Ўзбекистон | 19:11
2178
3 дақиқада ўқилади

UPay тўлов тизимига эгалик қилувчи «Maroqand» АЖ банкрот деб топилди

Жамиятни тугатишга доир иш юритувини бошлаш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқди.«Maroqand» АЖ ўз навбатида Humans компаниясига тегишли ҳисобланади.

Фото: UPay

Тошкент туманлараро иқтисодий суди 2026 йил 2 феврал куни «Maroqand» акционерлик жамиятини тўловга қобилиятсиз (банкрот) деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритувини бошлаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.

«Maroqand» АЖ UPay тўлов тизимига эгалик қилади. Бу тизим шахсий пул маблағларини назорат қилиш, давлат хизматлари, мобил алоқа, интернет, ўйинлар учун тўлов қилиш, карталар ўртасида пул ўтказиш ҳамда электрон ҳамёнларни тўлдириш учун мўлжалланган тўлов сервиси ҳисобланади.

Компания 2022 йил май ойида Humans финтех-экотизими томонидан тўлиқ сотиб олинган эди. 2024 йил октябр ойида Марказий банк «Maroqand» АЖ тўлов ташкилоти томонидан тақиқланган хизматлар (қимор ўйинлар) учун тўловларни амалга оширишга йўл қўйгани сабабли фаолиятини 6 ой муддатга чеклади.

Шунингдек, 2025 йил октябрида Тошкент туманлараро иқтисодий суди Humans МЧЖ банкрот деб топди.

Оммавий пул ечиб олиш воқеаси

2025 йил 9 декабр куни ижтимоий тармоқларда Humans иловасига уланган банк карталаридан фойдаланувчилар рухсатисиз пуллар ечиб олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Марказий банк мазкур ҳодиса юз берганини расман тасдиқлаб, текширув ишлари бошланганини маълум қилди.

Регулятор ўз ваколатлари доирасида Octogram АЖ (Paylov – савдо белгиси) билан боғланиб, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва эҳтимолий заифликни бартараф этиш мақсадида P2P амалиётларини тўхтатиш бўйича кўрсатма берган. 9 декабрда Humans мобил иловаси орқали Octogram АЖ томонидан олиб борилаётган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.

Кейинроқ Humans ҳолат бўйича изоҳ бериб, пуллар 4-8 декабр кунлари фирибгарлар томонидан ечиб олинганини билдирди. Бунда компаниянинг айби йўқлиги, балки муаммо Paylov хизматида техник хатога йўл қўйилгани ортидан келиб чиққани қайд этилган.

Тергов ва навбатдаги суд

Шу йил январ ойида Humans иловаси орқали 2 мингдан ортиқ шахснинг қарийб 7 млрд сўм пуллари ўғирлангани маълум бўлди. Марказий банк Paylov тўлов ташкилотидаги текширувни якунлаб, хулосасини ИИВга тақдим этган. Жиноят иши қўзғатилиб, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид