Жаҳон | 20:02
7197
4 дақиқада ўқилади

Яна бир пропагандачи Марказий Осиё мамлакатлари суверенитетига қарши чиқди

Россиялик файласуф ва Z-пропагандачи Александр Дугин «дунёнинг янги модели»да постсовет маконида суверен давлатлар мавжуд бўла олмаслиги ҳақида гапирди. У Россия назоратида бўлмаган давлатлар АҚШ ва Европа Иттифоқининг ёки Хитойнинг «қалъалари»га айланишини таъкидлаган.

Фото: Дмитрий Астахов / РИА Новости

Шу кунларда эълон қилинган интервюсида Дугин «уч қутбли дунё» шаклланиши ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, бу дунёда Россия «куч маркази»га айланиши ва атрофдаги ҳудудларни ўз назоратига олиши керак.

«Барча нарса шиддат билан ўзгармоқда, аммо бизнинг мақсадимиз бу уч қутбли дунёда энг муҳим куч марказига айланиш – суверен, эркин, мустақил, улкан. Ва биз ўз назоратимизга олмаган барча ҳудудлар бетараф ҳудудлар бўлиб қолмайди, улар шундай бир ёқимли, тинч Швейцария бўлиб қолмайди», – деган у.

Дугиннинг сўзларига кўра, Россия назорати остида бўлмайдиган ҳудудлар АҚШ ва Европа Иттифоқи, шунингдек, Хитойнинг «форпостлари»га айланади. «Улар ёки бизнинг ягона иттифоқимизнинг бир қисмига, ёки Ғарбнинг плацдармига айланади», – дейди назариётчи.

Шундан кейин Дугин миллий давлатлар даври «тугагани»ни айтиб, Ўзбекистон ва собиқ иттифоқ таркибида бўлган бошқа республикалар суверенитетини амалда рад этган.

«Шу сабабли суверен Арманистон ёки суверен Грузия ёки суверен Озарбойжон, суверен Қозоғистон, суверен Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон мавжудлигига рози бўлиб бўлмайди. Ушбу янги моделда ҳеч қандай суверен нарса мавжуд бўлиши мумкин эмас. Тамом, суверенитет тугади, миллий давлатлар ўтмишда қолди. Бу чиқинди», – деди у.

Маълумот учун, Александр Дугин – россиялик файласуф ва публицист, неоевросиёчиликнинг асосий мафкурачиларидан бири ҳисобланади. 

У Foreign Policy журнали томонидан 2014 йилда дунёнинг энг нуфузли 100 нафар мутафаккири рўйхатига киритилган. У Илин номидаги Олий сиёсий мактабни ҳамда Халқаро Евросиё ҳаракатини бошқаради.

Дугин бир неча бор ултрамиллатчи ва радикал қарашлари (кўплаб тадқиқотчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан фашистик ёки фашизмга яқин деб баҳоланган) учун кўп марта танқидга учраган. У «душман» давлатларга куч ишлатиш ва уларни йўқ қилишга чақириши, шунингдек, антилиберал, Ғарбга ва Украинага қарши риторикаси билан танилган. DW маълумотларига кўра, у бир неча йилдан бери Қозоғистонда персона нон-грата деб эълон қилинган.

Бундан олдинроқ, россиялик яна бир пропагандачи Владимир Соловёв Россия Украинада бўлгани каби Арманистон ва Марказий Осиё давлатларида ҳам «махсус ҳарбий операция» бошлаши кераклиги ҳақида гапириб, буни «миллий хавфсизликни таъминлаш масаласи» деб атаган. Унинг бу сўзлари интернетнинг ўзбек сегментида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, «Юксалиш» умуммилий ҳаракат раиси Бобур Бекмуродов «бундай провокациялар қўшниларни душманга айлантиришини, Ўзбекистонда ўзини ҳимоя қилиш учун ирода ҳам, ресурс ҳам, жасорат ҳам етарли» эканини таъкидлади.

Россия ТИВ расмийси Мария Захарова эса Соловёвнинг сўзлари юзасидан изоҳида «бу телебошловчининг шахсий фикри» бўлгани ва бу сўзлар ҳукумат позициясини ифода этмаслигини билдирди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид