Иқтисодиёт | 11:14
491
4 дақиқада ўқилади

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Регуляторга кўра, айрим озиқ-овқат нархлари ошиши ҳисобига инфляция пасайиши секинлашиб, базавий инфляция ошган. Ялпи талаб ҳисобига юқори иқтисодий фаоллик сақланиб турибди. Геосиёсий кескинликлар кучайиши глобал таъминот узилишлари, энергия ва озиқ-овқат нархлари ҳамда логистика харажатлари ошишига олиб келиб, импорт орқали ички инфляцияга қўшимча босим яратиши мумкин, дейилади МБ баёнотида.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 18 март кунги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди.

“Сўнгги ойларда айрим озиқ-овқатлар нархлари ошиши ҳисобига умумий инфляция даражасининг пасаювчи тренди секинлашиб, ўзгаришсиз сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, юқори истеъмол фаоллиги сақланиб қолаётгани ва ташқи шароитларда нархларга оширувчи хатарлар кутилаётгани инфляцияни ўрта муддатли таргет даражасигача пасайтириш мақсадида қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни тақозо этмоқда”, – дейилади регулятор изоҳида.

Марказий банк пресс-релизи

2026 йил бошидан иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг муайян тезлашиши кузатилди. Натижада базавий инфляция ўсувчи траекторияга ўтиб, февраль ойида йиллик 6,3 фоизни ташкил этди. Мавсумий омиллар таъсири камайиши ҳисобига умумий инфляция сезиларли ўзгаришсиз 7,3 фоиз даражада шаклланди.

Ўз навбатида, озиқ-овқатлар нархларидаги ўсиш инфляцион кутилмаларнинг юқори сақланиб қолишига хизмат қилмоқда.

Иқтисодиётда фаоллик ялпи талаб ҳисобидан юқори даражада сақланиб қолмоқда. Бу чакана ва улгуржи савдо айланмаси динамикасида, кўчмас мулк олди-сотди битимлари сонида ҳамда бюджет харажатлари ижросида намоён бўлаяпти. Мазкур омиллар саноат, хизматлар ва қурилиш соҳаларида ўсиш суръатларининг барқарор давом этишини қўллаб-қувватлайди.

Мазкур даврда ишлаб чиқарувчилар нархларининг сезиларли ўсиши кузатилди. Юқори талаб фонида бу келгуси даврларда ишлаб чиқарувчилар харажатларининг якуний нархларга ўтиб бориши ва уларнинг истеъмол нархларида акс этиши эҳтимолини оширади.

Ташқи иқтисодий шароитда геосиёсий кескинликларнинг кучайиши ҳам нархларга оширувчи хатарларни юзага келтирмоқда. Хусусан, глобал таъминот занжирларидаги узилишлар натижасида жаҳон бозорида кутилаётган энергия ресурслари ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши, шунингдек, логистика каналларидаги ўзгаришлар туфайли ташиш харажатларининг ортиши кузатилиши мумкин. Бу эса келгусида импорт нархлари орқали ички инфляцияга қўшимча босимларнинг шаклланишига сабаб бўлади.

Асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг нисбатан барқарор шаклланиши бўйича ижобий кутилмалар яхшиланиши, олтин нархининг юқори даражада сақланиб қолиши, шунингдек, экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари ўсишининг барқарор давом этиши миллий валютанинг реал алмашув курсига нисбатан сезиларли босимлар юзага келмаслигини кўрсатмоқда.

Иқтисодиётда кредитлаш суръатларининг босқичма-босқич меъёрлашуви кузатилмоқда. Пул-кредит шароитларининг қатъийлиги истеъмол кредитлари сегментида макропруденциал чораларнинг қўлланилиши билан биргаликда ялпи талаб мутаносиблигини таъминлашга хизмат қилади ва нархларга бўлган ортиқча босимни пасайтиради.

Юқоридаги омилларни инобатга олиб нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляцион кутилмаларни пасайтириш мақсадида қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириш зарур деб ҳисобланди.

Марказий банк келгусида ҳам инфляция динамикаси, инфляцион кутилмалар, ялпи талаб ва ташқи хатарларни диққат билан кузатиб боради. Юқорида қайд этилган омиллар юзага келиши натижасида инфляция таргет даражасига эришишининг кечикиши хатари пайдо бўлган тақдирда пул-кредит шароитлари янада қатъийлаштирилиши мумкин.

Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли даражагача пасайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлашга қаратилган бўлиб қолади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 29 апрель кунига белгиланган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид