Жамият | 19:50 / 10.03.2026
5290
1 дақиқада ўқилади

Фарғонада сув таъминоти ходими калтакланди

Хонадондаги сув таъминоти ҳолатини ўрганиш давомида хизмат вазифасини бажараётган инспектор калтакланди. Унга тан жароҳати етказган фуқаро процессуал тартибда ушланди.

Фото: Бош прокуратура

Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманида хизмат вазифасини бажараётган сув таъминоти ходими калтакланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Аниқланишича, 9 март куни «Фарғона сув таъминоти» корхонасининг Ўзбекистон тумани филиали инспектори Д.С. Сочтепа кўчасида жойлашган хонадонлардан бирига борган. Ушбу хонадонда сув таъминоти ҳолатини ўрганиш давомида рўйхатдан ўтказилмаган ҳисоблагич мавжудлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жарима қўлланилиши ҳақида маълум қилинган вақтда шу хонадонда яшовчи Ф.П. хизмат вазифасини бажараётган инспекторга қаршилик қилиб, жанжаллашган. Жанжал давомида Ф.П. ёғоч бўлаги билан инспекторнинг бошига уриб, тан жароҳати етказган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи Ф.П. процессуал тартибда ушланган. Прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид