Ўзбекистон | 13:33
4404
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда икки туманга янги ҳокимлар тайинланди

Оқдарё туманида Шерзод Қудратов ўрнига Темур Маҳмудов, Паст Дарғом туманида Шерзод Раҳмонов ўрнига Жамшид Арзиев иш бошлади.

Самарқанд вилояти Оқдарё туманига 2021 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Шерзод Қудратов ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Темур Маҳмудов туманнинг янги ҳокими этиб тайинланди.

Темур Маҳмудов

Бугун, 3 феврал куни халқ депутатлари Оқдарё тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев иштирок этиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, бандликни таъминлашда мавжуд, аммо тўлиқ ишга солинмаётган имкониятлар ҳамда масъул раҳбарлар томонидан ишни ҳамжиҳатликда ташкил этиш масалаларига тўхталди.

Сессия давомида ташкилий масала кўриб чиқилди. Туманнинг амалдаги ҳокими Шерзод Қудратов ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилди. У туманга 2021 йил декабридан буён раҳбарлик қилаётганди.

Унинг ўрнига Темур Асомидинович Маҳмудов номзоди таклиф қилинди. Номзод халқ депутатлари томонидан маъқулланди.

Темур Маҳмудов тайинловга қадар Самарқанд вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келган.

Бугун Паст Дарғом туманида ҳам халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилиб, унда ташкилий масала кўрилди.

Жамшид Арзиев

Туманга 2024 йил июнидан буён раҳбарлик қилиб келган Шерзод Раҳмонов ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилди.

Шу пайтгача  Паст Дарғом тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи вазифасида фаолият кўрсатган Жамшид Арзиевич Пардаев туманнинг янги ҳокими этиб тасдиқланди. 

Сессияда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид