли қонун лойиҳасининг парламентдаги муҳокамаси шу ойда бўлиб ўтади.

Малайзия, Индонезия ва Қозоғистон шунга ўхшаш қонунларни жорий этишини айтган. Айрим Европа давлатлари ва АҚШнинг бир қатор штатлари ҳам Австралия ортидан эргашиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Мавзуга оид