Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Битта эга муҳимми ёки 80 та эгами?» - Шерзод Қудбиев реновация учун розилик чегарасининг пасайтирилгани ҳақида
Урбанизация миллий қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев реновация лойиҳалари доирасида уй эгаларининг розилик чегараси 100 фоиздан 80 фоизга пасайтирилганига изоҳ берди. «5−7 фоизнинг фикри муҳимми ёки 80 фоизнинг фикри муҳимми? Биз жамият сифатида шунга жавоб беришимиз керак-да», — деди у.
Фото: YouTube
Олий Мажлис Сенати 7 апрел куни “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунни маъқуллаган эди. Унда реновация лойиҳасига кўп квартирали уй мулкдорларининг камида 80 фоизи розилик бериши кераклиги кўрсатилган. Бироқ ўтган йили қабул қилинган президент фармонида барча мулкдорларнинг розилиги талаб этилиши белгилаб қўйилган эди.
Урбанизация миллий қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев 10 апрел куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда нима учун розилик чегараси 100 фоиздан 80 фоизга туширилганига изоҳ берди.
«Битта эга муҳимми ёки 80 та эгами? Шу саволга ўзимиз ҳам жавоб берайлик-да. Мана бу ерда ўтирибмиз, 80 фоизимиз чиройли, баҳаво жойда яшашга розимиз. Лекин 15−20 фоизимиз норози. Лекин бу ҳам 15−20 фоиз бўлмайди. Мана, кадастрни таҳлил қиляпмиз, 10 фоиздан юқори объектлар вақтида расмийлаштирилмаган мулклар ёки вафот этган, мерос ҳуқуқи қилинмаган ёки чет элда бўлган шахслар. Уларга ўртача 10−13 фоиз тўғри келяпти. 5−7 фоизи қоляпти норозилар. 5−7 фоизнинг фикри муҳимми ёки 80 фоизнинг фикри муҳимми? Биз жамият сифатида шунга жавоб беришимиз керак-да», — деди у.
Қудбиевнинг қўшимча қилишича, реновация тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва тартибга солиш «қумдони» доирасида реновация лойиҳаларини амалга ошириш учун уй-жой мулкдорларининг 80 фоизининг розилиги талаб этиладиган норма жорий этиляпти. Аммо бу бу хусусий инвесторларга тааллуқли бўлмайди. Кўчмас мулкни сотиб олиш давлат инвестиция компанияси томонидан амалга оширилади.
«Фақат давлат, инвест компания сотиб олади ва у 80 фоизгача ҳамма билан келишади. Квадрат метр нуқтайи назаридан бўлдими, сон нуқтайи назаридан бўлдими, аниқ эсимда йўқ ҳозир. Лекин 80 фоизга келишади. Шундан кейин инвест компания қолган 20 фоизга айтадики, мен 80 фоизи билан келишдим, квадрат метр ўртача нархи шунча бўлди. Менда энди судга киритиш ваколатим бор. Кел, келишайлик, деган маънода. Яъни, мана, 80 фоизнинг ҳуқуқи бор-да, уларнинг ҳам ҳуқуқини ўйлайлик. Майли, бизда мулк ҳуқуқи деган тушунча бор, лекин бир одам туфайли қолганлар азоб чекмаслиги керак-ку, тўғрими?” деди Урбанизация миллий қўмитаси раиси.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг таъкидлашича, янги тизим аввалроқ Akay City лойиҳасида кузатилганидек аҳоли ва қурувчи компаниялар ўртасидаги зиддиятлар хавфини камайтиришга қаратилган.
Мавзуга оид
20:40 / 21.04.2026
Реновация қонуни: мулкдорлар ҳуқуқи тўлиқ таъминланадими?
08:55 / 19.04.2026
Солиқдан озод гаджетлар ва тожга даъвогар Синдоров — ҳафта дайжести
19:54 / 14.04.2026
Реновация дастури: 2026 йилда камида 30 мингта хонадонни фойдаланишга топшириш буюрилди
18:24 / 08.04.2026