Жаҳон | 19:26
1207
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореянинг собиқ биринчи хонимига нисбатан ҳукмни оғирлаштирган судья ўлик ҳолда топилди

Полиция ўлим зўравонлик оқибатида содир бўлганига ишонмаяпти ва версиялардан бири сифатида баландликдан йиқилишни кўриб чиқмоқда.

Фото: REUTERS

Жанубий Кореянинг собиқ президенти рафиқаси Ким Гон Хи коррупция иши бўйича апелляцияга раислик қилган судья Сеулда ўлик ҳолда топилди, деб хабар берди Yonhap.

Судья Шин Чон О жасади Сеул Олий суди яқинидаги гулзорда тунда топилган. Унинг чўнтагида қўлда ёзилган ўлимолди хати бор эди. Хабарда кечирим сўралган, бироқ собиқ биринчи хоним исми тилга олинмагани айтилган.

Полиция ўлим зўравонлик оқибатида содир бўлганига ишонмаяпти ва версиялардан бири сифатида баландликдан йиқилишни кўриб чиқмоқда.

Шин Чон О собиқ биринчи хоним акция нархларини манипуляция қилиш ва қимматбаҳо совғалар олишда айбланган иши бўйича апелляцияга раислик қилган. 2026 йил январь ойида биринчи инстанция суди аёлни 1 йил-у 8 ойга озодликдан маҳрум қилди, апрель ойида апелляция суди жазо муддатини 4 йилга узайтирди.

Олий суд вакилининг айтишича, судья Шин биринчи хоним апелляцияси бўйича ҳукм эълон қилиниши арафасида суд мажлислари трансляцияси туфайли «стресс ҳолатида бўлган».

Ким Гон Хи 2025 йил август ойида ҳибсга олинган эди. У, хусусан, 2200 долларлик Dior сумкасини совға сифатида қабул қилганликда айбланди. Президент маъмурияти Ким Гон Хи сумкани совға сифатида олганини тасдиқлади, бироқ буюм «ҳукумат мулки сифатида фойдаланилиши ва сақланишини» қўшимча қилди. Бундан ташқари, Ким Гон Хи Жанубий Кореядаги BMW дилери собиқ раҳбари билан компания акциялари нархини манипуляция қилиш ва ноқонуний фойда олиш мақсадида тил бириктирганликда айбланган.

Унинг эри, Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёл ҳам 2024 йил 3 декабрда мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилганидан кейин ҳибсга олинди ва 2026 йил февраль ойида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид