Жаҳон | 20:57
3689
6 дақиқада ўқилади

Минобдаги мактабга зарба. Бу ҳақда нималар маълум?

Яқин Шарқдаги урушнинг илк кунида Эрондаги қизлар учун мактаб зарбага учради. Бу бино Ислом инқилоби қўриқчилари базаси яқинида жойлашганди. Эрон ҳукуматига кўра, зарба оқибатида 175 киши ҳалок бўлган.

Abbas Zakeri / Mehr News / WANA / Scanpix / LETA

28 феврал тонгида, маҳаллий вақт билан соат 8 ва 10 оралиғида АҚШ ва Исроил Эрон жанубида, стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳўрмуз бўғозидан 30–40 километр масофада жойлашган Миноб шаҳрига ракета зарбаси йўллади. Ракета қизлар учун ихтисослашган «Шажара Тоййиба» (Shajareh Tayyebeh) мактабига келиб урилган, бу вақтда мактабда дарслар бошланганди.

Эрон давлат нашрларининг дастлабки хабарларида зарба вақтида мактаб ҳудудида бўлган 40 киши ҳалок бўлгани айтилди. Қурбонларнинг аксари ўқувчилар эди, шунингдек, мактаб ходимлари ҳамда ота-оналар ҳам ҳалок бўлган, деган Миноб округи прокурори.

Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига алоқадор саналган Tasnim агентлиги 1 март куни ҳужум оқибатида 148 киши ҳалок бўлгани ва 95 киши яралангани ҳақида хабар тарқатди. Хабарларда қурбонларнинг айнан қанчаси ўқувчилар эканига ойдинлик киритилмаган.

IRNA давлат ахборот агентлиги хабарида ҳодиса жойида тозалаш ишлари давом этаётгани, харобалар остидан янги жасадлар чиқиши мумкинлигини маълум қилган.

Эрон таълим вазирлиги 2 март куни жами қурбонлар сони 175 кишини ташкил этаётганини хабар қилди.

Ҳозирда қурбонлар ва яраланганлар сони ҳақидаги маълумотларни мустақил текшириш имконияти йўқ. Эрон ҳукумати халқаро нашрлар ходимларига виза бермай келади, шу туфайли ушбу мамлакатдан ахборот олиш имкониятлари жуда чекланган.

Америка ва Исроил томони ҳозирча Миноб бўйлаб зарбани изоҳламади. АҚШ ҳарбийлари The Washington Post мухбирининг сўровига жавобан ушбу ҳужум ҳақидаги хабар «текширилаётгани»ни маълум қилган.

Минобга зарба берилиши биланоқ ижтимоий тармоқда воқеа жойида олинган видео пайдо бўлди. BBC журналистлари бино қуюқ тутун ичида қолгани ва одамлар бақираётгани акс этган ролик чиндан ҳам ушбу мактаб ҳудудида олинганини тасдиқлашган. The Washington Post таҳририяти ҳам яна бир видео айнан шу жойда олинганини тасдиқлаган: унда минобликлар зарба келиб тушган жойдан қочаётгани акс этган. Factnameh фактчекинг хизмати тармоқда пайдо бўлган роликларни бошқа кадрлар билан солиштирди ва уларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади. Reuters агентлиги ҳам видеоматериаллар ушбу мактаб ҳудудида олинганини тасдиқлаган.

Эрон нашрлари эълон қилган бошқа кадрларда харобалар орасида қонга беланган рюкзаклар ётгани ва қопларга солинган жасадлар кўринган. Reuters агентлиги эълон қилган фотолардан бирида эса ёш боланинг қўлини кўриш мумкин.

Сунъий йўлдош орқали олинган тасвирлар ва очиқ манбалардаги материалларга кўра, «Шажара Тоййиба» мактаби Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси базаси жойлашгани тахмин қилинадиган бино яқинида жойлашган. The Washington Post билан аноним тарзда суҳбатлашган эронлик мулозим мактаб ёнида «кичик тиббиёт маркази» жойлашганини айтган. У шу атрофда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси борлигини тасдиқламаган ва рад ҳам этмаган, аммо шундай бўлиши мумкинлигини айтган.

АҚШ ва Исроилнинг ракета зарбасидан кейин Минобдаги манзара. 2026 йил 28 феврал
Abbas Zakeri / Mehr News / WANA / Scanpix / LETA

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Исроил ва АҚШнинг Минобдаги мактабга зарбасини «варварлик акти» ва «агрессорлар томонидан содир этилган беҳисоб жиноятлар рўйхатидаги яна бир саҳифа» деб атаган.

Ali Najafi / ISNA / AFP / Scanpix / LETA

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ҳужум жойидан фотосурат жойлаштирган ва Минобда «бегуноҳ болалар» ўлдирилганини айтган. «Эрон халқига қарши бу жиноят жазосиз қолмайди», – дея қўшимча қилган Ароқчи ўз постида.

Миноб аҳолиси вакиллари ва қутқарувчилар зарбага учраган мактаб ўрнидаги харобаларни тозаламоқда. 2026 йил 28 феврал
Abbas Zakeri / Mehr News / WANA / Scanpix / LETA

Қатардаги «Ал-Жазира» телеканали мухбири, шу кунларда Теҳронда бўлган Муҳаммад Валл бундай ҳужумлар АҚШ ва Исроилнинг зарбалари «фақат ҳарбий объектларга қаратилгани» ва улар «Эрон халқини эмас, режимни жазолашга ҳаракат қилаётгани» ҳақидаги даъволарига шубҳа уйғотишини айтган.

Ижтимоий тармоқларда хорижда яшовчи эронликлар АҚШни ҳам, Исроилни ҳам Минобдаги мактабга ҳужум учун қоралаган. Айримлар эса америкалик ва исроиллик ҳарбийларни эмас, Эрондаги режимни айблаган. Қуйида шундай постлардан айримлари келтирилади:

  • «Минобдаги 40 нафар қиз бу урушнинг дастлабки қурбонлари бўлишди. Сиз бу урушни қўллаб-қувватлайсизми?»
  • «Мактабга зарбани давлат бермаган бўлса ҳам, Минобдаги болалар ўлими учун жавобгарлик Ислом Республикаси зиммасида. Одамлар бошпанасиз қолишди, интернет ўчирилди, телефон алоқаси ишламаяпти ва болалар мактабга бормаслиги кераклиги ҳақида ҳеч қандай огоҳлантириш бўлмаган. Бундай шароитда уйда қолиш минимал талаб бўлиши керак».

Қизил Яримой жамиятининг Эрондаги бўлими берган сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда 28 февралдан бери АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида 555 киши ҳалок бўлди. Қурбонларнинг жасадларини вайроналар остидан чиқариб олиш давом этмоқда. Қидирув-қутқарув ишларига фавқулодда вазиятлар хизматларининг 100 мингдан ортиқ ходими жалб қилинган. Урушнинг биринчи кунида Эронда 201 киши ҳалок бўлгани ва 740 дан ортиқ одам тан жароҳати олгани ҳақида хабар қилинганди.

Эроннинг БМТдаги элчиси Амир Саид Иравоний ташкилот Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишида «Америка ва Исроил режимларининг тажовузкорлиги ва даҳшатли жиноятлари» оқибатида юзлаб кишилар қурбони бўлганини айтди. Эрон соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим вазирлиги эса тинч аҳоли вакилларидан минглаб кишилар ҳалок бўлгани ва жароҳатланганини маълум қилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид