Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафта давомида кучли ёмғирлар бўлиши кутилмоқда
Чоршанбадан жумагача Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайиши кутилмоқда. Ёмғир ёғиб, айрим жойларда кучли бўлади, тоғларда қорга айланади, момақалдироқ бўлиши ҳам мумкин. 15–17 апрел кунлари ҳаво +13…+16 даражагача пасайиши кутилмоқда.
Фото: Kun.uz
Душанба ва сешанба кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кундуз кунлари ҳаво +25…+30 даражагача исийди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
Республиканинг ғарбий ҳудудларига 14 апрел куни нам ҳаво оқими кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва кечга томон Бухоро вилоятида ёмғир ёғади, баъзи жойларда момақалдироқ билан кузатилади.
15–16 апрел кунлари нам ҳаво массалари республика ҳудудига тарқалади. Барча вилоятлар бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, айрим жойларда кучли бўлади, баъзи жойларда момақалдироқ билан қайд этилади. Кундузги ҳаво ҳарорати +13…+16 даражагача пасаяди.
17 апрелда фақат республиканинг марказий ва шарқий вилоятларида айрим жойларда ёмғир ёғади, баъзи жойларда момақалдироқ билан кузатилади. Республиканинг баланд тоғли ҳудудларида 15−17 апрель кунлари баъзи жойларда ёмғир қорга айланиши кутилмоқда.
14 апрелда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларида, 15–16 апрел кунлари республиканинг барча ҳудудлари бўйича шамол тезлиги 15–20 метр/сониягача, баъзи жойларда эса баъзида 25–28 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши кутилмоқда.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Тошкент шаҳрида 13–14 апрел кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +26…+29 даража бўлади. Шамол шарқдан бироздан ўртача тезликгача эсади.
15–17 апрелда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Шамол тезлиги 12–15 метр/сониягача кучайиши мумкин. Кундузги ҳарорат +13…+16 даражагача пасаяди.