Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жанубий Кореяда ҳайвонот боғидан қочган бўри 9 кундан кейин топилди
Уни ушлаш жараёнини бутун мамлакат кузатди. Унинг қайтиши умидида ҳайвонот боғида бўриларнинг увиллаши ва томошабинлар учун эълонлар эфирга узатилди, бўри буларга болалигидан ўрганиб қолган эди.
Жанубий Кореянинг Тэжон шаҳридаги O-World ҳайвонот боғида Никку исмли бўри тўсиқ остидан туннел қазиб, қочиб кетишга муваффақ бўлди. Унинг қидирувини деярли бутун мамлакат кузатиб борди. Ҳайвонот боғида эса бўриларнинг увиллаши ва томошабинлар учун эълонлар эфирга узатилди, Никку буларга болалигидан ўрганиб қолган эди.
Тўққиз кундан кейин қочоқ ниҳоят топилди.
Никку - Корея бўриси, Жанубий Кореяда ёввойи табиатда деярли қолмаган деб ҳисобланади.
Тэжондаги O-World ҳайвонот боғининг вазифаларидан бири Корея бўрилари популяциясини тиклашдир. Бунинг учун 2008 йилда Тэжонга Россиянинг Саратов вилоятидан еттита бўри келтирилган. Никку шу бўрилардан бирининг авлоди. У 2024 йил январь ойида ҳайвонот боғида туғилган ва 2026 йил 8 апрелга қадар яшаган. Шу куни бўри тўсиқ остидан туннел қазиб, қочиб кетди. Ҳайвонот боғи ёпилиб, Никкуни қидириш бошланди.
Ҳайвонлар ҳимоячилари бўри ёввойи табиатда омон қолмаслигидан ёки уни тутишга уринганида ўлдирилишидан хавотирда эди: 2018 йилда худди шу боғдан 8 ёшли пума Поронга қочиб кетган ва полиция уни отиб ўлдирган эди.
Қочоқни қидириш
Бўрини қидиришга 300 дан ортиқ полициячи, ўт ўчирувчи ва ҳарбийлар жалб қилинди. Маҳаллий аҳоли уларга ёрдам беришга ҳаракат қилди, аммо барча саъй-ҳаракатлари ҳам самарали бўлмади. Кўпинча дайди итлар қочиб кетган бўрига ўхшатилди.
Қочганининг эртаси куни Никку ҳайвонот боғи яқинидаги термал камераларда кўринди. Аммо қидирув гуруҳи дрон камерасидаги батареяни алмаштираётганда унинг изи яна йўқолди.
Вазият янада мураккаблашди, чунки ҳаво исиши туфайли бўрини тепловизорда фақат тунда кўриш мумкин эди. Никкуни жалб қилиш учун O-World боғи бўри увиллаши ва томошабинлар учун эълонларни ижро эта бошлади - бўри уларни тинглаб улғайган.
13 апрел куни янги далил пайдо бўлди: ижтимоий тармоқларда автомобил чироқлари ёруғида йўлда югураётган бўри тасвирланган видео жойлаштирилди. Лекин бу гал ҳам уни тутиб бўлмади.
Ҳатто Жанубий Корея президенти Ли Чже Мён ҳам ҳолатга изоҳ берди. «Чин дилдан умид қиламанки, қурбонлар бўлмайди ва Никку эсон-омон қайтиб келишини тилайман», деб ёзди у ижтимоий тармоқларда.
Тинчлантирувчи дротик ва ҳайвонот боғига қайтиш
Ниҳоят, 16 апрел куни кечқурун, автомагистрал яқинида бўри кўрилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг, қидирув-қутқарув гуруҳи қочоқни қўлга олиш операциясига тайёрлана бошлади. Тунда улар ухлатувчи транквилизаторларни тайёрлади. Ярим тунда дротик отилди ва Никку қўлга олинди.
Бўрини ҳайвонот боғига олиб боришди, уни ветеринарлар кўрикдан ўтказди: томир уриши ва нафас олиши жойида экан, аммо Никку рентген қилинганда, унинг ошқозонида қармоқ илгаки борлиги аниқланди.
Эҳтиёт чораси сифатида илгак эндоскопия ёрдамида олиб ташланди ва энди бўри O-World ҳайвонот боғида тикланмоқда. Тўлиқ соғайиб кетгунга қадар у бошқа ҳайвонлардан алоҳида сақланади.
Мавзуга оид
13:32 / 14.05.2026
Кореяга ишга юборишдаги йирик схема: Kun.uz бу ҳақда уч йил олдин бонг урган эди
19:26 / 06.05.2026
Жанубий Кореянинг собиқ биринчи хонимига нисбатан ҳукмни оғирлаштирган судья ўлик ҳолда топилди
16:10 / 27.04.2026
Жанубий Корея Ўзбекистонда АТ таълими учун 14 млн доллар грант ажратади
11:20 / 15.04.2026