Жамият | 18:05
1194
5 дақиқада ўқилади

Уйқусиз тунлардан $385 000 гача: MITʼдан 100 фоиз грант ютган сирдарёлик Асилбек Суннатов

Асилбек ўрта синфдалигида пойтахтга келади ва ўқишини Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда давом эттиради. У тинимсиз меҳнати орқали кетма-кет фан олимпиадаларида совриндор бўлади. Ютуқлари учун Nexia 3 автомобили ҳамда 620 млн сўмдан ортиқ маблағ билан мукофотланади. 2026 йилнинг феврал ойида эса у дунёнинг биринчи рақамли олийгоҳи Massachusetts Institute of Technology’га 100 фоиз грант асосида қабул қилинди. Бу ОТМ унга ўқиш харажатларини қоплаш учун 385 минг доллар маблағ ажратишини англатади. Асилбек Kun.uz билан суҳбатда дунёга машҳур таълим муассасига тўлиқ грант ютишни қандай уддалагани, тайёргарлик жараёни ва бошқа жиҳатлар ҳақида гапириб берди.

2007 йилда Сирдарё вилоятида туғилган Асилбек болалигидан математикага қизиққан. Унинг фанга иштиёқи онасининг мактабда ўқитувчи бўлиши билан боғлиқ. Кичиклигидан китоблар ўқиш билан шуғулланиб, мустақил машқлар қилган.

Ойим математикадан китоблар олиб келардилар, ўзлари менга дарс ўтарди. Шу сабаб фанга қизиқишим ортган. Бошланғич мактабни яхши баҳолар билан тугатдим. Тўртинчи синфни битиргач, олдимда муҳим савол пайдо бўлди: қаерда ўқишни давом эттираман? Икки танлов бор эди: Гулистондаги хорижий тиллар мактаби ёки Тошкентдаги ихтисослашган мактаблар. Анча вақт ўйладим. Интернетдан кунлаб таълим муассасаларини изладим, телефон қилиб маълумотлар сўрадим. Охири Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабни топдим. Бу ерда информатика ва математика фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиларди. Мазкур мактабга ҳужжат топширдим ва имтиҳондон ўтиб, ўқишга қабул қилиндим.

Мактабга боргач, бир нарсани тушундим: мен ўзим ўйлаганчалик кучли эмас эканман. Аввалги мактабимда энг яхши ўқувчилардан бири эдим, лекин бу ерда ҳатто осон масалаларни ҳам ишлай олмай қолган пайтларим бўлган. Бу ҳолат мени анча ўйлантириб қўйди. Лекин айнан шу пайтда устозим Камолиддин ака кўпроқ ёрдам берди. Улар менинг потенциалимни кўриб, олимпиада масалаларини ўргата бошлади”, – дейди у.

Мактаб йилларида Асилбек Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган республика олимпиадасида ғолиб бўлиб, Nexia 3 автомобилини ютиб олди. 2025 йилда эса Боливиянинг Сукре шаҳрида ўтган 37-халқаро информатика олимпиадасида кумуш медал соҳиби бўлди ва 620 миллион сўмдан ортиқ пул билан мукофотланди.

Олимпиада мен учун шунчаки мусобақа эмас эди. Бошланишида натижалар яхши бўлмаган. Баъзиларида ютқазиб қайтганман. Шундай пайтларда одам “балки бу йўл менга эмасдир”, деб ўйлаб қолади. 7-синфдан фанга янада кўпроқ вақт ажрата бошладим. Шу пайтда Қўқон шаҳрида ўтказилган республика олимпиадасида қатнашдим. Бу олимпиадада 5-7-синфлар орасида ғолибга Nexia 3 автомашинаси берилиши айтилганди. Олимпиадада иккинчи кун имтиҳон тугагач, бир пайт дўстларим орқадан бақириб қолди: “Асилбек, сен биринчи ўринни олибсан!” дейишди. Дастлаб ишонмадим. Натижалар рўйхатини кўрсатишгач, ҳақиқатан ҳам биринчи ўринда эканимни билдим, ўша пайтда кўзимдан ёш чиқиб кетганди. Автомобил топширилган вақтда дадам ҳаяжондан машинани ҳам қўзғатолмай қолгани эсимда. Кейин тушундимки, олимпиададаги натижалар якун эмас, балки кейинги имкониятлар учун эшик экан. Мактабни тугатиб, университетлар ҳақида жиддий ўрганишни бошладим. Интернетдан турли олийгоҳлар дастурларини кўрдим, талабларини ўқидим, талабаларнинг тажрибаларини ўрганишга ҳаракат қилдим”, – дейди Асилбек.

У мактабни битиргач, бир йил давомида нуфузли олийгоҳга кириш учун тайёргарлик кўрди. 11-синфни тугатганидан сўнг Асилбекнинг олимпиадалардан ютган грантлари орқали маҳаллий университетга кириш имкони бор эди. Аммо у ўз йўналиши бўйича топ олийгоҳда ўқишни давом эттиришни танлади.

Бир йилга танаффус қилдим, бу вақт ичида инглиз тили даражамни ошириб олдим, иншо ёзиш қобилиятларимни ривожлантирдим. Августдан декабргача кунига 10 соатдан ошиқ кучли тайёргарлик кўрдим. Биринчи SAT имтиҳонида 1250 балл олган эдим. Кейин ҳафтада олти марта, кунига беш соатдан дарс олиб, икки ярим ой ичида кўрсаткичимни 1450 баллга кўтардим. Декабрда эса қайта топшириб, 1540 балл олдим. IELTS имтиҳонида 7,5 балл тўпладим. Бундан ташқари, турли лойиҳаларда қатнашиб, портфолиомни бойитдим”, – дейди у.

Асилбек шу вақтгача 9 та нуфузли олийгоҳга ҳужжат топширган. Шуларнинг орасида фан ва технология бўйича дунёнинг биринчи рақамли олийгоҳи – MIT’дан 100 фоиз грант асосида ўқишга қабул қилинганлик хатини олган. Университет унга ўқиш харажатларини қоплаш учун $385 000 маблағ тақдим этишини маълум қилган.

Суҳбат давомида Асилбек имтиҳонда қандай саволлар тушгани, портфолиосини айнан нималар билан бойитгани қабул жараёнида устунлик бергани ҳамда мақсадлари ҳақида гапириб берди.

Интервюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова
Муаллиф Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид