Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тарихий ғалаба. Жавоҳир Синдоров Номзодлар турнири ғолиби!
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров муддатидан олдин Номзодлар турнири ғолибига айланди. У 13-тур якунига кўра 9,5 очко жамғариб, амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан шахмат тожи учун баҳслашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Фото: Michal Walusza / FIDE
Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров Номзодлар турнирининг 13-турида турнирдаги асосий рақобатчиси, нидерландиялик Аниш Гирига қарши ўйнаб, муддатидан олдин чемпионликни расмийлаштирди.
Қора доналарда ўйнаганига қарамай, 20 ёшли шахматчи ҳимояланишда юқори аниқлик намойиш этди. Аксар сипоҳлар алмашиб юборилганидан сўнг ўйин техник жиҳатдан мураккаб бўлган рухлар эндшпилига ўтди ва якунда рақиб дурангга рози бўлди.
Бу эса Жавоҳир учун ғалабага тенг дуранг эди. Энди турнир якунига бир тур қолганида унинг очколари сони 9,5 тага етди ва иккинчи ўриндаги Аниш Гири 7,5 очкоси билан сўнгги тур натижаларидан қатъи назар унга ета олмайдиган бўлди.
Шу тариқа, Жавоҳир Синдоров Ўзбекистон шахмати тарихида янги саҳифа очди. 2025 йилда 19 ёшида Жаҳон кубогининг энг ёш соҳиби бўлган шахматчи энди Номзодлар турнирида ғолиб чиққан илк ўзбекистонликка айланди.
Қолаверса, Синдоров ҳозирча 2022 йилда 14 та партияда 9,5 очко жамғариб, турнир якунланишига бир тур қолганда ғолибликни расмийлаштирган россиялик Ян Непомняшийнинг очколар бўйича рекордини такрорлади. Энди унда охирги турда хитойлик Вей Ига қарши баҳсда бу рекордни янгилаш имконияти бўлади.
Қайд этиш керакки, Синдоров турнир стартидаёқ биринчи ўринга чиқиб олганди ва етакчиликни охиригача қўлдан бой бермади. У турнир давомида 6 бор ғалабага эришди – турнир тарихида ҳеч бир шахматчи бу қадар кўп партияда ғалаба қозонмаганди.
Энди ўзбекистонлик ёш гроссмейстер амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Доммаражу Гукеш билан шахмат тожи учун баҳс олиб боради. Бу баҳс 2026 йил охирида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Чемпионлик баҳси санаси ва жойи кейинроқ FIDE томонидан эълон қилинади.
Бундан ташқари, турнирдаги биринчи ўрин учун 70 минг евро миқдорида мукофот кўзда тутилган, шунингдек, қўлга киритилган ҳар ярим очко учун 5000 евродан (ҳозиргача 95 минг евро ишлаб топди) берилади.
Мавзуга оид
17:05 / 13.04.2026
«Балки Counter-Strike ҳам ўйнарман» – Синдоров дам олиш кунини қандай ўтказиши ҳақида
18:36 / 12.04.2026
Синдоров Накамура билан дуранг қайд этди ва чемпионликка яқинлашди
22:55 / 11.04.2026
Синдоров Каруана билан дуранг ўйнади. У 2 очколик фарқ билан пешқадамликда давом этмоқда
19:28 / 11.04.2026