Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Маккадаги ўзбекистонлик ҳожиларни Қурбон ҳайити билан табриклади
Президент 21 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназаров билан телефон орқали мулоқот қилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Давлат раҳбари Макка шаҳрида бўлиб турган барча ҳожиларни Қурбон ҳайити билан самимий табриклаб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, ёшлар бахту саодати йўлида қилаётган эзгу дуо ва илтижолари қабул бўлишини тилади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ҳар йили 15 минг нафардан зиёд ватандош Ҳаж сафарига бормоқда. Бу йил яна бир хайрли ташаббус амалга оширилиб, Ватан ва халқ манфаати йўлида сидқидилдан хизмат қилган меҳнат фахрийлари, уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кам таъминланган оилалар вакилларидан иборат 100 нафар юртдош илк бор давлат ҳисобидан Ҳаж сафарига юборилди.
Президент зиёратчилар саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради, ибодатларни бажариши учун ташкилий ишларнинг бориши билан қизиқди.
Муфтий шайх Нуриддин Холиқназаров Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилаётгани, ташкилий ишлар уюшқоқлик билан ўтаётганини таъкидлади. Бундан қалбида шукроналик ҳисси жўшган юртдошлар муқаддас жойларда туриб, Яратгандан мамлакат тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб дуолар қилаётганини қайд этди.
Суҳбатда мамлакатда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқ қалби, маънавияти ва маърифатига катта ижобий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Имом Бухорий мажмуаси, Ислом цивилизацияси маркази, Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий ва туризм мажмуаси каби яқинда фойдаланишга топширилган масканлар улуғ аждодлар бебаҳо меросини кенг тарғиб этишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Давлат раҳбари ҳаётда кўпни кўрган, дуогўй ҳожилар юртга қайтгач, ислом маърифати ва соғлом эътиқодни халққа, айниқса, ёшларга теран етказишда, маҳаллаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва маънавий муҳитни мустаҳкамлашда намуна бўлишига ишонч билдирди.
Шунингдек, Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, 10 мингдан ортиқ болага мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказиш ва 2 мингга яқин оғир беморларни даволаш учун қўшимча маблағ ажратилиши қайд этилди.
Суҳбат якунида президент барча ҳожиларга салом йўллаб, уларнинг савобли амаллари қабул бўлишини, юртга соғ-омон қайтишини тилади.
Мавзуга оид
19:26
Шавкат Мирзиёев ЕХҲТ билан кўп қиррали ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
21:20 / 20.05.2026
Ўзбекистонда 27 май – Қурбон ҳайити байрами сифатида нишонланади
19:09 / 20.05.2026
Шавкат Мирзиёев турли соҳалардаги бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди
18:09 / 19.05.2026