Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оғир касалликка чалинган 10 минг болада жарроҳлик амалиёти давлат ҳисобидан ўтказилади
Президент Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ишлаб чиқилган таклифлар ҳақида ахборот берилди.
Уларга кўра, Қурбон ҳайити муносабати билан кенг кўламли тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Жумладан, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказиш, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари, шунингдек, камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётларини ўтказиш харажатларини қоплаш кўзда тутилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 8 минг нафардан зиёд етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола ҳамда Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ота-она фарзандларининг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул маблағи ўтказилади.

Бундан ташқари, 500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш, шунингдек, жойлардаги қабристонларни обод қилиш ишлари амалга оширилади.
Давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар озиқ-овқат тўпламлари билан таъминланади.
Мазкур чора-тадбирлар “Вақф” хайрия жамоат фондига ажратиладиган 690 миллиард сўм маблағ ҳисобидан молиялаштирилади.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифалари учун эҳсон дастурхонлари ёзиш, зиёратгоҳлар ва диний таълим ташкилотларида қурбонлик тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.
Президент эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, беморларни даволаш ва болаларга кўмак кўрсатиш билан боғлиқ тадбирлар шаффоф ва манзилли ташкил этилиши зарурлигини таъкидлади ҳамда мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Мавзуга оид
20:53
Шавкат Мирзиёев Маккадаги ўзбекистонлик ҳожиларни Қурбон ҳайити билан табриклади
19:26
Шавкат Мирзиёев ЕХҲТ билан кўп қиррали ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
21:20 / 20.05.2026
Ўзбекистонда 27 май – Қурбон ҳайити байрами сифатида нишонланади
19:09 / 20.05.2026