Жамият | 20:26
2796
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда маст ҳайдовчи ички ишлар ходимига мушт туширди

Фото: Видеодан кадр

Тошкентда маст ҳолатда автомашина бошқариб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган, ППХ ходимига қўл кўтарган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ЙҲХХ хабар берди.

Ҳолат 30 март куни тунги вақтда Яшнобод туманида содир бўлган.

Маълум қилинишича, Malibu ва Leapmotor машиналари ўзаро тўқнашиб кетгач, ҳайдовчилар ўртасида тортишув юзага келган. Сўнгра Leapmotor ҳайдовчиси 102 рақамига қўнғироқ қилиб,  давлат рақам белгисига эга бўлмаган Malibu ҳайдовчиси авария содир этиб, унга нисбатан қўполлик қилаётгани ҳақида хабар берган.

Мурожаатга асосан воқеа жойига етиб борган йўл-патрул хизмати ходимлари ҳолатни расмийлаштиришга киришган. Маст ҳолатда машина бошқариб келган Malibu ҳайдовчисига алкотестер орқали текширувдан ўтиш таклиф қилинган.

Ҳайдовчи эса қаршилик кўрсатиб, ходимлардан бирига мушт туширган.

Шундан кейин у бошқа ходимлар ҳаёти, соғлиғига зарар етказишнинг олдини олиш мақсадида махсус воситаларни қўллаган ҳолда зарарсизлантирилган.

Ҳайдовчи спиртли ичимлик ичгани сабабли қўли кўтарилиб кетганини айтиб, узр сўраган.

«Leapmotor автомашинасини туртиб олдим. Тўхтаб, нима бўлди экан, деганимда кайфлигим сабабли у билан ғижиллашганимда 102 га қўнғироқ қилиб, ГАИ чақирганди. ППХ ходимлари ҳам келганди. Ичганлигим сабабли қўлим кўтарилиб кетди. Мингдан минг пушаймонман қилган ишимдан. Ички ишлар ходимларидан узр сўрайман. Бу ҳол бошқа такрорланмайди», – дейди ҳайдовчи.

Ҳозирда у процессуал тартибда ушланган. Ҳолат юзасидан ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш ва безорилик билан жиноят иши қўзғатилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид