Иқтисодиёт | 19:59
1649
5 дақиқада ўқилади

«Бунёдкор» – Ривалдо можароси. Вазият жиддийлашди

Бир пайтлар Луиз Фелипе Сколарини дунёнинг энг кўп маош олувчи мураббийига айлантирган Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби оғир молиявий аҳволга тушиб қолди. Клуб Ривалдо олдидаги қарздорликнинг 2026 йил учун кўзда тутилган 1,5 млн евролик қисмини белгиланган муддатда тўлай олмади. Бразилиялик футболчининг қонуний вакиллари клубдан қарзни бирданига тўлиқ тўлаш, қолган умумий қарз суммасига 10 фоиз миқдорида жарима ва ҳар кечиккан ой учун 1 фоиз устама талаб қиляпти. 

Фото: Бунёдкор ФК

2023 йил 6 ноябрь куни Лозаннадаги Спорт арбитраж суди «Бунёдкор»га собиқ футболчиси Ривалдо олдидаги қарздорликни тўлаш мажбуриятини юклаганди. Кейинчалик 2024 йил 30 март куни клуб расмийлари ва футболчи ўртасида қарз мажбуриятлари миқдорини камайтириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш муддатлари бўйича келишувга эришилади. Ўтган икки йил давомида тўловлар ўз вақтида амалга оширилган. Аммо молиявий муаммо сабабли жорий йил учун ҳисоб-китоб белгиланган муддат, 2026 йилнинг 15 апрелига қадар амалга оширилмаган. Бу эса «Бунёдкор» учун жиддий муаммога айланиши мумкин.

Ривалдо олдидаги қарздорлик қанча?

«Бунёдкор»га Ривалдо учун жами 11 млн 164 минг 398 евро миқдорида пул тўлаш мажбурияти юклатилади. Бунда тўловлар қуйидаги кўринишда амалга оширилиши белгиланди:

  • 2024 йил 1 майгача – 2 008 800 евро;
  • 2025 йил 1 майгача – 2 008 800 евро
  • 2026 йил 1 майгача – 2 008 800 евро
  • 2027 йил 1 майгача – 2 008 800 евро
  • 2028 йил 1 майгача – 2 008 800 евро.

Шунингдек, келишувдаги қарздорликнинг қолган бир қисми қуйидаги кўринишда ёпилиши керак бўлган:

  • 2024 йил 1 майгача – 232 200 евро;
  • 2025 йил 1 майгача – 232 200 евро
  • 2026 йил 1 майгача – 232 200 евро
  • 2027 йил 1 майгача – 232 200 евро
  • 2028 йил 1 майгача – 232 200 евро.

Ўз навбатида, клуб ва футболчи ўзаро келишувга эришади ва умумий қарздорлик суммаси 7 млн 500 минг еврога камайтирилади. Бунда 2 млн 8,8 минг евро ўрнига 1 млн 350 минг (ҳар йилнинг 15 апрелигача), 232,2 минг евро ўрнига 150 минг евро (ҳар йилнинг 10 апрелигача) тўлов қилиниши белгиланади.

Қарздорлик вақтида ёпилмаса, нима бўлади?

«Бунёдкор» клуби ахборот хизматининг маълумотларига кўра, 2026 йил учун тўловларни белгиланган муддатда тўлашнинг имкони бўлмаган.

«Жорий йил учун Ривалдо Ферреира олдидаги қарздорлик бўйича тўловлар 2026 йил 15 апрелга қадар амалга оширилиши лозим эди. Бироқ унга жорий йил учун белгиланган тўловлар футбол клубидаги молиявий қийинчиликлар туфайли ҳозирги кунга қадар амалга оширилмасдан келинмоқда. Жорий йилнинг 6 май куни мазкур футболчининг қонуний вакиллари томонидан «Бунёдкор» футбол клубига расмий огоҳлантириш хати юборилди. Унга кўра, 48 соат ичида белгиланган қарздорликни бартараф этиш сўралган бўлиб, агар қарздорлик ушбу муддатда бартараф этилмаса, ўзаро келишувларда белгиланган қарздорлик бўйича чегирмалар бекор бўлиши, қарздорлик кечиктирилгани учун компенсация ва бошқа тўловлар ундириш юзасидан ФИФАга мурожаат қилиниши баён этилган», дейилади клуб хабарида.

Ривалдонинг адвокатлари юборган хатга кўра, (хат нусхаси Kun.uz’да мавжуд) тўлов ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда қарзнинг қолган қисмини тўлиқ тўлаш, тўланмаган умумий қарз суммасига 10 фоиз миқдорида жарима, шунингдек, тўлов муддати бузилган биринчи кундан бошлаб тўланмаган умумий қарз суммасига ҳар ой учун 1 фоиздан кечиктирилганлик учун устама ҳисобланиши кўзда тутилган.

Бунёдкор ахборот хизматига кўра, юқорида қайд этилган ҳолат бўйича 2026 йил 7 май куни «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти хабардор қилинган.

«Жорий йилнинг 14 май куни мазкур футболчи иши бўйича ФИФА томонидан «Бунёдкор» футбол клубига расмий огоҳлантириш ва жарима қўллаш борасида хат юборилди. Унга кўра, 30 кун ичида Ривалдо Ферреира олдидаги белгиланган қарздорликни бартараф этиш сўралган бўлиб, агар қарздорлик ушбу муддатда бартараф этилмаса, ФИФА томонидан клубга нисбатан трансфер тақиқи қўлланиши баён этилган», дейилади хабарда.

Kun.uz манбасига кўра, «Бунёдкор»нинг йиллик бюджети давлат томонидан ажратиладиган 35 млрд сўмдан иборат. Ривалдонинг 2028 йилгача бўлиб тўланадиган қарзининг 2026 йил учун тўловлари эса умумий бюджетнинг ярмини ташкил этади. Шунингдек, давлат ҳам 35 млрд сўмдан бразилиялик футболчининг қарзини ёпишга рухсат бермаган.

Ўз навбатида, «Ўзбекнефтгаз» ҳам ҳукумат топшириғига асосан 1 январдан футбол клубларини молиялаштиришни бутунлай тўхтатганини қайд этган ҳолда, компания «Бунёдкор»нинг Ривалдо олдидаги қарзини тўламаслигини маълум қилди. Бу қарздорлик клуб мажбурияти экани билан изоҳланяпти. 

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид