Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эпштейн досьеси. Янги эълон қилинган файлларда қандай янги гаплар бор?
АҚШ Адлия вазирлиги жинсий жиноятлар учун судланган ва қамоқхонада вафот этган Жеффри Эпштейн иши бўйича миллионлаб янги ҳужжатларни эълон қилди. Бу ушбу ишга алоқадор барча материалларни очиқлаш ҳақидаги қонун қабул қилинганидан бери эълон қилинган энг кўп ҳужжат бўлди.
House Oversight Committee
Ўтган ҳафта охирида АҚШ Адлия вазирлиги ўз вақтида бадавлат ва нуфузли молиячи бўлган, кейин эса қамоқхонада вафот этган Жеффри Эпштейн ҳужжатларининг янги тўпламини эълон қилди. Бу Эпштейн ишидаги энг катта архив (уч миллион саҳифадан ортиқ), шу билан бирга сўнггисидир: Адлия вазирлиги янги релизлар чиқарилиши режалаштирилмаганини маълум қилган. Бу қадар кўп ҳужжатни батафсил ўрганиш учун жуда кўп вақт талаб этилади. Аммо журналистлар аллақачон Эпштейн файлларида машҳур одамлардан кимлар тилга олинганини аниқлашга улгурди. «Медуза» файлларда кимларнинг фамилиялари чиққанини кўриб чиқди.
Жеффри Эпштейн ким ўзи?
Жеффри Эпштейн 1980-йилларда шубҳали схемалар орқали бойлик орттирган америкалик молиячидир. У кўплаб бадавлат ва нуфузли танишларга эга эди, бундай муносабатлар унинг ҳам мавқейини кўтарар, ҳам янги даромадлар келтирарди. 1990-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларида Эпштейннинг яқин дўстлари қаторида АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон, британиялик шаҳзода Эндрю, техномагнат Билл Гейтс, шунингдек, йирик қурувчи ҳамда Американинг бўлажак президенти Доналд Трамп кабилар бор эди.
US Attorney Office / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Эпштейн ёшлигидан кўплаб аёллар билан яқин муносабатлар ўрнатган. У ўз танишларига ҳам кўнгилхушлик қилиш учун аёллар топишда бажонидил ёрдам берарди. Вақт ўтиб унинг бу хизмати конвейерга айланади: Эпштейн ва унинг ёрдамчиси Гилейн Максвелл унинг ўзига ва унинг дўстлари учун ёш қизларни (кўп ҳолларда вояга етмаган қизларни) қидирарди. Кўплаб қизларга жинсий алоқа учун пул тўланган.
2005 йилда Эпштейн вояга етмаган қизларни бадном қилиш ва одам савдосида айбланади. У тергов органлари билан келишувга боради ва атиги 13 ойлик қамоқ жазоси билан қутулиб қолади. 2019 йилда уни яна худди шундай айбловлар билан қўлга олишади. Бир ой ўтиб Эпштейн қамоқхона камерасида ўз жонига қасд қилади. Унинг шериги Гилейн Максвелл эса 2022 йилда 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Суд қарорига кўра, у Эпштейн ва унинг атрофидагилар учун топиб келган аксар қизлар 14 ёшда бўлган.
Эпштейннинг ўлимидан кейин унда «мижозлар рўйхати» бўлгани ва у шу рўйхатдагилар буюртмаси билан ўлдирилгани ҳақида назария пайдо бўлган. Хусусан, Доналд Трамп шундай назарияни илгари сурган – бу вақтга келиб кўчмас мулк можароси туфайли уларнинг ораси бузилганди. Трамп бу орқали Клинтонлар оиласини ёмонотлиқ қилишга уринганди, аммо якунда унинг ўзи панд еди: 2025 йилда, президентликка қайта сайланганида, у «мижозлар рўйхати» бўлмаганини тан олади ва Эпштейннинг ўлимида жиноий аломатлар йўқлигини айтади. Бу эса Трампнинг лагеридагиларнинг ғазабини келтиради. Якунда Трамп 2025 йил ноябрида Эпштейн жиноий иши бўйича барча материалларни очиқлаш ҳақидаги қонунни имзолашига тўғри келади.
Mandel Ngan / AFP / Scanpix / LETA
Сўнгги кунларда нималар бўлди?
30 январ куни АҚШ Адлия вазирлиги Жеффри Эпштейн иши бўйича янги файлларни эълон қилди. Бу файллар Эпштейн ва унинг жиноий шериги Гилен Максвелл билан боғлиқ жиноий ишларни тергов қилиш жараёнида тўпланган 3 миллион саҳифалик матнлар, 180 мингта фотосурат ва 2 мингта видеоёзувларни ўз ичига олади. Бу молиячига алоқадор файлларнинг энг йирик нашри ва афтидан, охиргиси бўлди. АҚШ Адлия вазирлиги шу билан 2025 йил ноябрида Эпштейн ҳужжатларини эълон қилиш тўғрисида қабул қилинган қонун бўйича ўз мажбуриятларини бажарган деб ҳисоблашини маълум қилган.
Вазирлик жами (охирги релиз билан қўшиб ҳисоблаганда) молиячи архивидаги 6 миллион саҳифадан 3,5 миллион саҳифа очиқланганини маълум қилган. Идора версиясига кўра, қолган ҳужжатлар турли сабабларга кўра, жумладан, Эпштей ва Максвеллнинг ҳаракатларидан жабрланганларни ҳимоя қилиш зарурати туфайли ошкор этилмайди. Шу билан бирга, Конгрессдаги демократлар бир вақтлар ўзи Эпштейн билан дўст бўлган Доналд Трампнинг маъмурияти масалага виждонан ёндашаётганига шубҳа билан қарамоқда ва ҳужжатларнинг тўлиқ архиви ошкор этилишига эришмоқчи.
Ўтган бир неча кун ичида журналистлар Эпштейн файлларининг янги қисмини ўрганишни бошлади. Улар биринчи навбатда таниқли номларни қидиришга эътибор қаратмоқда – Эпштейн яхши алоқаларга эга ва улардан кенг фойдаланган. У кўплаб нуфузли кишилар билан тўғридан тўғри мулоқот қилган, шу билан бирга, ёзишмаларда бошқаларнинг номларини ҳам тилга олган.
Эпштейннинг янги файлларида кимларнинг номлари бор?
Доналд Трамп, АҚШ президенти
Эпштейннинг сўнгги электрон хатлари партиясида Трампнинг фамилияси келтирилган беш мингдан ортиқ файл бор. Аммо бу тўғридан тўғри ёзишмалар эмас, балки шунчаки унинг номи эслаб ўтилган, кўп ҳолатларда Эпштейннинг хатларида ҳам эмас, балки у ҳавола келтирган газеталарнинг мақолаларида. Бундан ташқари, архивда 2025 йилда ФҚБ томонидан Трамп ҳамда АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтонга нисбатан тузилган жинсий зўравонлик айбловлари рўйхати ҳам бор. Афтидан, бу тасдиқланмаган айбловлардир. Трамп ҳам, Клинтон ҳам Эпштейнинг даврасида бўлган, аммо унинг жиноятларидан хабардор бўлганини рад этишган.
Илон Маск, дунёнинг энг бадавлат одами
Маск Эпштейн билан 2010-йилларнинг биринчи ярмида ёзишмалар олиб борган. Улар Эпштейннинг Кариб денгизидаги шахсий оролида уюштирилган зиёфатларни ҳам муҳокама қилишган. Аввалроқ Маск Эпштейн уни ўз оролига олиб келишга «беҳуда урингани» ҳақида айтганди, аммо эълон қилинган хатлар Маскнинг ўзи ҳам ушбу оролга боришга қарши бўлмаганини кўрсатади. 2012 йил охирида юборилган хатда у Эпштейндан «оролимиздаги энг ёввойи зиёфат қачонга режалаштирилган» деб сўраган ва ўша вақтдаги рафиқаси Талула Райли билан бормоқчилигини айтган. Аммо мактубдан бу режа амалга ошган-ошмаганини билиб бўлмайди.
Эндрю, Британия қироли Чарлз III’нинг укаси
Эндрю ва Эпштейн ўртасидаги дўстлик ҳақида азалдан маълум. Эндрю Эпштейн жинсий жиноятчи сифатида судланганида ҳам унга содиқ қолганди. Молиячи қамоқда вафот этганидан кейин эса Эндрю унинг хизматларидан фойдаланиб келгани маълум бўлади: Эпштейнга қарши айблов билдирганлардан энг машҳури бўлган Виржиния Жуффре 2001 йилда Эпштейн уни шаҳзода Эндрю билан таништирганида ва у билан жинсий алоқа учун пул тўлаганида 17 ёшда бўлганини айтган (у 2025 йилда ўз жонига қасд қилган).
Эпштейннинг янги эълон қилинган хатларидан билиш мумкинки, Жуффре шаҳзода билан жинсий алоқага мажбурланган ягона аёл бўлмаган: 2010 йилда Эпштейн Эндрюга 26 ёшли рус қиз билан танишишни таклиф этган, у бу аёлни гўзал, ақлли ва «ишончли» деб таърифлаган, Эндрю эса бунга қизиқиш билдирган ва танишишдан хурсанд бўлишини айтган. Бундан ташқари, Эпштейн архивида Эндрюнинг полда чалқанча ётган қандайдир аёл ёнида тиззалаб тургани акс этган фотосуратлари топилган. Бу тасвирлар қачон ва қаерда, қандай шароитда олингани маълум эмас.
Билл Гейтс, Microsoft асосчиси ва миллиардер
Эпштейн Гейтс билан таниш бўлгани ҳам олдиндан маълум эди. ОАВда уларнинг алоқалари Билл ва Мелинда Гейтснинг ажралишига ҳам сабаб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган. Эпштейннинг почтасида 2013 йил июлида ёзилган иккита хат бор, Эпштейн уларни Гейтсга юборган, аммо кейин ўзига қайта йўналтирган (Гейтс уларни очиб ўқигани маълум эмас). Бу хатларда Эпштейн ўзаро дўст бўлишганида унга барча интим масалаларда ёрдам бергани – ҳатто «рус қизлар билан жинсий алоқа» оқибатида орттирилган касалликдан тузалиш учун дорилар топиб бергани, лекин Гейтс энди ўз обрўсини сақлаб қолиш учун у билан ҳамкорлик қилмасликка ва гаплашмасликка қарор қилганидан нолийди. Гейтс эса хатлардаги гаплар ёлғонлигини айтган.
Метте-Марит, Норвегия валиаҳд маликаси
Камида 2011-2014 йилларда олиб борилган дўстона ёзишмаларда Норвегия валиаҳд шаҳзодасининг рафиқаси Метте-Марит Эпштейнни «мафтункор» ва «ёқимтой» деб атаб, Париж «хиёнат қилиш учун мос жой экани»ни айтиб ҳазиллашган ҳамда она учун 15 ёшли ўғлига экранга заставка сифатида сёрфинг тахтасини кўтариб турган икки яланғоч аёл акс этган суратни таклиф қилиш қанчалик ўринли бўлиши ҳақида сўраган. Эпштейн билан алоқаларини 2013 йилда узган Метте-Марит бу алоқаларни «шармандалик» деб атаган.
Ричард Брэнсон, Virgin Group асосчиси ва миллиардер
Янги ҳужжатларга кўра, британиялик тадбиркор Ричард Брэнсон Эпштейнни ўз оролида қабул қилган. 2013 йил сентябрида ёзилган хатда Брэнсон Эпштейнга ташриф учун миннатдорчилик билдиради ва яна келишга таклиф қилади: «Агар бизнинг ўлкаларда бўлсангиз, сизни кўришдан хурсанд бўламиз. Асосийси, ҳарамингизни олиб келинг». Virgin Group «ҳарам» сўзи юзасидан изоҳ бериб, Брэнсон ва Эпштейннинг учрашуви иш юзасидан бўлганини, молиячи бу ерга уч нафар «балоғат ёшидаги аёллар» билан келган бўлса-да, улардан ҳеч бири учрашувда иштирок этмаганини маълум қилган.
Бретт Раттнер, кинорежиссёр
«Тиғиз соат» («Час пик») комедияси режиссёри, 2017 йилда харассмент бўйича айбловлардан кейин ғойиб бўлган ва яқинда Мелания Трамп ҳақидаги ҳужжатли филм билан қайтган Раттнер – Эпштейннинг Ню Йоркдаги уйида олинган суратда кўринган. Санаси кўрсатилмаган суратда Раттнер ва Эпштейн диванда икки аёл билан ўтиргани акс этган. Ҳолбуки уч йил муқаддам режиссёр ҳеч қачон Эпштейн билан учрашмаганини айтганди. Энди эса у изоҳ беришдан бош тортмоқда.
Ҳовард Лютник, АҚШ савдо вазири
Ўтган йили, Эпштейннинг файллари билан боғлиқ можаро фонида, Лютник Ню Йоркда у билан қўшни бўлиб яшаганини, 2005 йилда бир марта унинг уйига меҳмонга борганини, лекин уй ўртасида массаж столини кўриб, энди ҳеч қачон «бу жирканч одам билан бир хонада» бўлмасликка қарор қилганини айтганди. Бироқ, янги эълон қилинган ҳужжатлар Лютник ёлғон гапирганини кўрсатади: 2012 йилда у Эпштейн билан электрон почта орқали ёзишмасида рафиқаси ва фарзандлари билан Рождество арафасида унинг шахсий оролига боришга ҳақида гаплашган.
Россиядан кимлар бор?
Владимир Путин, Россия президенти
Путиннинг фамилияси Эпштейннинг эълон қилинган янги ҳужжатлари тўпламида мингдан ортиқ файлда учрайди. Турли одамлар билан ёзишмаларда молиячи Россия президенти билан эҳтимолий учрашувни муҳокама қилган ва ҳатто унинг 2013 йилда кўришиш таклифини рад этганини, чунки унга шартлар тўғри келмаганини айтган. Аммо архив Эпштейн ҳақиқатан ҳам Путин билан учрашганини исботламайди. Шу билан бирга, архивда ФҚБнинг 2017 йилги ҳисоботи мавжуд бўлиб, унда Эпштейн Путиннинг яширин активларини бошқаришга алоқадорлигини даъво қилган манбанинг сўзлари келтирилган. The Daily Mail таблоиди манбалари эса Эпштейн Россия ҳукумати манфаатлари йўлида жосуслик қилганини ҳам тахмин қилади.
Иля Пономарёв, россиялик мухолифатчи
Венчур инвестор, Гейтснинг собиқ маслаҳатчиси ҳамда Эпштейн васияти ижрочиси Борис Николич 2012 йил январида молиячига ўша вақтда Россия давлат думаси депутати бўлган Иля Пономарёвнинг сиёсий фаолияти ҳақида ёзади. Николич Пономарёвни ўшанда бўлиб ўтган «ботқоқ намойишлари»нинг асосий ташкилотчиларидан бири ва «Путиннинг ўрнига келиши мумкин бўлган шахс» деб атаган. Николич Эпштейнни «агар ўлдириб юборилмаса», Пономарёв эртами-кечми, Россия президенти бўлишига ишонтирган.
Виталий Чуркин, россиялик дипломат
Чуркин 2006 йилдан 2017 йилда вафот этгунигача Россиянинг БМТдаги доимий вакили бўлган. У 2016 йилда Эпштейн билан ёзишмалар олиб борган. Уларнинг суҳбатидан маълум бўлишича, Эпштейн россиялик амалдорнинг ўғли Максимга ишга жойлашишда ёрдам берган. «Макс муваффақият қозонмоқда. У шунчаки Американинг ишбилармонлик одатларини тушуниб олиши керак эди», – деган Эпштейн. «Сен ажойиб ўқитувчисан!» – деб жавоб беради унга Чуркин.
Бу архивдаги одамлар ҳақида яна нималарни билиш муҳим?
Унда Россиядан бўлган қизлар бир неча бор тилга олинади: Самара ва Саратов, Нижний Новгород, Омск ва Челябинск областидан. Улардан бири 2010 йилда АҚШдан Россияга Лондон орқали учиб кетаётганида шаҳзода Эндрю билан учрашган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Эпштейннинг 2018 йилги ёзишмаларида Краснодардаги Shtorm модел агентлиги ва унинг Рая исмли моделларидан бири ҳам учрайди. Shtorm асосчиси Дана Борисенко Эпштейн билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва унинг агентлиги ҳеч қачон ҳеч кимни АҚШга ишга юбормаганини айтиб чиқди.
Эпштейннинг шарқий европалик аёлларга бўлган қизиқишини Американинг «Ню-Йорк Жайентс» футбол жамоаси эгаларидан бири бўлган Стив Тиш билан ёзишмалари ҳам тасдиқлайди. 2013 йилда улар Тиш Эпштейн орқали танишган украиналик ва россиялик қизларни муҳокама қилишган.
The Wall Street Journal Эпштейннинг янги файлларида Эпштейн қурбонларидан камида 43 нафарининг исм-шарифлари очиқ кўрсатилгани, улардан йигирмадан ортиғи жиноят содир этилган пайтда вояга етмаган бўлганини ёзиб чиқди (АҚШ Адлия вазирлиги уларни нашр этишдан олдин текшириши керак эди). Бундан ташқари, баъзи номлар файлларда 100 мартадан кўпроқ учрайди. Эпштейн қурбонлари манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокатлар Брэд Эдвардс ва Бриттани Ҳендерсоннинг таъкидлашича, улар маълумотлар эълон қилинишидан олдин махфийлаштирилишини таъминлаш учун 350 нафар жабрланувчининг рўйхатини Адлия вазирлигига олдиндан юборганди. Идора исмлар яширилган ёки яширилмаганини нима учун текширмагани номаълум.
Мавзуга оид
22:26
Трамп Ҳарварддан миллиард доллар «товон пули» талаб қилди
22:20
“АҚШ элитасига ҳам ички, ҳам ташқи ишончсизлик ортяпти” — таҳлилчилар Эпштейн иши ҳақида
12:04
Трамп: Ҳиндистон Россиядан нефт харид қилишни тўхтатишга рози бўлди
22:57 / 02.02.2026