Ўзбекистон | 22:33 / 09.02.2026
3743
2 дақиқада ўқилади

Соҳибжон Муродов «Давактив» директори лавозимига тайинланди

Муродов Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари лавозимида аввалроқ президент томонидан қаттиқ танқид қилинган, ишдан олинган ва терговга тортилган Акмалхон Ортиқов ўрнини эгаллади.

Фото: AOKA

Президент қарори билан Соҳибжон Ғофуржонович Муродов Давлат активларини бошқариш агентлиги директори лавозимига тайинланди. Бунгача у агентлик ҳузуридаги «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» акциядорлик жамиятида раҳбар бўлган.

Муродов янги лавозимда аввалроқ президент томонидан қаттиқ танқид қилинган, ишдан олинган ва терговга тортилган Акмалхон Ортиқов ўрнини эгаллади. Президент январ ойидаги йиғилишда Давлат активларини бошқариш агентлигида катта тафтиш кетаётгани ва миллиард-миллиард сўмлик талон-торожликлар аниқланганини айтганди.

Соҳибжон Муродов 1987 йилда туғилган, маълумоти олий. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини, шунингдек, Банк-молия академиясини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Ракат филиали жамғарма касса кассири сифатида бошлаган. 2013—2017 йиллар давомида Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида турли лавозимларда ишлаган. 2017—2021 йилларда Ҳисоб палатаси етакчи инспектори, бош инспектори вазифасини бажарган. 2021 йилдан бери «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» АЖ директори сифатида фаолият юритаётган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид