Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
The Washington Post: Пентагон Эронда қуруқлик амалиёти ўтказишга тайёрланмоқда
Бундай амалиёт бир неча ҳафтадан бир неча ойгача давом этиши мумкин.
Фото: Reuters
Пентагон Эронда бир неча ҳафтадан икки ойгача давом этиши мумкин бўлган қуруқликдаги операцияларга тайёрланмоқда, деб ёзади The Washington Post манбаларга таяниб.
Нашр маълумотларига кўра, Пентагон томонидан кўриб чиқилаётган вариантларнинг ҳеч бири кенг кўламли босқинни назарда тутмайди. Ҳарбийлар тайёрланаётган операциялар фақат савдо ва ҳарбий кемаларни ўққа тутувчи қуролларни йўқ қилиш мақсадида Ҳўрмуз бўғози соҳилидаги ҳудудларда махсус кучлар ва оддий пиёдалар иштирокидаги чекланган рейдларни, шунингдек, Эрон нефтининг асосий экспорт маркази бўлган Харқ оролини эгаллаб олишни ўз ичига олади.
Нашр ҳар қандай қуруқлик миссияси АҚШ ҳарбийларини хавф остига қўйиши, улар ракета ва дронлар ҳужумига, қуруқликдаги ўт очиш ва қўлбола портловчи қурилмалар орқали содир этиладиган портлашларга дучор бўлиши мумкинлигини қайд этган.
Ҳозирча Трамп қуруқлик кампаниясини маъқуллагани ёки йўқлиги маълум эмас.
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт The Washington Post мухбири билан суҳбатда Пентагоннинг вазифаси ҳар қандай вариантга тайёргарлик кўриш ва «бош қўмондонга ҳаракатларда максимал эркинлик тақдим этиш»дан иборатлигини айтган. «Бу президент [қуруқлик амалиёти бўйича] қарор қабул қилганини англатмайди», – деган у.
WP суҳбатдошларидан бири кўриб чиқилаётган мақсадларга эришиш учун «ойлар эмас, балки бир неча ҳафта етарли бўлиши»ни айтган. Бошқа манбанинг фикрича эса, амалиёт «бир неча ойга чўзилиши» мумкин.
«Биз Иводзимада ғолиб чиққанмиз, биз буни уддалай оламиз. Мен доимо денгиз пиёдаларига ишонч билдираман», – деган сенатор Линдси Грэм.
Бу вақтда эса ижтимоий тармоқларда АҚШ денгиз пиёдалари корпусининг захира кучлари қўмондони генерал-лейтенант Леонард Ф. Андерсоннинг хати тарқалди. Ҳақиқийлиги тасдиқланмаган мурожаатда қўмондон захирадагиларни ўз жанговар шайлигини текшириб қўйишга чақиради, буни «ҳозирги кунда мамлакат қуролли кучлари Эрон билан боғлиқ амалиётларда иштирок этаётгани, <...> ва умумий сафарбарлик реалликка айланиши мумкинлиги» билан изоҳлаган.
- Эронда қуруқлик амалиёти ўтказишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида Америка нашрларида бир неча кундан буён муҳокама қилинмоқда. Бундай режа ҳақида расман маълум қилинмаган. АҚШ президенти Доналд Трамп 20 март куни «ҳеч қаерга қўшин юбормаслиги»ни айтганди.
- Шу кунларда Яқин Шарққа етиб келган Америка ҳарбий кемалари 4 мингдан ортиқ денгиз пиёдаларини сиғдириши мумкин. Бундан ташқари, 82-ҳаво-десант дивизияси ҳарбий хизматчилари жанговар шай ҳолатда турибди.
- Эҳтимолий қуруқлик амалиёти америкаликлар томонидан маъқулланмайди. Хусусан, яқинда Associated Press томонидан ўтказилган сўровда респондентларнинг 62 фоизи Эронда қуруқлик қўшинларидан фойдаланишга қаршилигини билдирган ва сўралганлардан фақат 12 фоизи бундай режани қўллаб-қувватлаган.
Мавзуга оид
15:57
Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар: Исроил ҳарбий-денгиз концернига зарба берди, ҳусийчилар яна ракета учирди
10:21
Эронда армияга чақирув ёши 12 ёшдан этиб белгиланди - ОАВ
23:04 / 28.03.2026
Трампнинг таҳдиди ва Эроннинг зарбаси. Урушдаги сўнгги воқеалар
22:42 / 28.03.2026