Иқтисодиёт | 21:51 / 28.01.2026
6804
2 дақиқада ўқилади

Yangi Bank'ни сотиш масаласи ҳам кўрилган, лекин инвестор топилмаган — Ишметов

Марказий банк раиси Тимур Ишметов қатор талабларни бажармай келган Yangi Bank лицензияси нега эртароқ бекор қилинмаганини изоҳлади. Унинг айтишича, банк акциядорлари устав капиталини бошқа бизнесларидаги дивидендлар ҳисобига тўлдиришни ваъда беришган. Шунингдек, улар банкни бошқа потенциал инвесторларга сотишни ҳам муҳокама қилган. «Қарорни банкнинг активлари мажбуриятларидан тушиб кетмаган пайти қабул қилдик», деди Ишметов.

Фото: Kun.uz

28 январь куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида регулятор раҳбари Тимур Ишметов нима учун қатор талабларни бажармай келаётганига қарамай Yangi Bank лицензияси эртароқ бекор қилинмаганлиги ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Ҳар қандай банкни ёпиш – жуда оғриқли масала. Бизга бундай қарор қабул қилиш жуда ҳам қийин. Албатта, ҳар доим қатъий қарор қабул қилишимиз керак. Лекин имкон қадар банкни ёпмасдан, уни соғломлаштириш чораларини кўриб борамиз. Чунки ҳар қандай банкнинг ёпилиши – банк тизимига салбий муносабатни туғдириши табиий.

Аввал ёпилмаганининг сабаби – қонунчилик билан бир қатор банкларга қўшимча вақт берганмиз. Қайсидир банклар капиталини талаб даражасига етказишга улгурган, фақат Yangi Bank шунга риоя қила олмаган. 2025 йилнинг биринчи ва иккинчи чораги давомида акциядорлар бошқа бизнесидаги дивидендлар ҳисобига банк устав капиталини тўлдиришини маълум қилишганди. Биз имкон бердик. Максимал банкларнинг фаолиятини давом эттириши тарафдори бўламиз. Лекин ваъда берилган муддатда капитализация амалга оширилмагани билан бир пайтда, банкнинг молиявий ҳолати ёмонлашиб борди. Қарорни банкнинг активлари мажбуриятларидан тушиб кетмаган пайтда қабул қилдик. Ҳозирча банк активлари бор, бир қисми ликвидли актив, яъни пул бор. Бир қисми – кредитлар. Кредит портфели бор, бошқа банкларга сотса бўлади. Сал ликвидлиги пастроғи ҳам бор.

Демак, акциядорлар капитализацияни қила олмаслигига амин бўлдик. Иккинчидан, [банк эгалари томонидан] бошқа потенциал инвесторларга сотиш муҳокамаси ҳам бўлган (норасмий), бошқа инвестор ҳам топилмаган», деди регулятор раҳбари.

Аввалроқ, Yangi Bank устав капитали миқдорини белгиланган минимум даражага етказмагани, шунингдек, қонунчиликдаги айрим талабларни бажармагани учун лицензиясидан маҳрум этилган ва банкни тугатиш комиссия иш бошлаган эди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров

Мавзуга оид