Ўзбекистон | 20:47
472
2 дақиқада ўқилади

Президент Жанубий Корея билан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди

Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиғилиши доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Ку Юн Чхол бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда Ўзбекистон – Жанубий Корея Алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон президенти Жанубий Корея билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичлари барқарор ўсиб бормоқда. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 12 фоизга ошди. Мамлакатимизда қарийб 1 мингта қўшма корхона фаолият юритмоқда, Корея инвестицияларининг умумий ҳажми 8 миллиард доллардан ошди. Ушбу мамлакат компаниялари учун махсус саноат зонасини ташкил этиш масалалари ишлаб чиқилмоқда.

Корея Эксимбанки ва унинг жамғармалари билан кўп йиллик самарали ҳамкорлик юқори баҳоланди. Улар иштирокидаги лойиҳаларнинг умумий портфели 2 миллиард доллардан ошди.

Кўп тармоқли клиника, кимё маркази ва фармацевтика парки қурилиши давом этмоқда. Бугун Тошкент – Хива йўналишида биринчи “Hyundai Rotem” поезди қатнай бошлади.

Шавкат Мирзиёев устувор йўналишларда янги инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш ва ҳудудлараро алмашинувларни жадаллаштириш муҳимлигини қайд этди. Давлат молиясини бошқариш тизимини рақамлаштиришда Корея томони кўмаклашишига умид билдирилди.

Жорий йил куз ойида Сеул шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Марказий Осиё – Корея” саммити ва бошқа олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид