Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Иккита меҳмонхона қурилишини биламан” - Туризм қўмитаси раиси Бухоро туризм маркази ҳақида
ОАВ вакиллари билан матбуот анжуманида Kun.uz қўмитадан қурилиши тўхтаб қолган Бухоро туризм маркази ҳақида сўради. Раис Абдулазиз Аққуловга кўра, ҳудудда иккита меҳмонхона барпо қилиниши режаланган. Бироқ бу объектлар ЮНEСКО рўйхати ҳамда буфер зонага кирмайди. Лойиҳанинг эгаларидан сўраб билиш керак, дейди у.
Маданий мерос агентлиги яқинда бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Бухоро туризм маркази ҳақидаги саволни жавобсиз қолдирган эди.
Туризм қўмитасининг ОАВ вакиллари билан матбуот анжуманида Kun.uz бу масалани яна бир бор кўтарди. Қўмита раисининг жавоб беришича, лойиҳанинг келажаги ноаниқ эмас ва уни лойиҳага масъулларнинг ўзидан сўраш керак бўлади. Менинг билганим - иккита меҳмонхона қурилиши белгиланган эди, дейди Абдулазиз Аққулов.
- Бугун ўша ҳудуд бузилган, ярим-чала бузилган, атрофи баннерлар билан ўралган ва шу ҳолатда турибди. Бухоро қуруқ, ҳар куни чанг кўтарилади. Нима бўларкан, деган савол актуал. Хўш, мана шу Бухоро туристик маркази нима бўлади ўзи?
”Менимча, бунга ҳам сизга биз қўшимча жавоб берамиз. Ушбу лойиҳа доирасида қурилиши керак бўлган меҳмонхона комплекси бор. У буфер зонасига ҳам, ҳимоя зонасига ҳам кирмайди. Бизнинг хабардор бўлган қисмимиз, иккита меҳмонхона ишга тушиши керак, у ҳимоя зонасида ҳам, буфер зонада ҳам эмас. Мен масъул бўлган йўналиш маъносида айтяпман. Лекин ички комплексда бўлиши керак бўлган ёки қандайдир жараёнлар ҳақида менда маълумот йўқ”, - дейди Туризм қўмитаси раиси.
У сўзини давом эттираркан, лойиҳанинг келажаги ноаниқ эмас, фақат унинг ўз эгалари бор, дея қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, Бухорода бузиш ишлари давом этаётган бир онда Марказий Осиёдаги маданий мерос объектларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар жараёндан хавотирини билдириб, қурилишни тўхтатишни таклиф қилди.
Ҳозир “Боқий Бухоро” этнографик сайёҳлик маркази учун танланган ҳудуд бузилганидан кейин бўшлигича қолмоқда, атрофлари ўраб олинган. Маҳаллий аҳолига кўра, ичкарида унга туташ бошқа биноларни ҳам бузиш-бузмаслик масалалари муҳокамада бўлиши мумкин.
24 апрел куни Маданий мерос агентлиги очиқ мулоқот ўтказаркан, Kun.uz айнан Бухоро бўйича расмийлардан аниқ изоҳ сўраганди. Лойиҳа тўхтаб қолди, бузилишидан аввал режа пухта қилинмаган эдими?
Бироқ агентлик раҳбари Баҳодир Абдикаримов бунга изоҳ бермай, Бухоро бўйича алоҳида матбуот анжумани ўтказилишини билдирди.
“Менинг ўзим ҳам алоқадаман, бу бўйича ҳали алоҳида ўтказамиз”, деди Абдикаримов.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Alerte Heritage архитектура ташкилоти “Боқий Бухоро” этнографик сайёҳлик марказини “беўхшов лойиҳа” деб баҳолаган.
“Ўрта Осиёда энг яхши сақланиб қолган ўрта аср шаҳри ёнида “эски биноларга ўхшаш” реквизитлар қурилиши мумкин. Бундай сохта бинолар Лас-Вегас ёки Макаодаги каби кулгили кўриниши мумкин. Бухоронинг тарихий ўзагига визуал яқинликдаги сохта „Шарқ“ у ердаги фуқароларни бегоналаштириши ва сайёҳларни қўрқитиши мумкин”, дейилади ушбу ташкилот баёнотида.
Расмийлар 470 млн долларга баҳоланган Бухоро туризм маркази “инвестор маблағлари ҳисобидан” амалга оширилишини маълум қилганди.
Кейинчалик айрим манбалар қурилиш ишлари тўхтаб қолишини танланган “инвестор”даги молиявий муаммолар билан боғлаган.
Мавзуга оид
08:32
Ўзбекистон Бухоро ва Қўқондаги тарихий саройларни реставрация қилади
19:09 / 20.05.2026
Шавкат Мирзиёев турли соҳалардаги бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди
17:49 / 19.05.2026
Айрим педагогларга самолёт ва поезд чиптаси учун чегирма берилиши мумкин
23:26 / 14.05.2026