Жаҳон | 23:05 / 18.03.2026
3847
2 дақиқада ўқилади

ЖСТ Яқин Шарқда эҳтимолий ядровий ҳалокатга тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти минтақавий директорининг сўзларига кўра, ташкилот ўз ходимларини радиациявий ҳолатларда қандай ҳаракатланиш бўйича қайта ўқитмоқда. Экспертлар аҳоли учун ҳимояланиш чоралари бўйича тавсиялар ишлаб чиқмоқда.

Фото: Getty images

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Яқин Шарқда эҳтимолий ядровий ҳалокатга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда ЖСТнинг Шарқий Ўртаер денгизи бйўича минтақавий директори Ханан Балхи Politico нашрига берган интервюсида маълум қилди.

Балхининг сўзларига кўра, экспертлар АҚШ ва Исроилнинг Эрон ядровий объектларига зарбалари оқибатларини кузатмоқда.

«Энг ёмон сценарий — бу ядровий ҳалокат ва бу бизни ҳамма нарсадан кўпроқ ташвишга солмоқда. Қанчалик тайёргарлик кўрмайлик, агар бу юз берадиган бўлса, ҳеч ким минтақа ва бутун дунёга етадиган зарарнинг олдини ололмайди ҳамда бунинг оқибатлари ўнлаб йилларга етади», — деди у.

ЖСТ минтақавий директорининг айтишича, ташкилот ўз ходимларини радиациявий ҳолатларда қандай ҳаракатланиш бўйича қайта ўқитмоқда. Экспертлар аҳоли учун ҳимояланиш чоралари бўйича тавсиялар ишлаб чиқмоқда.

Март ойи бошида Исроил ҳарбийлари Теҳрондаги бир нечта нефт омборига зарба берган, зарбалардан сўнг ёнғинлар юз берганди.

Ушбу зарбалардан кейин ЖСТ «қора ёмғир» тўғрисида маълумот олган. Ташкилот вакили Кристиан Линдмайер авиазарбалар «ҳавога заҳарли углеводородлар, олтингугурт оксиди ва азот бирикмалари тарқалишига сабаб бўлгани»ни билдирди. Бундай ҳаводан нафас олиш бош оғриғи, тери ва кўзларнинг зарарланиши ҳамда саратон ривожланиши хавфи кучайишига олиб келади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид