Ўзбекистон | 20:58
339
2 дақиқада ўқилади

Темурийлар меросини ўрганиш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди

Буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро конференцияга 25 мамлакатдан ташриф буюрган 300 дан ортиқ эксперт Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номига жамоавий мурожаат йўллади. Унда давлат раҳбарига нуфузли форумни юксак халқаро даражада ташкил этгани учун чуқур ҳурмат ва самимий миннатдорлик изҳор этилди.

Фото: Kun.uz

Президент номига йўлланган мурожаатда Амир Темур ва Темурийлар сулоласи мероси жаҳон тарихининг ажралмас қисми экани таъкидланди. Шунингдек, соҳибқироннинг давлатчилик тафаккури, илм-фан, маданият, шаҳарсозлик, дипломатияга бўлган эътибори ҳамда адолатли бошқарув тамойиллари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолаётгани қайд этилди.

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтган форум доирасида 200 дан ортиқ илмий маъруза тақдим этилди. Улар Темурийлар давридаги давлат бошқарув ва дипломатиядан тортиб, илм-фан, санъат, меъморчилик ҳамда маданий сиёсатгача бўлган кенг қамровли мавзуларни ўз ичига олди.

Конференция якунларига кўра, халқаро иштирокчилар Темурийлар меросини ўрганишнинг янги босқичига қаратилган амалий ташаббуслар пакетини тақдим этдилар. Энг муҳим натижа сифатида халқаро “йўл харитаси” қабул қилинди. Унда даврни комплекс ўрганиш, илмий дастурларни кенгайтириш, фанлараро ёндашувларни ривожлантириш, шунингдек, қўлёзма, архив ва музей меросини сақлаш, реставрация қилиш ва рақамлаштириш ишларини кучайтириш назарда тутилган.

Шу билан бирга, ёшларда тарихий меросга ҳурмат туйғусини шакллантиришга қаратилган таълим дастурларини модернизация қилиш, Темурийлар даври маданий объектларини халқаро майдонда тарғиб этиш ҳамда ёш тадқиқотчиларни грантлар, илмий лойиҳалар ва академик ташаббуслар орқали тизимли қўллаб-қувватлаш устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид