Жамият | 21:00
4899
2 дақиқада ўқилади

“Ўз оёғимга ўқ уздим” – Россия армиясига ёлланган йигит

21 ёшида ишлаб пул топиш мақсадида Россияга кетган йигит 5 ой ўтгач наркотик модда савдосида айбланиб, 7 йилга қамалган. Сўнгра алдаб, шартномага имзо қўйдирилган ҳамда мажбурий тартибда урушга юборилган.

Фото: Alamy

Қашқадарёда Россия армиясига ёлланган йигит жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, Касби туманида яшовчи 2001 йилда туғилган Д.Р. 2022 йил апрелида ишлаб пул топиш мақсадида Россияга кетган. У Москва шаҳрида киракашлик фаолияти билан шуғулланган.

2022 йил сентябр ойида милиция ходимлари уни тўхтатиб, бошқарувидаги машинанинг салон қисмини кўздан кечиришган. Жараёнда машина ичидан наркотик модда топилган.

Шу тариқа Д.Р. наркожиноятда айбланиб, суд ҳукми билан 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

2024 йил 30 октябр куни жазони ижро этиш муассасаси ходимлари жазонинг қолган қисмини Ўзбекистонда ўташимни айтиб, ҳужжатларга имзо қўйдириб олишди. Рус тилини яхши билмаганим сабабли ҳужжатга имзо қўйдим. Сўнгра самолётда Украинага қарши урушда иштирок этишим учун ҳарбий қисмга олиб боришди”, деган у суддаги кўрсатмасида.

Д.Р. 2025 йил 18 ноябрга қадар Украинага қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этган. Кейин у ердан қочиш учун оёғига ўқ узиб, ўзини жароҳатлаган. Шифохонага ётқизилган йигит у ердан қочиб, Москва шаҳрига борган. Шундан сўнг Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Ўзбекистонга қайтиб келган.

Д.Р. қилган ишидан пушаймон бўлиб, ўзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ариза билан мурожаат қилган.

ЖИБ Касби туман судининг 2026 йил 16 мартдаги ҳукми билан Д.Р. Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) 1-қисми ҳамда 154-1-моддаси 1-қисмида (чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Навоийда онлайн қиморга ютқазиб, қарздан чиқиш учун Россия армиясига ёлланишга қарор қилган йигит жиноий жазога тортилганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид