Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дубайда нималар бўлмоқда?
Эрон АҚШнинг Абу-Дабидаги авиабазасига жавоб зарбалари йўллагач, Бирлашган Араб Амирликлари Яқин Шарқ можаросининг марказида қолди. Ҳарбий объектлардан ташқари, Дубай ва Абу-Дабидаги фуқаролик объектлари ҳам зарбаларга дуч келди.
Фото: Видеодан кадр
Эроннинг мақсади Абу-Дабидан 30 км узоқликда жойлашган Ал-Дафра авиабазаси бўлганди, бироқ портлашлар нафақат база ҳудудида, балки БАА пойтахти ҳамда Дубай шаҳарларида ҳам содир бўлди.
Reuters агентлигининг маълумот беришича, муҳташам Dubai Marina тумани ҳудудида портлашлар қайд этилган. Абу-Дабида ракета қолдиқлари тушиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Дубай осмонида Эроннинг бир нечта ракеталарини уриб туширди. Хабарларга кўра, ракеталардан бири Палма Жумайра оролидаги Atlantis The Royal меҳмонхонаси устида уриб туширилган. Мўъжиза туфайли ҳеч кимга зарар етмаган.
Гувоҳлар шунингдек, Fairmont The Palm, Five меҳмонхоналари ва Adagio меҳмонхонаси яқинидаги бино ҳудудида ҳам портлашлар бўлганини айтишмоқда. Яна бир ракета Абу-Дабидаги Al Raha Beach Resort & Spa курорти ва баландлиги 250 метрли Ain Dubai чархпалаги яқинида уриб туширилди.
Қатор оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Дубайда жойлашган дунёдаги энг баланд бино Бурж Халифадан одамлар эвакуация қилинган. Шаҳарда такси хизматида муаммолар пайдо бўлган, кўплаб дўконлар ёпилган.
Хабар қилинишича, портлашлардан энг кўп авиақатновлар жабр кўрган. Кун ўртасига келиб юзга яқин авиарейс бекор қилинган ва бу рақам ўсмоқда. Минтақа “қайноқ нуқта”га айлангани боис қатор авиакомпаниялар, жумладан Emirates, flydubai, Qatar Airways, Air India парвозларни тўхтатди.
Дубай халқаро аэропорти ва Ол-Мақтум аэропорти фаолияти тўхтатилди. Рейслар қабул қилинмаяпти ва парвоз қилмаяпти, аҳоли ва шаҳар меҳмонларидан аэропортларга келмаслик сўралган.