Жаҳон | 20:59 / 16.04.2026
4265
3 дақиқада ўқилади

Оқ уй «олимларнинг сирли ўлими ва ғойиб бўлиши» ҳақидаги маълумотларни текширади

2024 йилдан бери АҚШда камида ўн нафар олим бедарак йўқолган ёки вафот этган ва рўйхат кенгайишда давом этмоқда.

Фото: Daily Mail

АҚШ маъмурияти интернет ва оммавий ахборот воситаларида олимларнинг яқинда вафот этиши ёки ғойиб бўлиши бир-бири ва уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъволарни ўрганади, деб ёзди The Times Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт сўзларини келтирган ҳолда.

2024 йилдан бери АҚШда камида ўн нафар олим бедарак йўқолган ёки вафот этган ва рўйхат кенгайишда давом этмоқда. Ушбу ҳолатларнинг бир-бири билан боғлиқлигини кўрсатадиган далиллар бўлмаса-да, интернетда олимларнинг ғойиб бўлиши ва ўлимини боғлайдиган фитна назариялари тарқалмоқда.

Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда Fox News мухбири Левитт хонимдан ушбу ҳолатлар, шунингдек, бедарак йўқолган ёки ҳалок бўлган олимлар «махфий ядровий ёки аэрокосмик материалларга кириш имкониятига эга бўлгани» ҳақидаги маълумотларга изоҳ беришни сўради. Матбуот котибининг айтишича, Трамп маъмурияти, агар тегишли идоралар буни муносиб деб топса, бу мавзуни ўрганишни ва ҳисобот беришни режалаштирмоқда.

Бедарак йўқолганлар орасида мудофаа корхонасида ишлаган 48 ёшли Стивен Гарсия, Пентагоннинг илмий-техник ривожланиш дастури учун масъул бўлган 68 ёшли истеъфодаги генерал Уилям Нил Маккасланд ва мудофаа ва космик комплексда ишлаган 60 ёшли Моника Реза бор. Лос-Аламос миллий лабораторияси ходимлари Энтони Чавес ва Мелисса Касяс ҳамда Novartis компаниясининг биологи Жейсон Томас ҳам ғойиб бўлган.

NASA тадқиқотчилари 59 ёшли Майкл Девид Хикс, 61 ёшли олим Френк Майвалд, шунингдек, Массачусетс технология институтининг 47 ёшли португалиялик ядро профессори Нуно Лоурейро ва 67 ёшли канадалик астрофизик Карл Гриллмейр ўлими ҳам олимларнинг ғойиб бўлиши билан боғланмоқда.

Ўтган ойда Миссури штати вакили, республикачи конгрессмен Эрик Берлисон илғор тадқиқотлар билан боғлиқ бир қанча олимлар ва ҳарбийларнинг ғойиб бўлишидан чуқур хавотир билдирди. Шунингдек, у ФТБ аралашувини сўраганини ва жавобларга эришиш ниятида эканлигини айтди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид