Жамият | 21:17
7289
9 дақиқада ўқилади

10 та тухум, 3 та банан ва минглаб қурбон: PGM “тўри” кўплаб ўзбекистонликларни ўз домига тортди

Ўзбекистонда минглаб фуқаро навбатдаги молиявий пирамидага чув тушди. Бу сафар Pioneer Global Media номи остидаги платформа 6 ой ичида осон пул топиш илинжидаги фуқаролар чўнтагини қоқиб олди. Унга алданганларнинг кўпи кредит олиб ёки қарз кўтариб, пул тиккан. Одамлар кўнглига “10 та тухум, 4 та шашлик ва 3 та банан” билан кириб борган PGM уларнинг миллионлаб пулини ўзлаштира олди. Бу ҳақда Kun.uz’га хабар берган шахс 146 млн сўмидан айрилган. Афсуски, бундайларнинг аниқ сони маълум эмас.

Сунъий интеллект чизган сурат

Минглаб ўзбекистонликлар навбатдаги молиявий пирамидага алданди. Бу сафар PGM, яъни Pioneer Global Media номи остидаги платформа 6 ойда “уруғ қадаб”, “ҳосил”ни ҳам йиғиштириб олишга улгурди.

PGM нима?

Pioneer Global Media платформаси шакли ва услуби аввалгиларидан умуман фарқ қилмайдиган молиявий пирамида. Компания Лондонда жойлашгани, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш фаолияти билан шуғулланиши айтилади. Компания сертификатлари сифатида исталган одам ясаши мумкин бўлган иккита сурат келтирилган.

“2009 йилда ташкил этилган PGM ўзининг ижодий ва самарали реклама агентлиги билан машҳур бўлиб, йирик шаҳар марказларида фаолият юритади. PGM YouTube, Instagram, TikTok, Facebook, Globoplay, Messenger, Steam ва бошқалар каби йирик глобал ижтимоий дастурий таъминот ва ўйин операторлари билан реклама бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди”, дейилади платформанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

PGM 2019 йилда Ўзбекистонга рақамли тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳаллий технологик экотизимни мустаҳкамлаш мақсадида кириб келгани маълум қилинган.

PGM’нинг онлайн ходимлари дастурни юклаб олганидан сўнг компания реклама учун ҳамкорлардан ҳақ олиши, ушбу тўловларнинг 70-80 фоизи онлайн ходимларга иш ҳақи сифатида тўланиши билдирилган. Онлайн ходимлар гўёки меҳнат депозити сифатида пул тикишлари керак. Сўнгра уларга кунлик вазифа топширилади. Вазифалар асосан қандайдир иловаларни юклаб олиш билан боғлиқ. Вазифа бажарилгач онлайн ходимга кунлик ҳақ тўланади.

Албатта, буларнинг бари ушбу платформа аслида молиявий пирамида эканини яшириб туриш учун фойдаланилган ёлғон. Асосий мақсад эса депозит қўйдириш орқали одамларни чув тушириш.

Қандай “илдиз отди”?

Ушбу молиявий пирамида Telegram’да бир нечта канал ва гуруҳларга эга. Улардаги маълумотлар ва даврлар таҳлил қилиб кўрилса, PGM 2025 йил май ойи бошларида тарғиб қилина бошлагани маълум бўлади.

Масалан, қарийб 42 минг аъзога эга бўлган Pioneer Global Media LTD канали 2022 йил 14 декабрда яратилгани қайд этилган. Ундаги илк хабар шу куни эълон қилинган. Бироқ ушбу хабар таҳрирланган. Ундан кейинги хабар эса 2025 йил 29 апрел куни жойлаштирилган.

Бундан англаш мумкинки, 2022 йил яратилган канал сотиб олинган ҳамда номи ўзгартирилиб, ундаги маълумотлар ўчириб ташланган ҳолда илк хабар таҳрирланган. Бу орқали гўёки PGM 2022 йилдан бери мавжуд экани ҳақида тасаввур уйғотишга ҳаракат қилинган. “PGM kompaniyasi haqida ma'lumot” номли бошқа бир канал эса 2025 йил 11 август куни яратилган.

PGM платформаси 2025 йил май ойида тарғиботни бошлаб, июн-июл ойларида фаоллаша борган. Аввало ўзини ўзига дегандай ортидан кўпроқ одам эргаштириб, гуруҳ туза олганлар рағбатлантирилган. Уларга жамоаси билан дастурхон атрофида тадбир ўтказиш, жамоаси аъзоларига турли маҳсулотлар тарқатиш учун маблағлар ажратилган. Маҳсулот олган одамлардан эса уяли телефонида PGM дастурини кўрсатган ҳолда суратга тушиб бериши талаб этилган. Сўнгра ушбу суратлардан янада кўпроқ одамларни ишонтиришда фойдаланишган.

Тарқатилган маҳсулотлар эса турлича: мева, тухум, ёғ, макарон, сут, гуруч ва шу каби маҳсулотлар.

Шунингдек, турли тадбирлар уюштирилиб, уларда ҳам фаол тарғибот ишлари олиб борилган.

Бундан ташқари, ҳудудларда озиқ-овқат дўкони бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар жалб этилиб, уларнинг савдо нуқталаридан ҳам фаол фойдаланилган.

Шубҳали тўлов

Платформага қўшилиш ва ишлаш учун пул тикиш талаб қилинган. Тикиладиган пул миқдори эса ишлаб чиқилган даражаларга қараб ошиб борган. Масалан, юқори даражада кўпроқ пул тикиш ва шунга мос равишда кўпроқ пул ишлаш таклиф этилган. Даромад миқдори катта фоизларда ваъда қилинган.

Депозитга қўйиладиган, яъни PGM’га қўшилиш учун тикиладиган пул қандайдир расмий ҳисоб рақамларга эмас, P2P кўринишида кимларнингдир банк карталарига ўтказилган.

Аввалги молиявий пирамидалардан фарқли жиҳати, пул ўтказмалари қабул қилинган банк картаси эгаси бундан хабардор бўлиши мумкин. Масалан, PGM’га алданган кўплар депозит суммаларини Қаҳрамон Олимов исмли шахснинг банк карталарига P2P кўринишида ўтказган.

Бу бир нечта мисол. Аслида, Қаҳрамон Олимовнинг банк карталарига PGM билан боғлиқ кўплаб пул ўтказмалари амалга оширилган. Kun.uz’нинг аниқлик киритишича, 1969 йилда туғилган Олимов Қаҳрамон Абдуқаюмович Фарғона вилояти Бувайда туманида истиқомат қилади. Айнан унинг ўзи ҳам PGM аъзоси бўлган.

Қаҳрамон Олимов PGM молиявий пирамидасида парда ортида турганларнинг топшириғини бажарган бўлиши мумкин. Негаки, у банк карталарида йиғилган маблағлардан ўзига берилган рўйхат асосида PGM аъзоларига гўёки даромади сифатида пул ўтказмаларини амалга ошириб келган.

Аслида, PGM’га гўёки меҳнат депозити сифатида пул тикканлар ўнлаб шахсларнинг банк карталарига ўтказмаларни амалга оширишган. Қаҳрамон Олимов ҳамда бошқалар ўзлари билган ёки билмаган ҳолатда, балки маълум бир ҳақ эвазига PGM ортида турганлар ва алданганлар ўртасида молиявий кўприк вазифасини бажариб берган бўлиши мумкин. Улар банк карталарига йиғилган миллиардлаб пул маблағларини қандай тартибда кимга ўтказгани эса таҳририятга қоронғи.

Парда ортидагилар ким?

Kun.uz молиявий пирамидалар ҳақида кўплаб суриштирувлар эълон қилган. Видео кўриш орқали пул ишлашни таклиф қилган Aif ва Whats, “powerbank ижараси”дан даромад олишга чақирган Parker, одамларни “китоб ўқиш орқали пул топиш” баҳонасида чув туширган OMD ҳамда яқиндагина кўплаб ўзбекистонликларнинг чўнтагини шилиб кетган, “орган” ходимлари ҳам тарғиботига қўшилган XCM шулар жумласидан.

Минглаб инсонларни чув туширган, бири ёпилса бошқаси янгидан очилаётган ушбу молиявий пирамидалар ортида бир гуруҳ тургани тобора ойдинлашиб бормоқда. Негаки, улар услуб ва шакл жиҳатдан бир хил. Қолаверса, айримларида яқин ўхшашликлар бор.

Масалан, “китоб ўқиш орқали пул топиш”ни таклиф қилган ҳамда минглаб одамларни чув туширган OMD молиявий пирамидаси 2025 йил май ойида ёпилган. Айни шу пайтда PGM тарғиботи фаол бошлаб юборилган.

OMD’га аъзо бўлиш учун одамлар томонидан пул ўтказилган банк карталари орасида Дилноза Ҳожиева исмли шахснинг банк картаси бор.

PGM молиявий пирамидасида ҳам одамларнинг пулини йиғиб олишда айнан шундай исмли шахснинг банк карталари ишлатилган.

Агар ушбу шахснинг ўзи бундан бехабар, банк карталари эса виртуал бўлса, демак, Дилноза Ҳожиеванинг шахсий маълумотлари битта гуруҳнинг қўлида. Бу OMD ва PGM молиявий пирамидаларининг ортида битта гуруҳ тургани ҳақидаги тахминни ўртага чиқаради. Агар бан карталари одатий ҳамда банкка фуқаронинг ўзи бориб очтирган бўлса, унда Дилноза Ҳожиева ушбу гуруҳга “хизмат” қилади, деган гумон пайдо бўлади. Ҳар икки ҳолатда ҳам Дилноза Ҳожиеванинг “изи” бир гуруҳга олиб боради.

Ўрта бўғин”ни узиш вақти келди

Ўтган 2-3 йил ичида Ўзбекистонда бири йўқолса бошқаси пайдо бўлаётган молиявий пирамидалар учта бўғинни юзага келтирда: юқори бўғин – парда ортидаги асосий жиноятчилар, ўрта бўғин – молиявий пирамида эканини билган ҳолда ортидан эргаштирувчилар, қуйи бўғин – ишонувчан жабрланувчилар.

Бу ерда асосий йўқотувчилар қуйи бўғиндагилар бўлиб қолмоқда. Негаки, ўрта бўғиндагилар бошқаларнинг тўлови ҳисобига одатда зарарга киришмайди. Ўзбекистонда пайдо бўлган исталган молиявий пирамида таҳлил қилиб кўрилса, 10-15 кишини алдаган бир киши, гуруҳбоши топилади. У “фарвон ҳаёт” эртагини ўқиб, одамларни ишонтиради. Айримлар ҳатто буни касб қилиб олди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар асосий жиноятчиларни топишнинг уддасидан чиқолмаётган экан, ҳеч йўқса ана шу ўрта бўғинни узиши керак. Йўқса, минглаб одамлар алданишда давом этаверади.

Kun.uz яна бир бор юртдошларимизни турли шубҳали платформаларга ишонмасликка ва пулларини сарфламасликка чақириб қолади. 

Мавзуга оид