Ўзбекистон | 08:41
460
2 дақиқада ўқилади

Доривор ўсимликларни йиғиш фақат ҳақ эвазига амалга оширилади

Ўзбекистонда ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ва техник ўсимликларни йиғиш ҳамда тайёрлаш фақат махсус рухсатнома асосида ва ҳақ эвазига амалга оширилади.

Ҳукуматнинг 2026 йил 15 майдаги 245-сон қарори билан “Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг техник ва доривор хомашёсини, озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, жисмоний ва юридик шахслар ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар объектларидан фойдаланувчи бўлиши мумкин.

Шунингдек, ёввойи доривор ва техник ўсимликлар, шу жумладан озиқ-овқат мақсадларида ишлатиладиган ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш махсус рухсатнома асосида амалга оширилади.

Ҳужжатга мувофиқ, Фанлар академияси мазкур ўсимликларни махсус фойдаланиш тартибида йиғиш ва тайёрлаш захирасини белгилайди.

Бунда ёввойи ўсимликлар ўсадиган ҳудудларнинг умумий майдони камида 0,1 гектар, ўт қопламаси эса камида 10 фоиз бўлиши шарт.

Фанлар академияси ҳар йили 15 апрелгача туман ва шаҳарлар кесимидаги захиралар бўйича хулосани Экология қўмитасига тақдим этади.

Ёввойи ўсимликлардан махсус фойдаланишнинг йиллик квотаси эса ҳар йили 10 майгача Экология қўмитаси раиси буйруғи билан тасдиқланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид