Жаҳон | 23:34 / 18.02.2026
1388
4 дақиқада ўқилади

Озарбойжон элчихонасига зарбалар тасодифми?

Озарбойжон Киевдаги элчихонасининг координаталарини Россия томонига олдиндан тақдим этган бўлса ҳам, дипломатик ваколатхона атрофида зарбалар қайд этилган. Илҳом Алиев Москвани уч марталаб қасддан зарба берганликда айблади. Ҳолат юзасидан Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар сўз юритди.

Анвар Йўлдошев: Мюнхен конференциясида Илҳом Алиев бу масала юзасидан эътироз билдирди ва бундан норози эканини очиқ айтди. Унга кўра, Озарбойжон аввалдан Россияга ўз элчихоналарининг жойлашуви ва аниқ координаталарини тақдим этган. Россия томони эса Мюнхендаги учрашувдан аввал Озарбойжонга берилган расмий маълумотни эслатди. Уларнинг таъкидлашича, зарбалар фақат ҳарбий объектлар ва энергетика инфратузилмасига қаратилган, Озарбойжон ёки бошқа давлатлар элчихоналари нишонга олинмаган.

Шунингдек, Россия элчихона мажмуасига етказилган зарар тўғридан тўғри ракета зарбаси натижасида эмас, балки Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан ракета уриб туширилиши оқибатида юзага келганини билдирди. Яъни ракета ҲҲМ томонидан уриб туширилган ва унинг парчаланиши оқибатида зарар етган.

Албатта, бу Россиянинг расмий позицияси. Ҳозирча ракетанинг бевосита урилгани ёки ҲҲМ аралашуви натижасида қулагани масаласида аниқ ва мустақил тасдиқланган хулоса йўқ. Оммавий ахборот воситаларида Озарбойжоннинг Украинага кўрсатаётган ёрдами сабаб Россия атайлаб огоҳлантириш берган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам тахминлар бор. Бироқ менинг фикримча, Россия элчихоналарга атайлаб зарба беришни мақсад қилган деган даъвони тасдиқловчи далиллар ҳозирча мавжуд эмас.

Камолиддин Раббимов: Менимча, бу тасодифий зарба эмас. Киевда ўнлаб элчихоналар бор, эҳтимол 70–100 тага яқин. Дунё давлатлари сонини ҳисобга олсак, уларнинг катта қисми Украинада дипломатик ваколатхонага эга. Шундай экан, зарба айнан Озарбойжон элчихонаси ҳудудига уч марта тўғри келгани табиий савол уйғотади. Буни оддий тасодиф деб изоҳлаш қийин. Ҳатто Россия пропагандасига яқин айрим манбалар ҳам бир сафар ҳодиса юз берганини тан олган.

Агар кимдир атайлаб провокация қилмоқчи бўлса, йирик давлатлар: АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия ёки Полша элчихоналарини нишонга олиш орқали катта сиёсий резонанс келтириб чиқариши мумкин эди. Озарбойжон постсовет ҳудудидаги нисбатан кичик давлат бўлса-да, зарбалар айнан унинг элчихонаси атрофида такрорлангани эътиборни тортади.

Илҳом Алиев айтяптики, бу бир марталик ҳолат эмас. Россия томони эса Киевнинг бошқа ҳудудларига зарба берилганини, ракета траекторияси Украина ҲҲМ тизими томонидан ўзгартирилгани сабабли нохуш оқибат юзага келганини билдирган.

Ҳатто бир сафар расмий доиралар “шундай бўлиб қолганидан афсусдамиз” деган мазмунда баёнот ҳам берган. Бу эса, айрим талқинларга кўра, билвосита масъулиятни тан олиш сифатида кўриляпти. Озарбойжон бугун ўзини мустақил давлат сифатида тутяпти ва Москвадан тенг муносабат талаб қилмоқда. Боку позициясига кўра, у ҳеч кимга тажовуз қилмаяпти ва ўз суверенитетини ҳимоя қилишга ҳақли. Менинг назаримда, Россиянинг асосий мақсади Озарбойжонга ва умуман постсовет ҳудудидаги давлатларга босим ўтказиш.

Алиевнинг айтишича, биринчи ҳодиса тасодиф деб қабул қилинган, аммо воқеалар такрорлангач, бу атайлаб қилинаётган босим бўлиши мумкин деган хулосага келишган. Шу билан бирга, элчихонани ёки дипломатларни қасддан нишонга олиш эҳтимоли паст, чунки бу катта халқаро можарога сабаб бўлади. Кўпроқ бу сиёсий сигнал, огоҳлантириш сифатида талқин қилинмоқда: яъни минтақа давлатлари ташқи сиёсатда Москва манфаатларини инобатга олиши керак деган ишора берилмоқда.

Суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов

Мавзуга оид