Жамият | 20:30
3940
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда сохта косметолог хавфли рецидивист бўлиб чиқди

Ижтимоий тармоқлар орқали ўзини малакали косметолог сифатида кўрсатиб келган аёл аслида олдин ҳам судланган хавфли рецидивист экани аниқланди. Сохта косметолог кўкрак ва думба соҳасини катталаштириш юзасидан унга мурожаат қилган аёлларга биогел юборган ҳолда тан жароҳати етказган.

Фото: Сунъий интеллект томонидан яратилган сурат

Тошкент шаҳрида сохта косметолог жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд маълумотлари билан танишди.

Маълум бўлишича, М.Г. ижтимоий тармоқларда косметологик муолажалар ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун махсус маълумот ва лицензияси борлиги, бу соҳада юқори тажрибага эгалиги ҳақида ёлғон маълумот тарқатиб келган. У 25 ёшли М.Б.ни кўкрак ва думба соҳасини катталаштириб беришга ишонтириб, унга биогел юборган. Сўнгра мижознинг 1 200 долларини қўлга киритган.

Бунинг оқибатида М.Б. ўртача оғирликдаги тан жароҳати олган. Суд тиббий экспертиза хулосасига кўра, унинг ўнг ва чап кўкрак безлари соҳаларида гелли инъекциядан кейинги ҳосила, ўнг ва чап думба соҳасида муолажадан кейинги чандиқлар пайдо бўлган. Ушбу ўзгаришларга муолажа техникасининг бузилиши, сертификатга эга бўлмаган препаратдан фойдаланиш, мутахассисда анатомия бўйича билимлар ва инъекцион муолажаларни ўтказиш кўникмалари етишмаслиги сабаб бўлгани аниқланган.

Қайд этилишича, жабрланувчида ўтказилган муолажалар пластик жарроҳи, шифокор дерматолог, дерматокосметолог томонидан бажарилиши керак бўлган.

Суднинг ҳукми билан сохта косметолог Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди ва 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга тиббий косметологик муолажалар фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 150 млн сўм жарима жазоси тайинланган. Жаримани давлат фойдасига ундириш белгиланган.

Маълум бўлишича, М.Г. аввал шу турдаги фирибгарлик билан судланган. Жумладан, у ЖИБ Миробод туман судининг 2024 йил 7 июндаги ҳукми билан айбли деб топилган ва жазога тортилган. Шунингдек, М.Г. хавфли рецидивист деб топилган.

МИБ матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, сохта косметологдан жаримани ундириш жараёнида унга тегишли Тracker 2 машинаси аниқланган.

Қидирув тадбирларидан сўнг машина хатланиб, жарима майдончасига жойлаштирилган.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров

Мавзуга оид