Ўзбекистон | 21:42
2163
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистон ва Покистонни ўт очишни дарҳол тўхтатишга чақирди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара ҳудудида вазиятнинг кескинлашаётганидан чуқур хавотир билдириб, барча келишмовчиликлар фақат тинч йўл билан, сиёсий ва дипломатик мулоқотлар орқали, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва ўзаро ҳурмат принциплари асосида ҳал этилиши лозимлигини таъкидлаб, баёнот берди.

Фото: AFP

Ўзбекистон Республикаси Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара ҳудудида вазиятнинг кескинлашаётганидан чуқур хавотирдалигини билдиради. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 27 феврал куни эълон қилинган баёнотида айтилади.

«Биз томонларни дарҳол отишмани тўхтатишга, вазминликка ва кескинликнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз. Шунингдек, Ўзбекистон томони юзага келадиган барча келишмовчиликлар фақат тинч йўл билан, сиёсий ва дипломатик мулоқотлар орқали, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва ўзаро ҳурмат принциплари асосида ҳал этилиши лозимлигини яна бир бор таъкидлайди», дейилади баёнотда.

26 феврал куни Афғонистон томони Покистон кучларининг зарбаларига жавобан чегара ҳудудларда махсус амалиёт бошлаганини маълум қилди. Покистон ўтган ҳафтада «Таҳрики-Толибон Покистон» ва «ИШИД — Хуросон вилояти» гуруҳларининг Афғонистон шарқида жойлашган лагерлари бўйлаб зарбалар йўллаганди. Покистон ҳукумати бу зарбалар Покистонда содир этилган давомли терактларга жавобан амалга оширилганини маълум қилди. Исломободга кўра, ушбу гуруҳлар етакчилари Афғонистон ҳудудида яширинган ва шу ердан туриб Покистондаги ҳужумларни режалаштириб келмоқда.

Покистон мудофаа вазири Ҳаваж Асиф Афғонистон бошқарувидаги «Толибон» ҳаракати билан «очиқ уруш» бошланганини эълон қилди. Вазир толиблар ҳукумати Афғонистонни «Ҳиндистон мустамлакасига айлантиргани», улар бутун дунё террорчиларини Афғонистонга йиғиб, терроризмни экспорт қила бошлагани, ўз халқини асосий инсон ҳуқуқларидан маҳрум этгани, ислом дини аёлларга берган ҳуқуқларни тортиб олгани ҳақида гапирган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид