Жамият | 22:10 / 27.01.2026
9394
3 дақиқада ўқилади

«Эркалатиб юбордик» – россиялик пропагандачи Марказий Осиё давлатлари «ўз ўрнини билиши» кераклигини айтди

Михеев ушбу мамлакатлар «ўз хатти-ҳаракатлари ҳақида ўйлаб кўриши» ва «ўз ўрнини билиши» кераклигини таъкидлаб, Украина атрофидаги вазият билан параллел ўтказган.

Фото: Видеодан кадр

«Россия 1» телеканали эфирида Марказий Осиё ва Кавказдаги суверен республикалар манзилига қаратилган навбатдаги баҳсли баёнотлар янгради. Пропагандачи Владимир Соловёв бошловчилигидаги «Вечер с Владимиром Соловьёвым» кўрсатуви эфирида меҳмон бўлган политолог Сергей Михеев минтақа давлатлари ташқи сиёсатини танқид қилиб, амалда уларнинг тенг ҳуқуқли шериклик ҳуқуқини рад этган.

Муҳокама чоғида у Россия кўп йиллар давомида минтақа давлатларини қўллаб-қувватлаб келгани, бироқ, бу уларнинг «эркаланиб кетиши»га олиб келганини айтган.

У постсовет мамлакатлари бўйича сиёсатни қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлаган.

«Россия барчага қарздор бўладиган вазият – Россия эса ҳеч кимга қарздор эмас – бу боши берк бўлган вазиятдир. Ҳа, бу постсовет мамлакатларига доимо бизни турли лойиҳалар билан шантаж қилишга имкон беради...

Биз шусиз ҳам уларнинг кўплаб муаммоларини ҳал қилиб беряпмиз. Бу меҳнат миграциясига ҳам, биз кўрсатаётган ёрдамга ҳам ва бошқа кўп нарсаларга ҳам тааллуқли. Аммо доим биз қарздордекмиз.

Менимча, хафа бўлманглар, аммо бундай оҳанг ҳозир Украина билан содир бўлаётган воқеаларнинг сабабларидан бирига айланганди», – дейди у. 

Шундан сўнг бошловчи Владимир Соловёв гапга қўшилиб, бу фикрни қатъийроқ шаклда билдиргани, «асаби бузуқлар» эса элчини чақиртиришганидан нолиган.

– Владимир, биласизми, улар нима учун бундай қизиққон?

– Чунки улар мен ҳақлигимни билишади (кулги).

– Бу биринчи сабаб. Иккинчи сабаб ҳам бор – биз уларни эркалатиб юборганмиз. Биз уларни эркалатиб юбордик...

Улар ўз ўрнини билиши керак... Яна бир бор такрорлайман: биз шундоқ ҳам уларнинг кўплаб муаммоларини ҳал қилиб берганмиз.

Олдинроқ Владимир Соловёв ўз муаллифлигидаги «Соловьёв Live» кўрсатуви эфирида Россия асосий эътиборини яқин хориж мамлакатларига қаратиши лозимлигини айтганди. У Марказий Осиёни «бизники» деб атаган ва бу минтақанинг Москва учун стратегик аҳамиятини қайд этганди. У Россия «миллий хавфсизликни таъминлаш» учун Украинада бўлгани каби Арманистон ва Марказий Осиё давлатларида ҳам «махсус ҳарбий операция» бошлаши кераклиги ҳақида гапирганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид