Ўзбекистон | 22:36 / 02.04.2026
1346
8 дақиқада ўқилади

Машина сизники, рулда бошқа одам: жарима балли ҳақиқий ҳуқуқбузарга ёзилиши учун нима қилиш керак?

Қоидабузарлик учун жавобгарликни бошқа шахсга ўтказиш хизмати my.gov.uz порталида ишга туширилди. Мақолада буни амалга ошириш тартиби, қайси қоидабузарликка неччи балл берилиши ва жарима баллари қандай ҳисобланиши билан танишасиз.

Қандай амалга оширилади?

my.gov.uz порталида ўз шахсий кабинетингизга кирасиз.

Сўнгра қидирув бўлимига хизмат номини ёзиб, уни танлайсиз.

Шундан сўнг хизмат саҳифаси очилади. Бу ерда “хизматдан фойдаланиш” тугмасини босасиз.

1-қадамда “кейингиси” тугмасини босиш орқали оммавий оферта талабларини қабул қилган бўласиз.

2-қадамда онлайн ариза сўровномаси шакллантирилади. Ариза берувчи унда жавобгарликни ўз зиммасига олувчи ҳайдовчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотларини, муддатни кўрсатади. Электрон ишончнома ва суғурта маълумотлари автоматик равишда текширилади. Агар машина бош ишончнома асосида бошқарилаётган бўлса, унинг электрон нусхаси сўровномага илова қилинади.

Шундан сўнг “юбориш” тугмаси босилади. Ҳайдовчи my.gov.uz профилидаги “Хабарномалар” бўлимига кириб, аризани электрон рақамли имзо, Mobile-ID ёки Face-ID орқали тасдиқлайди. Сўровнома тасдиқлангач, белгиланган тўлов амалга оширилади ҳамда маълумотлар автоматик равишда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот тизимига юборилади.

Қоидабузарлик учун жавобгарликни бошқа шахсга ўтказишни Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси орқали ҳам амалга ошириш мумкинлиги билдирилган.

Хизмат нархи қанча?

Ушбу хизмат учун БҲМнинг 10 фоизи (41 200 сўм), ариза my.gov.uz орқали топширилганда эса 9 фоизи миқдорида (37 080 сўм) йиғим ундирилади.

Ижтимоий реестрдагилар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлари учун 50 фоиз чегирма бор. Шунингдек, давлат органлари ва йўловчи ташувчилар учун ўз ходимларига жавобгарликни расмийлаштириш бепул.

Кўриб чиқиш муддати

Ариза жисмоний шахслар учун автоматик, агар бош ишончнома бўлса 5 иш кунида, юридик шахслар учун эса 5 иш кунида кўриб чиқилади.

Юридик шахслар учун тартиб бор: ташкилот раҳбари ҳар бир машина учун алоҳида ариза юборади ва ишончнома, суғурта полиси ёки йўл варақасини илова қилади.

Хизматдан фойдаланмаса нима бўлади?

Айримлар машинани ишончнома асосида бошқаради. Агар қоидабузарлик учун жавобгарлик ишончнома берилган ҳайдовчига ўтказилмаса ёки жавобгарликни қабул қилиб олувчи буни тасдиқламаса, жарима баллари машина эгасига ёзилади (ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган тақдирда).

Агар қабул қилиб олувчи шахс буни тасдиқламаса, шунингдек, транспорт воситасининг мулкдорида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса, бундай транспорт воситаларида содир этилган қоидабузарликлар учун ҳисобланадиган жарима баллари йиғиндиси 12 баллдан ошганда, жарима майдончасига жойлаштириш орқали вақтинча ушлаб турилади.

Эслатиб ўтамиз, 1 апрелдан фото ва видео қурилмалар ҳам йўлдаги қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисоблашни бошлади. 2025 йил 1 июндан буён фақат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими томонидан қўл режимида қайд этилган қоидабузарликларга нисбатан жарима баллари ҳисоблаб келинаётганди.

Қайси қоидабузарликка неччи балл?

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 майдаги тегишли қарори билан жарима баллари ҳисобланиши белгиланган қоидабузарлик ва жарима балларининг миқдорлари тасдиқланган.

Тизимда қуйидаги қоидабузарликлар учун жарима баллари белгиланган:

  • тормоз тизимида, рул бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини бошқариш — 0,3 балл;
  • фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш — 1 балл;
  • техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ёки туси ўзгартирилган ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш — 0,5 балл. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса — 1 балл. Ойналар тусини ўзгартириш учун тегишли рухсатнома берилган транспорт воситалари бундан мустасно.
  • товуш сигналини сабабсиз бериш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек уларни ўзгартириб ўрнатиш — 0,2 балл;
  • тезликни соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориш — 0,5 балл;
  • тезликни соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориш — 1 балл;
  • тезликни соатига 40 километрдан ортиқ, лекин 60 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориш — 1,5 балл;
  • тезликни соатига 60 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориш — 2 балл;
  • светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиш — 1 балл;
  • тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчани ёққан ҳолда ҳамда махсус товушли сигнал билан яқинлашиб келаётган транспорт воситалари тўсиқсиз ўтиб кетиши учун транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан халақит бериш — 0,5 балл;
  • йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиш, худди шунингдек авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этиш — 1 балл;
  • тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш — 0,2 балл;
  • одам ташиш қоидаларини бузиш — 0,3 балл;
  • автобус ва микроавтобусларда ички ишлар органларининг ҳамроҳлигисиз одам ташиш, агар уларнинг ҳамроҳлигида одам ташиш шарт бўлса — 0,5 балл;
  • қувиб ўтиш қоидаларини бузиш — 1 балл;
  • йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиш — 1,5 балл;
  • темирйўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиш — 1 балл;
  • йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши — 2 балл.

Қандай ҳисобланади?

Белгиланган тартибга кўра, жарима баллари 12 ой давомида баҳолаб борилади. Бунда жарима баллари ҳайдовчилар қоидабузарликни биринчи марта содир этган кундан бошлаб, кейинги йил шу кунга қадар амалда ҳисобланади.

Жарима балларини ҳисоблаш даврида жами жарима баллари 12 баллга етмаса, тўпланган баллар куйиб кетади. Яъни кейинги жарима балларини ҳисоблаш даври учун ҳисобланишига йўл қўйилмайди ҳамда жарима балларини ҳисоблаш янгидан бошланади.

Содир этилган қоидабузарликлар 8 жарима баллига тенг бўлганда, ҳайдовчилар телефонига “SMS” хабар юбориш йўли билан огоҳлантирилади. Жарима баллари миқдори бир йил давомида 12 баллдан ошганда ҳайдовчиларнинг қоидабузарликлари тўғрисидаги маълумотлар маъмурий жазо қўллаш учун жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларига инсон омилисиз автоматик тарзда электрон шаклда юборилади.

12 ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш тариқасида кейинги даврда қоидаларни биринчи марта бузганлиги учун биринчи жарима балли ҳисобланмайди. Бунда улар асосий жазодан озод этилмайди. Шунингдек, ҳайдовчига жарима балли ёзилганидан кейин у 6 ой давомида бошқа қоидабузарлик содир этмаса, унинг жарима балларидан 2 жарима балли чегириб ташланади.

12 ой ичида 12 балл тўплаган ҳайдовчилар 6 ойдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлади. Ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган шахс яна рулга ўтирса, бунинг учун жиноий жавобгарликка тортилади.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид