Таълим | 22:24 / 01.03.2026
537
2 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиларнинг амалдаги сертификатлари муддати тугамагунича малака тоифаси туширилмайди – вазирлик

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда педагогларнинг малака тоифа сертификатларининг амал қилиш муддати қисқартирилгани ҳақида тарқалган хабар бўйича расмий муносабат берди.

Маълум қилинишича, педагог кадрлар ҳар беш йилда бир марта навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади.

2021 йилгача бўлган даврда педагогларга аттестация натижаларига кўра малака тоифаларини тасдиқловчи сертификатлар қоғоз шаклида ҳудудий бошқармалар томонидан расмийлаштирилган ва педагогларга топширилган.

Мазкур сертификатлар республика бўйлаб турли саналарда берилганлиги сабабли, уларнинг беш йиллик амал қилиш муддатининг тугаши 2026 йилнинг турли ойларига тўғри келади.

“Маълумки, баҳорги аттестация жараёни одатда январ–июн ойларида ўтказилади ва натижаларга кўра янги сертификатлар июн ойида берилади.

Шу боис, 2021 йилнинг июл–август ойларида сертификат олган айрим педагоглар сертификатларининг амал қилиш муддати янги ўқув йили бошланишидан олдин якунига етади.

Педагогларга малака тоифаси сертификатлари муддатларида узилиш юзага келишининг олдини олиш мақсадида, сертификат муддати янги ўқув йили бошлангунига қадар тугайдиган педагогларга баҳорги аттестацияда мажбурий аттестация тури бўйича, ҳеч қандай тўлов ундирилмаган ҳолда қатнашиш имконияти мавжуд. Бунда педагоглар кузги аттестацияни кутмасдан, баҳорги аттестация жараёнларида иштирок этишлари мумкин”, дейилади вазирлик муносабатида.

Таъкидланишича, малака тоифаси сертификатларининг амал қилиш муддати бўйича ҳеч қандай қисқартириш ёки ўзбошимчалик билан ўзгартириш амалга оширилмаган.

Педагогларнинг амалдаги сертификатлари муддати якунига етмагунига қадар малака тоифаси (лавозими) туширилмайди ва амалдаги тоифа бўйича ҳақ тўланиши давом этади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид