Ўзбекистонда 086-шаклдаги тиббий маълумотномани онлайн олиш имконияти яратилди, дея хабар бермоқда Ягона интерактив давлат хизматлари портали.
Илгари ушбу ҳужжатни олиш учун тиббиёт муассасасига қайта бориш ва навбатда туриш талаб этилган бўлса, энди бу жараён рақамлаштирилди.
Мазкур маълумотнома қуйидаги шахсларга тақдим этилади:
- ОТМ, лицей ва коллежларга ҳужжат топширувчи абитуриентлар;
- ишга кирувчи номзодлар ва спортчилар;
- судьялик лавозимига тайинланувчилар;
- «Мурувват» ва «Саховат» уйларига йўлланма олувчи кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар.
Маълумотномани олиш учун фойдаланувчи my.gov.uz порталига кириб, «Соғлиқни сақлаш» бўлимига ўтиши, «086-шаклдаги тиббий маълумотномани олиш» хизматини танлаши ва тайёр ҳужжатни юклаб олиши керак бўлади.
Муҳим эслатма: маълумотнома порталда шаклланиши учун фуқаро аввал тегишли тиббиёт муассасасида шифокорлар кўригидан ўтган бўлиши лозим. Шифокорлар хулосаси базага киритилгач, ҳужжатни масофадан туриб олиш мумкин. Хизматдан фойдаланиш мутлақо бепул ва ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмайди.











